“Ишонасизми, ҳеч ким овқат емай қўйди, томоқдан егулик ўтмай қолди”
Зайнаб Тўрамуродова, Истанбулда яшовчи самарқандлик ватандош:
— Отам ўлганда бунчалик йиғламагандирман, онам ўлганда бунчалик йиғламагандирман. Бу зилзила ҳақида эшитганимдан бери кўзимдан ёшим тинмайди. Туркия, Сурия халқи учун катта синов бўлди бу офат. Биринчи таъсирли ҳолат – шундай оғирли кунларда ҳаво ҳам ғалати. Кучли шамол, гумбурлаган чақмоқ, қор ёғяпти. Биз яшайдиган Истанбулда бу кам учрайдиган ҳолат. Талафот кўрган ҳудудларда эса жуда совуқ.
Биз яшайдиган маҳалла аҳли ҳам тезкор ёрдам тўплашга киришди, спорт заллари нарсаларга тўлиб кетди. Бир танишим бор, улгуржи сабзавот сотади. У биринчи куниёқ ишини тўхтатиб, катта юк машинасини тўлдириб, ўша ёрдамга тўпланган нарсаларни олиб йўлга тушди. Вақтида кетган экан, кейинчалик зилзила ҳудудлари ёпиб қўйилганини, зарур нарсалар ҳаво орқали ташилаётганини ҳам эшитдик.
Ҳеч ким овқат емаяпти. Бу ерларда қапичи деб аталувчи хизматчилар бор. Уйларга келиб нима овқат ейишингни сўрайди ва тайёрлаб келтиради. Келади, ҳеч нарса керакмас, деб жавоб бераман. Бугун ёнимга ўтирди ва шундай деди: “Ишонасанми, бирор киши бирорта нон ҳам буюртма қилмаяпти. Ҳеч ким овқат емай қўйди”. Чиндан ҳам бирор кишининг томоғидан егулик ўтмай қолди. Битта нонга пули бор одам ҳам кўзи қиймай шу пулини жамғармаларга ўтказяпти. Қизил ярим ой жамиятига пул йиғиляпти, ким нима топса ташлаяпти. Соғ бўлишсин, ўзбекларимиз ҳам қўлларидан келганича ёрдам беришяпти.
Энг таъсирли нарса – қон қабул қилиш тўхтатилди. Шунчалик кўп топширилганки, қон жуда кўпайиб кетган. Кўнгилли бўлиб боришни истовчилар ҳам жуда кўп. Икки ўғлим бориб ёрдам бериш учун кўнгиллилар сафига ёзилишди. Навбат кутишяпти, ёрдам берадиганларнинг ҳам ярайдиганларини текшириб олиб кетишяпти.
Нон оладиган пулимизга ҳам кўзимиз қиймаяпти, бир тийинимиз бўлса, бир тийин жўнатяпмиз... Ҳамма шунақа, фақат биз эмас. Ҳеч ким томошабин бўлиб тургани йўқ. Биронта одам йўқ тинч ўтирган.
Малатиялик қўшнимиз бор, ота-онаси, укаси, икки боласидан хабар ололгани йўқ. Хабар йўқ, дод, деб йиғлайди.
Туркияга биринчи келганимда Искандарунда ишлаганман, бир қизчага қараганман. Ҳозир у институтга борди, ўз қизимдек бўлиб қолган. Бир кун давомида боғланишга уриндик ва бир амаллаб боғландик. Чодирда яшашяпти экан, соғ эканлар. Лекин зилзила тинмаяпти экан, чодир ҳам бешикдай тебраняпти экан.
Бир танишимиз: “Опа, шунчалик безовта бўлсангиз, Ўзбекистонга қайтиб борсангиз бўлмайдими?” деди. Мен тўрт нафар етимим билан бу юртларга келганман. Болаларимни шу юрт пули билан оёққа қўйдим. Энди улар катта бўлиб, бир-икки сўм топганларида, кимнингдир оғир кунига ярайдиган бўлганларида олиб кетаманми?
Уйимиздан битта хонани бўшатиб қўйдим ва талафот ҳудудидан келганларни жойлаштиришга ариза бериб келдим. Болали аёллар, қизлар бўлса олардим. Қоним бўлса қоним, жоним бўлса жонимни беришга тайёр бўлиб турибман.
“Совуқда вайроналар остида одамлар қолиб кетганини тасаввур қилишнинг ўзи оғир”
Аброр Машарипов, Анқарада яшовчи ватандош:
— Жудаям оғир... Катта мусибат бўлди. Ҳолатлар кўрсатилган расмлар, видеоларни кўриб, йиғлаб юборади киши. Айниқса, ҳозир қиш кунлари, совуқда вайроналар остида одамлар қолиб кетганини тасаввур қилишнинг ўзи оғир. Фалокат кўлами шунчалик каттаки, давлат ресурслари, имкониятлари етмаслиги аниқ. Туркияда 81 та вилоят бўлса, шуларда 10 тасида вайронагарчиликлар бор. Шунинг учун ҳам Туркия халқаро ёрдам сўрашга мажбур бўлди.
