«Барса»да чемпионлик графиги, «Реал»да рекордлар. Ҳафта ўйинлари якунлари

Спорт 15:03 / 13.02.2023 34684

Мадриднинг рекордлар китоби

«Реал» — «Ал Ҳилол» 5:3
Голлар: Винисиус (13, 69), Валверде (18, 58), Бензема (54) — Марега (26), Вьетто (63, 79).
Реал – Лунин, Карвахал (Вальехо, 79), Алаба, Рюдигер, Камавинга, Модрич (Начо, 74), Кроос (Асенсио, 74), Тчуамени (Себальос, 62), Вальверде, Бензема (Родриго, 62), Винисиус.
Ал Ҳилол – Ал Маюф, Абдулҳамид, Чжан Ҳён Су, Аль-Булайхи, Халифа Ад Довсари, Каррильо (Майкл Ричард, 75), Куэльяр, Салим Ад Досари (Носир Ад Довсари, 75), Канно, Вьетто (Ал Ҳамдан, 87), Марега (Игало, 86).

Европа ҳамон клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида устунлик қилмоқда, ушбу қитъа вакиллари бу турнирда 2012 йилдан буён совринни бошқаларга бермаяпти, ўшанда Жанубий Америка вакили «Коринтианс» финалда «Челси»ни мағлуб этганди. «Реал» — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги энг муваффақиятли жамоа, мадридликлар шанба куни ўзининг ушбу турнирдаги бешинчи совринини қўлга киритди. Эътиборли жиҳати, бу сафар мадридликлар аввалига Африканинг энг совриндор жамоасини ортда қолдирди, финалда эса — Осиё чемпионлар лигасини рекорд даражада тўрт марта ютиб олган «Ал-Ҳилол»ни мағлуб этди.

Шу билан бирга саудияликлар жамоаси яримфиналда «Фламенго» устидан қозонилган сенсацион ғалаба билан чекланмасдан, финал ўйини расмиятчилик бўлиб қолмаслиги учун барча ишни қилишди. Винисиус Жуниор ва Вальверденинг биринчи бўлим бошидаги голларига ҳимоячилардан қочиб кетган Марега жавоб қайтарди. Аммо «Реал» керакли вақтда ўйинни кучайтириб, натижага эришиши кўриниб турганди. Буни Винисиуснинг ажойиб паси ва сафга қайтган Бензема тўпни дарвозага тўғрилаб қўйиши ҳам намойиш этиб берди.

Энди ўйинни якунлаб қўйиш қолганди. Аммо қолган вақт зерикарли кечмади, балки жамоалар Работдаги стадионда йиғилган мухлислар учун очиқ футбол намойиш этиб беришди. «Қироллик клуби» мухлислари учун ҳам, аргентиналик Вьеттонинг дубли хушнуд этган «Ал-Ҳилол» мухлислари учун ҳам. Чемпионлар эса рекордлар китобини қайта ёзишди. Бу турнирда «Бавария» билан ҳам ғолиб чиққан Кроос энди олти карра чемпион. Карло Анчелотти эса — клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч марта ғолиб бўлган илк мураббийга айланди.

Англия: «Арсенал» ва «Челси» яна очко йўқотди

«Арсенал» – «Брентфорд» 1:1
Голлар: 1:0 – 66 Троссар, 1:1 – 74 Тоуни.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко, Жака (Фабиу Виейра, 81), Парти, Эдегор, Сака, Нкетиа, Мартинелли (Троссар, 62).
Брентфорд – Райя, Роэрслев, Ми, Айер, Пиннок, Генри, Нергор, Йенсен, Янелт (Дасилва, 71), Тоуни, Мбемо (Висса, 71).

