Лондон россиялик спортчиларни 2024 йилги Олимпиададан четлаштиришга уриняпти

Спорт 10:44 / 11.03.2023 16001

10 март, жума куни Буюк Британия ҳукумати 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари ҳомийларига мурожаат қилиб, Халқаро Олимпия қўмитасига (ХОҚ) Россия ва Беларус спортчиларининг мусобақаларда иштирок этишига йўл қўймаслик учун босим ўтказишни сўради. Британия маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт вазири Люси Фрейзернинг тегишли сўрови 2024 йилги Олимпиаданинг 13 та энг йирик ҳомийлари, жумладан Airbnb, Visa ва Samsung компанияларига йўлланган. «Биз биламизки, Россия ва Беларусда спорт ва сиёсат бир-бири билан чамбарчас боғланган, биз бу режимларнинг спортдан тарғибот мақсадларида фойдаланишига йўл қўймасликка қарор қилдик», деб ёзади Фрейзер.

Бундан бир неча соат олдин Литва Сейми барча дунё парламентларини Россия ва Беларус спортчилари ва расмийларига Олимпия ўйинлари ёки бошқа халқаро мусобақаларда, шу жумладан нейтрал байроқ остида иштирок этишига рухсат бериш бўйича ҳар қандай таклифга «ўзининг аниқ ва қатъий норозилигини билдиришга» чақирувчи резолюция қабул қилди. Литва парламентининг барча 109 аъзоси Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий тажовузни тўхтатмагунча чекловларни сақлаб қолиш учун овоз берди. 

Айни пайтда, ХОҚ Россия ва Беларус спортчиларининг Париж Олимпиадасида иштирок этиши бўйича якуний қарори ҳақида ҳалигача бир қарорга келмаган. Январь ойи охирида қўмита баёнот эълон қилди, унга кўра ушбу мамлакатлар спортчилари назарий жиҳатдан икки шарт бўйича мусобақаларга йўл олишлари мумкин. Биринчидан, улар турнирда «нейтрал спортчилар» мақомида иштирок этишлари ва «ҳеч қандай ҳолатда ўз давлатларини ёки ўз мамлакатларидаги бошқа ташкилотни намойиш этмаслиги зарур». Иккинчи шарт - Олимпия Хартиясига тўлиқ риоя қилиш. Бу шуни англатадики, фақат «Украинадаги урушни фаол қўллаб-қувватлаган ҳолда, ХОҚ тинчликпарварлик миссиясига қаршилик қилмаган» ва барча антидопинг қоидаларига риоя қилган спортчилар мусобақаларда қатнашиши мумкин. 

Кўпроқ янгиликлар