Минглаб бинолар вайроналари орасидан одамларни қидириб топиш керак. Афсуски, вақт ўтган сари умид ҳам камайиб боради. Совуқ ҳаво, оғир шароит одамларнинг кайфиятига ҳам таъсир қилган.
Аммо халқ бирлашди. Кўнгиллилар йиғилиб, офат бўлган ҳудудларга кетишяпти, ёрдамлар йиғиляпти. Ҳар ким қўлидан келганча ёрдам қиляпти. Ўзбеклар ҳам қараб тургани йўқ. Анқарада ёрдам компанияси ташкиллаштирилди ва имкон қадар ҳаракат қилишяпти.
Ижтимоий тармоқларда турклар қурган уйлар сифатсиз экан, деган мазмундаги ҳар хил гап-сўзларни кўряпман. Мутахассис эмасман, бу борада бирор нима деёлмайман, лекин баъзи сайтларда ўқидимки, олимлар бу зилзила ростдан ҳам жуда вайронкор кучга эга эканини айтишган. Умуман, бу нарсалар биз баҳо берадиган нарсалар эмас, мутахассисларга қўйиб бериш керак. Айни ҳолатда Туркия ва Японияни солиштириш ҳам хато, чунки Япония нисбатан ривожланган барибир. Зилзила бўлган ҳудудлар эса иқтисодий жиҳатдан кучли ҳудудлар эмас, шунинг учун эски бинолар кўп.
Баъзилар туркларни айблашга ҳам ўтишган. “Туркларни гуноҳлари учун Аллоҳ жазолаяпти”, деган гапларни ҳам эшитдим. Бу – ҳеч қандай инсонийликка тўғри келмайдиган ҳолат. Аввало, ҳар биримиз ўз гуноҳларимиз ҳақида ўйлаганимиз дуруст. Офат келса, яхши-ёмонни танлаб ўтирмайди. Ижтимоий тармоқда ёзишаётганда ўйлаб ёзишса яхши бўларди. Бундай офат ҳар кимнинг бошига келиши мумкин. Яна ёрдам кампаниялари ортида шахсий манфаат кўзлаётганлар ҳам бор экан, эшитишимча. Юртдошларимиз бераётган ёрдамларини ишончли кишиларга топширишини сўрардим.
“Имкон бўлиши билан кўнгиллилар қаторида жўнаб кетаман”
Нигора Бобоева, Истанбулдаги хоразмлик ватандош:
— Душанба тонгида шу зилзила хабари билан уйғондик. Қўлимиз ишга бормай, қўрқув ичида қолдик. Туркия президенти дастлаб бошқа давлатлардан ёрдам истамади назаримда. Ўз халқим қудрати билан бартараф этаман деб ўйлади шекилли. Кейинчалик офат кўлами жуда ортиб кетди.
Ҳозир кўп давлатлар, қардош халқлар ёрдам беряпти, ўзбеклар ҳам шу қаторда. Аммо туркларнинг жипслашуви, ватанпарварлигига қойил қолдим. Худо кўрсатмасин, бизда шундай нохуш холат бўлса, биз қандай йўл тутарканмиз, деб ўйлаб ҳам қолади киши. Ўзим дўконда ишлайман. Дўконлар ҳам юк машиналарида ёрдам жўнатишяпти. Буларни кўриб таъсирланиб, йиғлагинг келади. Биз ҳам шундай ҳолатлар учун болаларимизни тайёрлашимиз керак.
Ўзим ҳам муҳтожларга ёрдам берувчи кўнгиллилар гуруҳида иштирок этаман (суратларда – Кастамону ҳудудида сел келгандаги ҳолат). Биз ҳам йўлга чиқишга тайёрланяпмиз. Кишилар барча ишини ташлаб, ўша офат бўлган ҳудудларга кетишяпти. Фақат ёрдам бера оладиган соҳа вакилларини олишаётгани учун бизни юборишмаяпти ҳозирча, лекин имкон бўлиши билан биз ҳам жўнаб кетамиз.
Авиачипталар нархи туширилган. Автобус ширкатлари ҳам бепул хизмат кўрсатяпти. Одамлар уйларини бўшатиб беряпти. Ҳатто ногирон инсонлар нимадир қилишга уриняпти. Ўзбеклар ҳам тинимсиз ҳаракат қилишяпти. Бундай ҳолатларда жипслашув жуда яхши нарса. Туркияликлар менинг оиламдек бўлиб қолган, шунинг ҳар бир қутқарилган инсон учун жуда хурсанд бўляпман.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.