ХОҚ раҳбари Киевни Олимпиадани бойкот қилиш таҳдиди учун танқид остига олди

Спорт 11:35 / 10.02.2023 25876

Россия ва беларуслик спортчиларнинг Париждаги Олимпиада ўйинларидаги иштироки Халқаро олимпия қўмитасида (ХОҚ) ҳали муҳокама қилинмаган, шунинг учун Украина расмийлари томонидан 2024 йилги Олимпиада ўйинларига бойкот эълон қилиш ҳақидаги таҳдидлар «ўринсиз», деб маълум қилди ташкилот раҳбари Томас Бах Украина спорт вазири ва Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раҳбари Вадим Гутцайтга йўллаган мактубида. Ҳужжатдан иқтибослар 9 февраль, пайшанба куни Reuters томонидан келтирилган.

Бахнинг сўзларига кўра, Украина расмийларининг Россия ва Беларус спортчилари ҳатто нейтрал байроқ остида ҳам Олимпиада ўйинларида қатнашишига йўл қўймаслик ҳақидаги чақириқлари ва Украина томонидан ўйинларни бойкот қилиш ҳақидаги огоҳлантиришлар «Олимпия ҳаракатининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланмайди».

Амалдор Украина МОҚ томонидан ХОҚ билан боғлиқ турли органларга юборилган тегишли хатларни «босим» ва «қарорлар қабул қилинишига оммавий таъсир кўрсатишга уриниш» деб атаган, буни у «афсус билан» қабул қилгани билдирилган. Бундан ташқари, Бахнинг таъкидлашича, турли давлатлар томонидан Олимпия ўйинларининг аввалги бойкотлари «ўз сиёсий мақсадларига эришмаган» ва тажриба шуни кўрсатадики, улар фақат спортчиларнинг ўзига зарар етказади ва бу Олимпия хартияси тамойилларини бузишдир.

Январь ойида Париж мэри Анн Идальго россиялик ва беларуслик спортчиларни мусобақадан маҳрум қилмаслик учун нейтрал байроқ остида Олимпия ўйинларида иштирок этишга рухсат бериши мумкинлигини айтган эди. Аммо февраль ойи бошида у ўз фикрини ўзгартириб, бундай муросани «номақбул» деб атади.

Расмийнинг сўзларига кўра, Россия ва Беларус спортчиларининг Париждаги ўйинларда иштирок этиши Россиянинг Украинага қарши уруши тўхтатилган тақдирдагина мумкин. «Бошқа давлатга ҳужум қилган давлатга ҳеч нарса бўлмагандек гапиришга ва Украинага бомбалар ёғаётган бир пайтда делегациянинг Парижга келишига рухсат бериш мумкин эмас», деди у.

Россия ва беларуслик спортчиларнинг Олимпиадада иштирок этиши борасида мунозаралар декабрь ойида, ХОҚ бу фикрни билдирганидан сўнг ва АҚШ Олимпия қўмитаси уни қўллаб-қувватлаганидан кейин давом этди.

Орадан кўп ўтмай, Литва, Латвия, Эстония ва Полша тажовузкор давлат ва унинг шериги спортчиларининг ҳатто нейтрал байроқ остида ҳам халқаро мусобақаларда иштирок этишини қабул қилиб бўлмайди, деб эълон қилди. Украинанинг позициясини Буюк Британия ва Скандинавия давлатлари ҳам қўллаб-қувватлади.

Бах Халқаро олимпия қўмитасининг вазифаси «бутун дунёда барча спортчиларни бирлаштириш» эканлигини таъкидлади, бироқ Украина президенти Володимир Зеленский «Олимпия тамойиллари ва уруш бир-бирига тубдан зид», деб жавоб берди.

Кўпроқ янгиликлар