2023 йил — секин ўсиш йилими?
Жаҳон банки ҳисоботи кишини у қадар умидлантирмайди. «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари»да булутлари кўплаб глобал омиллар туфайли янада қуюқлашувчи рецессия ҳосил бўлиши ҳақида гап боради. 2022 йилдаги сингари бу юқори инфляция, инвестицион оқимлар сусайиши ва тинчимаётган Россия-Украина уруши оқибатлари бўлади.
Жаҳон банкининг жорий прогнозлари ушбу антитрендларини ўзида тўлалигича акслантирмоқда. Экспертларнинг сўзларига кўра, 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти ўсиши 1,7 фоиз бўлиши мумкин. Ҳисоботда шунингдек, COVID-19 пандемияси оқибатлари ҳақида ҳам сўз боради.
«Жаҳоннинг деярли барча минтақаларида аҳоли жон бошига ўсиш COVID-19гача бўлган ўн йилликка нисбатан секинроқ бўлади», — дейилади ҳужжатда.
Ўз навбатида, Марказий Осиё ҳам оғир истиқболлардан халос бўла олмайди.
Секин бўлса-да, ўсиш бор. «-истон»ларда фоиз қандай?
Баҳолашларга кўра, Европа ва Марказий Осиёда 2022 йилда ўсиш 0,2 фоизгача секинлашган. Бироқ Россия ва Украина ҳисобга олинмаса бу кўрсаткич 4,2 фоизни ташкил этади ва бу бир йил аввалгидан икки баробар кам. Бу эса ҳисоботда қайд этилган ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан «2023 йил амалда ўзгариш қолиши»ни билдиради.
Рақамларга эътибор берилса, Марказий Осиёда ўсиш суръатлари 2020 йилдан сўнг яна оша бошлаган. Бироқ тикланиш Украинадаги уруш ва унинг оқибатлари туфайли тормозланади. The Diplomat’нинг ёзишича, биргина Қозоғистоннинг ўзида 2023 йилда ўсиш суръатлари 3,5 фоизгача яхшиланиши мумкин.
Қирғизистон иқтисодиёти учун ўтган йил тикланиш йили бўлди. Манбага кўра, 2020 йилда суръатлар 8,4 фоизгача пасайган, 2021 йилда ўсиш 3,6 фоизни, 2022 йилда эса ҳаттоки 5,5 фоизни ташкил этган. 2023 йилда ўсиш яна 3,5 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.
Тожикистонда 2020 йилда ўсиш суръатлари 4,4 фоизгача пасайган. Бироқ, 2021 йилда кутилмаганда 9,1 фоизгача ўсган. 2022 йилда ўсиш 7 фоизни ташкил этган, бироқ 2023 йилда у 5 фоизгача пасайиши тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши 2020 йилда 1,9 фоизни ташкил этган. 2021 йилда кўрсаткич 7,4 фоизга етган. 2022 йилда барча каби пасайиш юз бериб, 5,7 фоизгача тушган. 2023 йилда экспертлар Ўзбекистонда ўсиш 4,9 фоизни ташкил этишини прогноз қилишмоқда.
Туркманистонга доир кўрсаткичлар ҳисоботдан ўрин олмаган. Мамлакат «ишончли маълумотлар йўқлиги сабабли» ҳисоб-китоблардан олиб ташланган, деб таъкидлайди The Diplomat.
Инфляция ва бошқа «сувости тошлари»
Жаҳон банки таҳлилида қайд этилишича, Марказий Осиё иқтисодиётларида ўсишнинг пасайиши «аввалбошдан кутилганига нисбатан камроқ бўлган».

Инфляция — жорий йилда иқтисодий таҳдидлардан бири бўлади. Манбада айтилишича, ўтган йилда «1998 йилдан буён ҳар йилгидан кескинроқ» ўсган. Инфляциянинг ўсиб бориши хомашё маҳсулотлари нархининг ўсиши билан мос тушган. Айниқса энергия ташувчилар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўпроқ ўсган, дейилади манбада.
Гарчи Марказий Осиё давлатлари пандемиядан сўнг ўсишни тиклай олишган эса-да, Украинадаги уруш «бутун минтақага оғир кўланка ташлаган», шунингдек минтақанинг узоқ муддатли истиқболларини ҳам хиралаштирган.