Ўтган турда «Эвертон» билан баҳсда ўзига ўхшамаган ва мағлубият билан қайтган «канонирлар» бу сафар ўз майдонида илк дақиқалардан «Брентфорд» дарвозасини штурм қилди. Фақат «асаларилар» ҳам рақиб мудофаасига мунтазам равишда таҳдид солиб турди. Эпизодлардан бирида меҳмонлар урган гол қоидабузилиши туфайли ҳисобга олинмади. Бошқа бир вазиятда Тоуни бир неча метрдан туриб йўллаган зарба устун ва тўсин кесишмасига борди ва ўйин давомида Рамсдейл учун бу каби ёқимсиз вазиятлар кўп бўлди. Ва бу нормал ҳолат, бу мавсумда Томас Франк жамоаси «кучли олтилик» жамоаларига қарши ўйинларда уч ғалаба ва уч дурангга эришган.

Бу ўйинда «Брентфорд»нинг асосий форварди икки-уч гол уриши ҳам мумкин эди. Аммо Тоуни фақат «Арсенал» Саканинг саъй-ҳаракатлари эвазига Троссар Лондон клубида илк голини урганидан кейин аниқ ҳаракат қилди. Томонлар ўйинда биттадан гол билан кифояланишди. Микел Артета жамоасида локал бўлса ҳам инқироз юзага келган. Мухлислар жамоанинг асосий ҳужумчиси Жезус майдонга қайтишини кутишмоқда. Бу ҳафта «Эмирейтс»да «Сити»га қарши ҳал қилувчи баҳс бўлиб ўтади.

«Вест Ҳэм» – «Челси» 1:1
Голлар: 0:1 – 16 Жоау Фелиш, 1:1 – 28 Эмерсон.
Вест Ҳэм – Фабианьски, Цоуфал, Огбонна, Керер, Агерд (Жонсон, 80), Эмерсон, Райс, Лукас Пакета (Соучек, 14), Антонио (Ингз, 67), Бенраҳма (Даунс, 67), Боуэн.
Челси – Аррисабалага, Жеймс, Тиаго Силва, Бадьяшиль, Кукурелья (Чилуэлл, 67), Лофтус-Чик (Галлаҳер, 79), Мудрик (Зиёш, 67), Фернандес, Хавертц, Жоау Фелиш, Мадуэке (Маунт, 68).
Огоҳлантиришлар: Цоуфал (55), Бадяшил (64).

Барчасини кадрлар ҳал қилиши ҳақидаги ибора Лондон дербисининг дастлабки қисмини ифодалаш учун идеал даражада мос келади. «Вест Ҳэм» сафида жамоанинг ижодкор футболчиси Лукас Пакета жароҳат олиб сафдан чиқди, «Челси»да эса дисквалификация муддати якунланган Жоау Фелиш майдонда эди. Аввалига португалиялик футболчи офсайддан гол урди, аммо у иккинчи уринишда мақсадга эришди — Энцо Фернандеснинг ажойиб диагонали гол билан якунланди.

Амалда бу кўкларнинг янгиланган версияси намунаси эди, Грэм Поттер қишда таркибга қўшиб олинган футболчиларнинг беш нафарини бошланғич таркибда туширди. Ёзда харид қилинган Кукурелья билан бирга Тодд Боэли даврида клубда пайдо бўлган футболчилар сони олти нафар эди. Аммо «Челси»нинг эски муаммолари ҳеч қаерга йўқолмаган ва меҳмонлар собиқ футболчиси Эмерсондан салом қабул қилиб олди, у Боуэннинг олис устун томон йўллаган узатмасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди.

Вазият янада ёмонроқ тус олиши мумкин эди, «болғачилар» ўйин охирида босим уюштиришди - стандартдан йўлланган зарбадан кейин Соучекнинг қайтган тўпга берган зарбаси дарвоза тўридан жой олди. Кўкларни биринчи зарбани йўллаган Райс офсайдда бўлгани қутқариб қолди. Дуранг натижа икки клуб учун ҳам қониқарсиз: «Вест Ҳэм» ҳамон турнир жадвалининг қуйи қисмида, қаторасига учинчи ўйинда очколарни рақиб билан бўлишишга рози бўлган «Челси» — ҳамон экваторда қолмоқда.

