Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) 15 фоиздан 12 фоизга туширилишини истеъмол товарлари нархлар даражасига таъсирини ўрганди.
Таҳлил учун ҚҚС тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли миллий супермаркетлар нархлари асос қилиб олинган.
Жумладан, 97 турдаги 3754 та истеъмол товарлари бўйича тўрт ойлик статистика data-scraping йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича декабр ва январ ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябр-декабр ва январ-феврал ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилди.
“Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишга тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабр-январ ойларидаги нархлардаги ўзгариш ноябр-декабр ва январ-феврал ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоиз бандга кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омиллар таъсир кучини тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6 фоизга тушиши керак бўлган нархлар 0,3 фоизга ошган”, – дейилади институт хулосасида.
Институт таҳлилларида нархлар бўйича айрим муҳим фактларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
- 46 та гуруҳ бўйича 1115 та товар нархи ўзгармаган. Масалан болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва бошқалар;
- 20 та гуруҳ бўйича 1306 та товар нархи 1 фоизгача ошган. Булар шоколад, ширинлик, гигиена маҳсулотлари ва бошқалар;
- 12 та гуруҳ бўйича 585 та товар нархи 1-5 фоизга ошган. Масалан кир ювиш кукунлари, мева, гўшт маҳсулотлари, сут ва бошқалар;
- 7 та гуруҳ бўйича 567 та товар нархи (1,6% гача) пасайган, булар канцелярия товарлари, соуслар, кофе ва бошқалар.
Институт таҳлилчилари ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганининг асосий сабаблари қаторига қуйидагиларни киритмоқда:
- Истеъмол товарлари бозорида хуфёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржасини ошишига йўналтирилиши;
- Бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;
- Нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва бошқалар) таъсир кучининг ошиб бориши.
Аввалроқ ПМТИ экспертлари Input-output модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоқлари учун ҚҚС ставкасининг 3 фоиз бандга пасайтирилиши харажатлар камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8 фоиз бандга пасайишига олиб келишини аниқлаган эди. Аммо амалиётда ҳозирча тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.
Аввалроқ, 2023 йилнинг январь ойида жами 1 043 та ариза бўйича 975 та ташкилотга 1 161,9 млрд сўм ҚҚС қайтарилгани маълум қилинди.