Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича нуфузли Tata Steel-2023 турнири давом этмоқда.
Мусобақада ўзбекистонлик ёш шахматчилар халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов етакчи гроссмейстерлар қаторида «Masters» гуруҳида, халқаро гроссмейстер Жавоҳир Синдаров эса «Challengers» гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб боряпти.
10-турда 18 ёшли Нодирбек Абдусатторов жаҳон тожига даъвогарлик қилаётган хитойлик Динг Лирэн билан дуранг ўйнади. Бу натижадан сўнг, Нодирбек 10 имкониятдан 7 очко жамғариб, «Masters» гуруҳида пешқадамлик қилишда давом этмоқда.
«Masters» гуруҳида яна 3 та тур ўтказилади. Абдусатторовнинг кейинги рақиби 26 январ куни нидерландиялик шахматчи, уни 0,5 очко фарқ билан таъқиб этаётган Аниш Гири бўлади. Кучли учликни 6 очкога эга Магнус Карлсен якунлаб турибди.
«Challengers» гуруҳида 17 ёшли Жавоҳир Синдаров ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. У навбатдаги турда нидерландиялик Эрвин Лами билан дуранг қайд этди.
У энди 9 имкониятдан 6,5 очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Мусобақа 29 январгача давом этади.