«Лестер» – «Тоттенҳэм» 4:1
Голлар: 0:1 – 14 Бентанкур, 1:1 – 23 Менди, 2:1 – 25 Мэддисон, 3:1 – 45 Иҳеаначо, 4:1 – 81 Барнс.
Лестер – Уорд, Кастань, Фас, Суттар, Кристиансен, Менди (Ндиди, 69), Мэддисон (Рикарду Перейра, 88), Барнс, Дьюзбери-Ҳолл, Иҳеаначо (Варди, 77), Тете (Прат, 77).
Тоттенҳэм – Форстер, Порро (Эмерсон, 75), Дайер, Дэвис, Танганга (Санчес, 76), Перишич (Ришарлисон, 75), Ҳейбьерг, Бентанкур (Сарр, 65), Кулусевски (Данжума, 79), Сон Хин Мин, Кейн.

Ўтган турда «Тоттенҳэм» «Манчестер Сити»ни мағлубиятга учратганди, аммо «Лестер» майдонида муваффақиятсизликка учради. «Тулкилар» Бентанкурнинг голига икки дақиқа ичида иккита аниқ зарба билан жавоб беришди, барчаси Менди жарима майдонидан узоқлаштирилган тўпни эгаллаб олиб, жарима майдони чизиғи яқинидан туриб «тўққизлик»ни аниқ мўлжалга олиши билан бошланди. Кейинги вазиятда эса лондонликлар ҳимоядан чиқишда прессинг остида тўпни йўқотишди ва чап қанотда бўш қолдирилган Мэддисон осонлик билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бу вазиятда уни голли пас билан таъминлаган Иҳеначо бўлим охирида ҳимоячиларни финтлари билан доғда қолдириб, айланма зарбаси билан жамоасининг учинчи голини урди. Антонио Конте жамоаси эса ҳеч нарса таклиф эта олмади — борган сари жамоанинг ЕЧЛга йўлланма берувчи ўринлардан бирини эгаллаши имкони камаймоқда.

«Борнмут» — «Ньюкасл» 1:1
Голлар: Сенеси (30) — Алмирон (45+2).
Борнмут – Нето, Смит (Фредерикс, 79), Стивенс, Сенеси (Мифем, 53), Земура, Лерма, Биллинг, Траоре, Уаттара (Семеньо, 79), Соланке, Энтони (Тавернье, 63).
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Шер, Ботман, Берн, Лонгстафф, Уиллок (Гордон, 36), Альмирон (Мерфи, 81), Сен-Максимен (Андерсон, 84), Жоэлинтон, Исак.
Огоҳлантиришлар: Гордон (60), Смит (74), Ботман (87), Жоэлинтон (90+5), Стивенс (90+7).

Ноябр ойидан буён ғалаба нелигини билмаган ва турнир жадвали қуйи қисмида жойлашган «Борнмут» эса «Тоттенҳэм»нинг кайфиятини бироз бўлса-да яхшилади. Аутсайдер АПЛда энг ишончли мудофаага эга бўлиб турган «Ньюкасл» ҳимоячиларини бурчак зарбасини аъло даражада ижро этган ҳолда доғда қолдирди. «Қарғалар» эса биринчи бўлимни нурсиз ўтказишди, аммо барибир бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда қайтган тўпга етиб келган Алмироннинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида вазият ўзгармади ва барчаси ўйинга мос ҳисоб билан якунланди, қаторасига учинчи дурангдан кейин ҳам Эдди Ҳау жамоаси захирада бир ўйини бор ҳолда 4-ўринда жойлашган ва «Тоттенҳэм»ни икки очколик фарқ билан ортда қолдирмоқда. «Борнмут» 18 очко билан 19-ўринда.

