Қашқадарёда фермер норозилик сифатида ҳокимият олдига чорва молларини ҳайдаб келди

Жамият 20:10 / 04.03.2023 21601

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи фермер нoрозилик сифатида туман ҳокимлиги биноси олдига чорва молларини ҳайдаб келгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда, фермер хориждан зотдор мол олиб келганини, етарлича ер ажратилмагани учун моллари оч қолгани, масъуллар эса унинг мурожаатларига эътибор беришмаётгани учун шундай йўл тутишга мажбур бўлганини айтган.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Унда айтилишича, ҳодиса 2023 йил 27 феврал куни содир бўлган. Фуқаро Ж.П. акасига тегишли чорва молларини Ғузор туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига ҳайдаб келган.

«Фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Фуқаро жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган мазкур хатти-ҳаракатлари билан  МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган», дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган.

Суднинг 2023 йил 3 мартдаги қарорига кўра ҳуқуқбузар Ж.П.га етти сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 3 октябр куни Ғузор туманидаги “Ғузор қудуқ чорва” фермер хўжалиги раиси Ҳамза Тоштемиров чорва фермер хўжалигида ер майдони мавжуд эмаслиги ва озуқа маҳсулотлари етишмовчилиги туфайли “Халқ банки” Ғузор тумани филиали биноси олдига чорва молларини ҳайдаб борган. Ўшанда унга суд қарори билан БҲМнинг икки баробари миқдорида жарима тайинланганди.

Кўпроқ янгиликлар