Украинада 40 мингта уруш жинояти қайд этилди

Жаҳон 13:47 / 01.12.2022 5849

Украина адлия вазири Денис Малюска Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида айтишича, вазифа иккита аниқ жиноят бўйича жиноий жавобгарликка тортишдан иборат: «халқаро ҳуқуққа зид бўлган босқинчилик ҳаракати ва геноцид акти». 

«Бошқа давлатга ҳужум асоссиз содир этилган бўлса ва ҳужумга учраган давлат очиқ қаршилик кўрсатса, бу - жиноий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Бунинг учун далиллар тўплаяпмиз», - деди Малюска.

Бундан олдин Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Россиянинг Украинадаги тажовузини текшириш учун БМТ томонидан қўллаб-қувватланган махсус суд тузишни таклиф қилганди.

Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, янги тузилма яратиш истаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) билан ҳамкорликдан бош тортишни англатмайди. 

«Биз ушбу ихтисослаштирилган судни энг кенг халқаро қўллаб-қувватлашга эришиш учун халқаро ҳамжамият билан ишлашни бошлашга тайёрмиз», деди фон дер Ляйен. «Россия ўзининг даҳшатли жиноятлари, жумладан, суверен давлатга қарши тажовуз учун нарх тўлаши керак», — дея қўшимча қилди у. 

Еврокомиссия раҳбари Россия у келтирган вайронагарчилик учун молиявий томондан ҳам нарх тўлаши кераклигига ишонч билдирди. Украинага етказилган зарар 600 миллиард еврога баҳоланмоқда, деди у. 

Москва ва рус олигархлари «Украинага етказилган зарарни ва мамлакатни тиклаш харажатларини қоплаши керак», деди фон дер Ляйен. ЕК раҳбарининг эслатишича, Европа Иттифоқи Россия Марказий банкининг 300 миллиард евролик захираларини блоклаган ва россиялик олигархларнинг 19 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган. 

Кўпроқ янгиликлар