«Лидс» – «Манчестер Юнайтед» 0:2
Голлар: 0:1 – 80 Рэшфорд, 0:2 – 85 Гарначо.
Лидс – Мелье, Эйлинг, Вебер, Кох, Фирпо, Адамс, Харрисон (Ааронсон, 73), Маккенни (Гринвуд, 86), Бэмфорд (Рюттер, 58), Саммервилл, Ньонто.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Диогу Далот (Уан-Биссака, 73), Магуайр, Шоу, Маласиа (Мартинес, 61), Забитцер, Фред, Бруну Фернандеш, Вегорст, Рэшфорд, Санчо (Гарначо, 61).
Огоҳлантиришлар: Фирпо (18), Фред (21), Маккенни (40).

Жесси Марш истеъфога чиқарилганидан кейин ўтказилган илк ўйинда «Лидс» «МЮ»ни дадил футболи ва «Олд Траффорд»даги дуранг (2:2) билан шокка туширганди. Бу биринчи даврадан қолдирилган ўйин эди, тўрт кун ўтиб рақиблар яна учрашишди ва «Элланд Роад» яна бир бор Ньонтонинг тезкор голи билан меҳмонларни доғда қолдириши мумкин эди. Аммо ушбу италиялик ёш истеъдод соҳиби тўпни бироз юқорироқдан ўтказиб, Де Хеани кечирди. Майдоннинг нариги тарафида эса Мелье Бруну Фернандеш билан яккама-якка вазиятда ғолиб чиқди. Умуман олганда, биринчи бўлимда меҳмонлар тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка эришди.

Шу билан бирга, меҳмонлар яққол кучли эди деб бўлмайди. Аксинча, бу сафар ҳам голли дуранг қайд этилиши мумкин эди, Де Хеа сейвлар сони борасида Мельедан устунлик қилди. Бу сафар ҳам Рэшфорд савиядаги фарқни кўрсатиб берди ва Шоунинг узатмасига офсайд чизиғида очилиб, боши билан тўпни дарвоза тўрига йўллади. Ўйиндаги якуний натижани эса захирадан ўйинга қўшилган Гарначо ўрнатди. 18 ёшли аргентиналик — АПЛда энг самарали жокер бўлмоқда, у захирадан тушиб 2 гол ва 2 узатма муаллифи бўлган.

Энди Алфред Шредер «Лидс»ни лигада сақлаб қолиш вазифаси билан шуғулланиши керак бўлади. Бу «Аякс»да Эрик тен Ҳагнинг ўрнини эгаллаган, футболчиларнинг кўпчилик қисмини ўзига қарши қилиб қўйган ва амстердамликлар учун шармандали даражада етти ўйиндан иборат ғалабасиз сериядан кейин ишдан  бўшатилган мутахассис. Унинг даврида ЕЧЛ йўлланмасисиз қолиш ёқасига келиб қолган жамоа Жон Ҳейтинга бошқарувида қаторасига уч ўйинда ғолиб бўлди ва бу ўйинларда 12 та гол урди.

«Манчестер Сити» – «Астон Вилла» – 3:1 
Голлар: 1:0 – Родри (4), 2:0 – Гундўған (39), 3:0 – Маҳрез (45+1, пенальти), 3:1 – Уоткинс (61).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Лапорт, Диаш (Аканжи, 46), Уокер, Гундўған, Родри, Грилиш, Бернарду Силва, де Брюйне, Маҳрез, Ҳоланд (Алварес, 46).
«Астон Вилла»: Мартинес, Динь, Чемберс, Конса, Янг, Буэндиа, Дуглас Луис, Камара, Рэмзи, Бэйли, Уоткинс.

