Сўнгги кунлардаги трансфер янгиликлари ва миш-мишлар.
«Челси» Фернандесни трансфер қилади
Журналист Фабрицио Романонинг хабар қилишича, «Челси» «Бенфика» яримҳимоячиси Энцо Фернандеснинг трансфери бўйича жиддий ҳаракат қилмоқда. Инсайдер Николо Ширанинг хабарига кўра, Лондон клуби «Бенфика»нинг 21 ёшли яримҳимоячиси билан 2028 йилга қадар мўлжалланган битим борасида принципиал келишувга эришган. Аргентиналик футболчи Лондонда йилига 10 млн евро маош олади.
«Челси» энди «Бенфика» билан музокаралар устида ишламоқда. Португалия клуби 120 млн евро сўрамоқда — бу футболчининг шартномасида белгиланган товон пули, аммо инглиз клуби музокаралар давомида бу нархни камайтиришга ҳаракат қилади. Қайд этилишича, футболчига даъвогарлар қаторида саналган «Ливерпул» ва «Манчестер Юнайтед» клублари томонидан расмий таклиф бўлмаган. Transfermarkt Фернандеснинг трансферини 55 миллион еврога баҳолаган.
Жорий мавсумда Фернандес «Бенфика» сафида барча мусобақаларда 24 та ўйин ўтказиб, 3 гол ва 4 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйган. У ЖЧ-2022да 7 та ўйинда ҳам иштирок этди ва 1 гол урди, якунда турнирнинг энг яхши ёш футболчисига айланди.
Беллингем «Реал»да пайдо бўлиши мумкин
ESPN нашри маълумотига кўра, «Реал» Дортмунднинг «Боруссия» клуби яримҳимоячиси Жуд Беллингем учун қанча нарх тўлаш борасида бир қарорга келган. Манбанинг ёзишича, Мадрид клуби 19 ёшли футболчи трансфери эвазига Дортмундга 100 миллион евродан ортиқ маблағ ўтказиб беришга тайёр.
Аввалроқ, айни вақтда англиялик ушбу ёш футболчи «Ливерпул» ва «Реал» клубларидан жиддий қизиқиш мавжудлигига қарамай, «Манчестер Сити»га ўтиб, Гвардиола билан ишлашни истаётгани хабар қилинганди.
Беллингем «Боруссия» сафида 2020 йил июлидан буён тўп суриб келади. Унинг клуб билан шартномаси 2025 йил ёзига қадар мўлжалланган.
Икарди — «Ан-Наср»га йўл олади
TMW маълумотига кўра, «ПСЖ» ҳужумчиси Мауро Икарди «Ан-Наср»да Криштиану Роналдунинг жамоадошига айланиши мумкин. Араб клуби вакиллари Икардининг атрофидагилар билан музокараларни бошлашган. 29 ёшли аргентиналикнинг ўзи Саудия Арабистонига кўчиб ўтишга қарши эмас. Ҳозирда форвард Туркиянинг «Галатасарой» клубида ижара асосида тўп сурмоқда. Transfermarkt унинг трансферини 17,5 миллион еврога баҳолаган.
Менди «Реал»ни тарк этиши мумкин
Footmercato маълумотига кўра, «Реал» ҳимоячиси Ферлан Менди «Ньюкасл» клуби қизиқишлари доирасида турибди. Инглизлар клуби 27 ёшли французни қишки трансферлар ойнаси вақтидаёқ қўлга киритмоқчи. Менди «Реал» сафида 2019 йил ёзидан буён тўп суриб келади. Унинг Мадрид клуби билан шартномаси муддати 2025 йил ёзига қадар амал қилади.
Аввалроқ, испан клуби ушбу футболчиси трансферидан 50 миллион евро ишлаб олишни мақсад қилгани хабар қилинганди.
Суарес — «Гремио»да
Бразилиянинг «Гремио» клуби уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес трансферини эълон қилди. 35 ёшли футболчи янги клуби билан икки йиллик шартнома имзолаган. Фаолиятининг энг яхши дамларини «Аякс», «Ливерпул», «Барселона» ва «Атлетико» клубларида ўтказган футболчи 2022 йил ёзида Уругвайнинг «Насионал» клубида ўтказди. Унинг бу клуб билан шартномаси 2022 йил охирида якунланди. Transfermarkt Суареснинг трансфер баҳосини тўрт миллион евро этиб белгилаганди.
Иско — «Салернитана»га ўтмоқда
Журналист Альфредо Педулланинг маълумотига кўра, «Севилья»нинг собиқ яримҳимоячиси Иско «Салернитана» билан шартнома имзолаши мумкин. Италян клуби президенти ва спорт директори ушбу трансфер устида иш олиб бормоқда. 30 ёшли испанияликнинг янги клубидаги маоши бир мавсум учун 1,5-1,8 миллион евро атрофида бўлиши мумкин. 21 декабр куни ушбу футболчи «Севилья» билан шартномани бекор қилганди, у ушбу клубда ярим мавсум ўйнади. Transfermarkt унинг трансферини тўққиз миллион еврога баҳолаган.
Ловрен «Лион» футболчиси бўлади
L'Equipe маълумотига кўра, «Зенит» ҳимоячиси Деян Ловрен «Лион»га ўтади. Француз клуби 33 ёшли хорватиялик билан оғзаки келишувга эришган. «Лион» «Зенит» билан ҳам шартномаси муддати якунига ярим йил вақт қолган Ловрен учун товон пули миқдори бўйича келишиб олган. Ловрен «Зенит» сафида 2020 йил августидан буён тўп суриб келаётганди. Transfermarkt портали футболчининг трансферини 3,5 миллион еврога баҳолаган.
Вебер «Лидс»га трансфер бўлишга яқин
Salzburger Nachrichten маълумотига кўра, «Зальцбург» ҳимоячиси Максимилиан Вебер қишки трансферлар бошланиши арафасида «Лидс»да тиббий кўрикдан ўтган.
Инглиз клуби 24 ёшли футболчини сафига қўшиб олгани ҳақида яқин вақтлар ичида расман эълон қилиши кутилмоқда. Австриялик футболчи 2019 йил ёзида «Севилья»дан «Зальцбург»га ўтганди. Унинг шартномаси 2025 йил ёзига қадар тузилганди. Transfermarkt футболчининг трансфер қийматини 12 миллион еврога баҳолаган.