Кузатув камераларидан одамни яшира оладиган махсус кийим

Ухан университети (ХХР) аспирантлари Huawei компаниясининг киберхавфсизлик бўйича инновациялар танловида махсус кийимни намойиш этишди. У сунъий интеллектга асосланган видеокузатув камераларида одамнинг шахсини яшириш имконини беради.
InvisDefense деб номланган «ақлли» пальто тажриба синовида кузатув камераларининг самарадорлигини 57 фоизгача камайтирган. Кийимга ўрнатилган иссиқлик датчиклари ва махсус нақш кузатув камераларини чалғитиш имконини беради. Шунингдек, кечаси пальтога ўрнатилган махсус қурилмалар термал нурланишни бузади ва шу билан ақлли камераларнинг инфрақизил сенсорларини алдайди.
Хитойда сунъий интеллектнинг юқори даражада ривожланган видеокузатув тизими мавжуд. Кўпгина фуқароларнинг фикрича, давлат шу тарзда уларнинг шахсий ҳаётига аралашиб келмоқда. Мазкур ихтиро бир томондан, одамларнинг шахсий ҳаётини кузатишни чеклаш имконини берса, бошқа томондан ноқонуний мақсадларда хавфсизлик тизимларини чалғитиш учун ҳам ишлатилиши мумкин.
Тадқиқотчилар «ақлли» пальтоларнинг ҳар бир тўпламини 500 юандан (71 доллар) сотишни режа қилмоқда.
Telegram’да SIM-картасиз рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлди

Telegram маъмурияти навбатдаги янгиликлар, жумладан, SIM-картасиз аккаунт очиш имконияти ҳақида хабар берди.
«Telegram орқали мулоқот қилганда телефон рақамини бегоналардан яшириш имкони бор эди. Фойдаланувчи уни кимга кўрсатишни ўзи ҳал қилиши ва телефон рақами орқали ўзини топишни тақиқлаши мумкин эди. Энди эса махфийликнинг янги даври бошланди. Бундан буён Telegram аккаунтини блокчейн асосидаги аноним рақамлардан фойдаланган ҳолда, SIM-картасиз рўйхатдан ўтказиш мумкин. Бундай рақамларни Fragment платформасида харид қилиш мумкин», дейилади маъмурият хабарида.
Битта аноним рақамнинг нархи 9 TON (17 доллар атрофида) миқдорида белгиланган.
Россияда Instagram'нинг маҳаллий клони

Россияда Looky ижтимоий тармоғи ишга туширилди. Ушбу платформа россияликлар учун мамлакатда блокланган Instagram ўрнини эгаллаши керак. Лойиҳага киритилган сармоялар 160 миллион рублни (тахминан 2,5 миллион евро) ташкил этди. Маълумотларга кўра, маблағларнинг катта қисми Россия ҳукумати томонидан ажратилган.
Looky Instagram шахсий саҳифасидаги барча контентни, жумладан, фойдаланувчи номини бир марта босиш орқали янги ижтимоий тармоққа ўтказиш мумкинлигини ваъда қилмоқда.
«Биз 2024 йилга бориб россиялик Instagram фойдаланувчиларининг камида 10 фоизини жалб қилишимиз мумкин», деди лойиҳа раҳбари Егор Яковлев тақдимотда. Шу билан бирга, Яковлев асл Instagram'да бўлмаган «янги хусусиятларни» эълон қилди. Ҳозирча, ягона фарқ ташқи ҳаволаларни тўғридан тўғри постларда нашр қилиш имкониятидир (Instagram'да уларга фақат профил сарлавҳасида ва ҳикояларда рухсат берилган).
Telegram’да «жосус вирус» тарқалди

Positive Technologies компанияси Теlegram мессенжери орқали бошқариладиган зарарли TgRAT вирусини аниқлади.
Вирус фойдаланувчига қуйидагича зарар келтириши мумкин:
- аккаунтни бутунлай ўчириб юбориш;
- ёзишмаларни файл кўринишида сақлаб олиш;
- ботларни ишга тушириш;
- турли кўринишдаги файлларни кўчириб олиш;
- экрандаги ҳодисаларни сақлаб қолиш.
Шу жиҳатдан, мутахассислар трафик таҳлилини олиб борадиган дастурий таъминотдан фойдаланишни тавсия қилмоқда.
Энг қиммат электрон китоб

Xiaomi компанияси Xiaomi Note деб номланган энг қиммат электрон китобини тақдим этди. Қурилма 10,3 дюймли экран ва 4096 босим даражасини сезадиган электромагнит қаламга эга. Унга Duokan Reading, WeChat Reading, Bilibili Comics, WPS каби дастурлар ўрнатилган. Epub, txt, pdf ва бошқа файлларни қўллаб-қувватлайди.
Электрон китобга икки диапазонли Wi-Fi 2,4/5 ГГтс ўрнатилган, 3 Гб тезкор ва 64 Гб ички хотирага, шунингдек, 3000 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга. Xiaomi Note’нинг нархи 360 доллар.
Artemis 1 миссияси
NASA томонидан учирилган «Orion» космик кемаси Ойни айланиб ўтди ва гравитация кучидан фойдаланиб, Ер сари йўл олди.
Экипажсиз капсула ўзининг энг яқин нуқтасида Ой юзасидан 130 км масофада учиб ўтди ва турли манёврларни синаб кўрди. Ушбу манёврлардан одамларни келажакда Ойга юбориш жараёнида фойдаланилади.
Капсула Ойнинг орқа томонига ўтганида, у билан алоқа 30 дақиқага узилиб қолди. Шундан сўнг Капсула асосий двигателлари уч дақиқадан кўпроқ вақт давомида ишга туширилиб, уни Ерга йўналтирди.
Миссиянинг кейинги босқичи Artemis II деб номланади ва унда одамлар экипажи Ойга парвоз қилиб, уни айланиб ўтади, бироқ қўнмайди.
Artemis III миссияси доирасида эркак ва аёл астронавтлар Ой юзасига қўнади. Бу 2025 йилдан кейин амалга оширилиши режалаштирилган.