«МЮ» бир неча соатга иккинчи ўринда турди — «Сити» ўйини якунигача. Гвардиола шогирдлари «Астон Вилла»га ўз жойини кўрсатиб қўйди. Ўйиндаги биринчи бурчак зарбаси ижро этилган маҳалда шу кунларда ЕЧЛда ғолибликка даъвогар клуб сафида ўйнашга тайёрлиги муҳокама этилаётган Эмилиано Мартинес Родрининг яқин бурчагига йўллаган зарбасини ўтказиб юборди. Ҳалиям меҳмонларнинг омади келди, Ҳоланднинг голи видеотакрордан кейин дарвозабонга ишлатилган қўполлик туфайли бекор қилинди.

Амалда бу деярли ҳеч нарсани ўзгартирмади, норвегиялик футболчи бу сафар ҳам гол ура олмаган бўлса-да, унинг Гундўғанга узатмаси трибунадагилар томонидан олқишланди. Энди бутун Англия чоршанба кунини кутмоқда, шу куни «Сити» «Арсенал» меҳмони бўлади. Хосеп Гвардиола жамоаси  энди пешқадамдан уч очко ортда қолмоқда, шу билан бирга лондонликларда бир захира ўйини ҳам бор.

Испания: Депай Симеонени бахтиёр қилди

«Хетафе» – «Райо Вальекано» 1:1
Голлар: 0:1 – 38, автогол Арамбарри, 1:1 – 77 Унал.
Хетафе – Сория, Дуарте, Альдерете, Альварес, Вильяр (Мунир, 46), Аленья, Арамбарри (Сеоане, 90), Милья (Альгобия, 26), Порту, Унал, Майораль (Латаса, 74).
Райо Вальекано – Димитриевски, Балиу (Эрнандес, 53), Лежен, Катена, Фран Гарсия, Трехо (Унаи Лопес, 68), Гарсия (Чаваррия, 83), Паласон, Комесанья (Сисс, 68), Оскар Валентин, Камельо (де Томас, 83).
Четлатиш: Аленья (54).

«Райо Вальекано» кишибилмас турнир жадвали юқори қисмига чиқиб олди ва нафақат еврокубок ўринлари, балки ЕЧЛ ўринлари учун ҳам даъво қила бошлади. Ўтган турдан кейин сўнгги тўрт ўйинидан учтасида ғолиб бўлган «асаларилар» бешинчи ўринга жойлашганди, аммо турнир жадвалининг бу қисми шунчалик тиғизки, шанба кунги ўйинлардан кейин Андони Ираола жамоаси «Атлетик» ва «Бетис»ни олдинга ўтказиб юборганди.

«Райо» яна ўз ўрнига қайтадигандек эди, чунки якшанба куни «Хетафе»да қора кун рўй берди. Биринчи бўлимда мезбонлар Арамбаррининг автоголи туфайли ҳисобда ортда қола бошлади. Танаффусдан кейин эса майдонга энди чиққан Мунирнинг саъй-ҳаракатларидан кейин «Райо» ҳимоячиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади, аммо Борха Майоралнинг 11 метрлик нуқтадан берган зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Кўп ўтмай майдон марказидаги фол учун Аленя иккинчи сариқ карточкани олгач, «Хетафе» бир киши кам бўлиб қолди.

Яна бир вазиятда меҳмонлар ҳимоячиси Лежен дарвозага кириб кетаётган тўпни тўсин остида боши билан узоқлаштириб юборди ва шу билан «Райо»нинг омади келиши тўхтади. Кейин Димитриевски қўпол хатога йўл қўйди: дарвозабон тўпни узоқлаштирмоқчи бўлганида тўп йўлидан чиққан Уналга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Ўйин охирида эса энди «Райо» пеналтидан гол уролмади, Раул де Томаснинг зарбасини Сория ушлаб олди.

«Сельта» – «Атлетико» 0:1
Гол: Депай, 89
Сельта – Вильяр, Мингеса, Тапия, Айду, Галан, Де Ла Торре, Бельтран, Вейга, Карлес Перес, Аспас, Ларсен.
Атлетико – Облак, Молина, Савич, Эрмосо, Рейнилду, Коке, Де Поль, Барриос, Льоренте, Гризманн, Мората (Депай, 61).
Четлатиш: Савич, 70.

