ОТБ Ўзбекистонга иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 млн доллар ажратишни маъқуллади

Иқтисодиёт 13:22 / 09.02.2023 20814

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарув тизимини такомиллаштириш учун 150 миллион доллар миқдорида кредит ва 400 минг доллар грант ажратишни маъқуллади, деб ёзмоқда Gazeta.uz банк матбуот хизматига таяниб. 

ОТБнинг 2-босқич Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастурининг биринчи кичик дастури давлат сектори бошқаруви ислоҳотларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради ва чуқурлаштиради.

Дастур Ўзбекистон ҳукуматига ҳуқуқий, меъёрий ва институционал базани ислоҳ қилишда кўмак беради. У молиявий бошқарувнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, давлат корхоналарини бошқариш ва фаолиятини яхшилаш, шу жумладан рақобатни рағбатлантириш мақсадида монополияга қарши тизимлар ҳамда мустаҳкам коррупцияга қарши курашиш ва аудит тизимлари орқали давлат сектори масъулиятини оширишга қаратилган.

Биринчи кичик дастур доирасидаги ислоҳотлар фискал рисклар ва давлат қарзларини бошқаришни кучайтириш, гендерга жиҳатлари ва «яшил» бюджет орқали давлат ресурсларини тақсимлашни такомиллаштиришга қаратилган. Бундан ташқари, улар ахборот технологиялари асосида солиқ маъмуриятчилиги орқали «ички ресурсларни сафарбар қилишни яхшилаш»ни мақсад қилган. Ислоҳотлар, шунингдек, ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтиради, коррупцияга қарши курашиш ва аудит тизимлари самарадорлигини оширади.

Дастур Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ҳам қўллаб-қувватлайди. «Аниқ миллий режа ҳукуматга Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, инфратузилмани модернизация қилишга ва ишчи кучини «яшил» иш ўринлари учун зарур бўлган кўникмаларга ўқитишга ёрдам беради», деб таъкидлаган ОТБ.

«Давлат сектори инвестициялари учун фискал майдонни яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантиришда қулай муҳит яратиш учун монополияга қарши тизимларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда давлат корхоналарининг молиявий шаффофлигини, корпоратив ва профессионал бошқарувини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга», деди ОТБнинг давлат бошқаруви бўйича бош иқтисодчиси Чидем Акин.

400 минг долларлик техник ёрдам гранти ўз навбатида ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради.

Кўпроқ янгиликлар