«Райо»нинг дуранги «Атлетико» учун совға бўлди, аммо Карлуш Карвальяла келганидан кейин «Сельта»нинг ўйини буткул ўзгарган. Аввалги турларда галисияликлар кучли тўртлик учун курашаётган «Атлетик» (1:0) ва «Бетис»ни (4:3) мағлубиятга учратганди. Шу туфайли «матрасчилар»га ҳам осон бўлмаслиги олдиндан аён эди. Амалда ҳам Яго Аспас доимий равишда меҳмонлар дарвозасига хавф солиб турди, иккинчи бўлим бошида эса Облак унинг зарбасидан кейин тўпни қўлидан чиқариб юбориб, дарвоза тўрига юмалаб кетаётган тўпни чизиқ устидан қайтаришга улгурди.

Кейин Савич жарима майдонига киришга уринган Сеферовични йиқитди ва мадридликлар камчилик бўлиб қолишди. Аспаснинг белгиланган жарима зарбасидан йўллаган тўпи «жонли девор» устидан ўтиб, тўсинга тегди. Мезбонлар ҳужумлар уюштириш ва зарбалар беришда давом этди, Облак эса Рейнилдо ўз дарвозасига йўналтириб юборган тўпни тўсиб қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди. Бу бурилиш палласи бўлиб чиқди, шундан кейин Феррейра-Карраско ташаббусни қўлга олди ва унинг зарбасидан кейин тўп дарвозабон ҳудудида турган Депайга етиб борди, нидерландиялик ҳужумчи йиқилаётган ҳолда тўпга зарба берди ва Мадрид жамоасидаги илк голини нишонлади. 

Вильярреал – Барселона 0:1
Гол: 0:1 – 18 Педри.
Вильярреал – Рейна, Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Альберто Морено (Тригерос, 83), Коклен (Чуквуэзе, 36), Алекс Баэна (Мохика, 83), Капу, Парехо, Пино, Моралес (Фер Ниньо, 83).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Кристенсен, Араухо, Бальде, Кессиэ (Альба, 89), де Йонг, Педри, Гави, Левандовски, Рафинья (Ферран Торрес, 81).
Огоҳлантиришлар: Пау Торрес (37), Араухо (43), Алекс Баэна (49), де Йонг (56), Кунде (58), Парехо (62), Альберто Морено (71), Рафинья (81).

«Барселона»да муваффақиятсизликка учраган Кике Сетьен кўк-анорранглиларга қарши ўйин ўзи учун шунчаки навбатдаги ўйин бўлишига ишонтирди. Табиийки, «Вильярреал» мураббийи буни шунчаки расмиятчилик учун айтди, аммо амалда ҳам у каталонларга ёқимсиз сюрприз кўрсата олмади. Бунинг учун «сариқ субмариналар» жамоаси ўз вазиятларини қадрлаши керак эди, Моралес эса биринчи бўлим охирида қулай вазиятни йўққа чиқарди. Мезбонларнинг ҳужумдаги яна бир вакили Пино эса Араухо томонидан тўлиқ қуролсизлантирилди.

Қолаверса, майдон марказида Коклен жароҳат олиб, биринчи бўлимдаёқ сафдан чиқди. «Барса»га эса иккита вазият етарли бўлди. Биринчисида Левандовски Рейнани алдай олмади, поляк ҳужумчиси билан девор услубида ўйнаган Педри ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда Рафинья қулай вазиятдан фойдалана олмагач, «Вильярреал»да имкон сақланиб қолди. Аммо ўйин охирида рақиб дарвозаси штурм қилинганига қарамай, ҳисоб ўзгармади. Хави жамоаси 21 турдан етти ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, бунақаси охирги бор 1985/86 йиллар мавсумида кузатилганди. Энди жамоа асосий таъқибчиси «Реал»дан 11 очко олдинда бормоқда.

Кўпроқ янгиликлар