Эрон ва АҚШ «ўлим ўйини»ни ўйнайди, Аргентина ҳали масалани ҳал қилмади. Гуруҳлардаги вазият ҳақида

Спорт 20:18 / 27.11.2022 35960

Жаҳон чемпионатида А, В, С ва D гуруҳларида охирги турда кимга қандай натижа керак?

А гуруҳи

1-тур: Қатар — Эквадор — 0:2, Сенегал — Нидерландия — 0:2
2-тур: Қатар — Сенегал — 1:3, Нидерланди — Эквадор — 1:1
3-тур: Нидерландия — Қатар (29 ноябр, 20:00), Эквадор — Сенегал (29 ноябр, 20:00)

1. Қатар 1/8 финалга чиқиш учун назарий имкониятга ҳам эга эмас, аммо жаҳон чемпионати мезбонлари ҳали гуруҳдаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.

2. Нидерландия ва Эквадорга плей-оффга чиқиш учун ҳеч бўлмаганда биттадан очко керак бўлади. Агар бу икки жамоа ҳам сўнгги турда мағлуб бўлса (эҳтимоли кам), бу икки жамоанинг тўплар нисбати бўйича яхшироқ кўрсаткичга эга бўлган биттаси кейинги босқичга йўл олади, тўплар нисбати бўйича кўрсаткичлар тенг келган тақдирда, ким кўпроқ гол урганига қаралади.

3. Сенегал учун ҳам барчаси оддий — охирги турдаги ғалаба африкаликлар иштирокини давом эттиришига имкон беради. Эквадор билан ўйинда дуранг ҳисоб қайд этилган тақдирда, имконият минимал даражага тушади — бунинг учун Нидерландия Қатарга камида икки тўп фарқи билан ютқазиши талаб этилади.

4. Гуруҳда биринчи ўринни олиш учун курашда нидерландлар фаворит бўлиб қолмоқда, аммо улар Қатарга қарши ўйинда имкон қадар кўпроқ гол уриши зарар қилмайди. Агар Эквадор ҳам ўз ўйинида ғолиб чиқса — барчасини голлар нисбати ҳал қилади. Агар нидерландлар кутилмаганда очко йўқотса, Сенегал ҳам биринчи ўринга даъвогарлик қилиши мумкин.

В гуруҳи

1-тур: Англия — Эрон — 6:2, АҚШ — Уэлс — 1:1
2-тур: Уэлс — Эрон — 0:2, Англия — АҚШ — 0:0
3-тур: Уэлс — Англия (30 ноябр, 00:00), Эрон — АҚШ (30 ноябр, 00:00)

1. Англиянинг плей-оффга ўтиш имконияти 100 фоизга яқин. Британлар сўнгги турда ғалаба қозонса, биринчи ўрин билан гуруҳдан чиқиши кафолатланган, дуранг қайд этилса — иккинчи ўринга тушиб кетиши мумкин, бунинг учун Эрон АҚШни енгиши керак. Агар Уэльс ғолиб бўлса-чи?

2. Гарет Саутгейт жамоасининг бахтига, жаҳон чемпионатида (Евро-2020 дан фарқли ўлароқ) очколар тенг бўлиб қолганда, ўринларни тақсимлашдаги асосий мезон — ўзаро учрашувлардаги натижалар эмас, тўплар нисбати бўлади. Шунинг учун инглизлар сўнгги турда йирик ҳисобда ютқазмаса (Уэлс камида 4:0 ҳисобида ғалаба қозониши талаб этилади), уэлсликларни олдинга ўтказиб юбормаслиги аниқ. Эрон ёки АҚШ Англияни фақат инглизлар мағлуб бўлган тақдирда қувиб ўта олади, аммо британлар учун айни вақтдаги энг ёмон реал сценарий — иккинчи ўринга тушиб кетишгина бўлади.

3. Эрон — АҚШ учрашуви ғолиби плей-оффга чиқади, мағлуб бўлган жамоада бундай имкон бўлмайди. Дуранг америкаликларни 1/8 финалсиз қолдиради, аммо осиёликлар ҳам хавф остида қолади. Агар Уэльс Англияни енгса, уч жамоада тўрттадан очко бўлади, бу ҳолда умумий тўплар нисбати ҳисобланади, бу борада эса энг ёмон вазият Эронда.

Плей-офф

Унутмаслик керакки, А ва В гуруҳидан чиққан жамоалар 1/8 финалда ўзаро тўқнашади. Ҳозир энг эҳтимолий қизиқ сценарий — плей-оффнинг стартидаёқ Нидерландия ва Англия тўқнашуви бўлиб турибди. Икки жамоа ҳам ҳозирда биринчи ўрин учун яхши имкониятга эга ва улар гуруҳларида биринчи ўринни сақлаб қолишса, ўзаро тўқнашувдан қочиб қолишади, аммо бу икки жамоа учун ҳам гуруҳнинг сўнгги тури осон бўлиши кафолатланмаган.

С гуруҳи

1-тур: Аргентина — Саудия Арабистони — 1:2, Мексика — Полша — 0:0
2-тур: Полша — Саудия Арабистони — 2:0, Аргентина — Мексика — 2:0
3-тур: Саудия Арабистони — Мексика (1 декабр, 00:00), Полша — Аргентина (1 декабр, 00:00)

1. Ғалабадан бошқа натижа аргентиналикларни қониқтирмайди. Агар улар Полшага мағлуб бўлишса, жаҳон чемпионатини тарк этади, дуранг қайд этилса, барчаси гуруҳнинг иккинчи ўйинидаги натижага боғлиқ бўлади. Саудия Арабистони охирги турда ғалаба қозонса, Лионел Месси жамоа билан уйга қайтишига тўғри келади, саудияликлар ва мексикаликлар учрашувида дуранг ҳисоб альбиселестага 1/8 финалда ўйнаш имконини беради, Мексика ғалаба қозонса, тўплар нисбатига қараш керак бўлади. Агар, масалан, мексикаликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонса — аргентиналиклар учинчи ўринда қолиб кетади.

2. Агар жанубий америкаликлар Полша устидан ғалаба қозонса, катта эҳтимол билан гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқишади — фақат бунинг учун Саудия Арабистони Мексикани йирик ҳисобда тор-мор этмаслиги керак бўлади.

3. Полшага плей-оффга чиқиш учун дуранг ҳам етарли, бу ҳатто биринчи ўринни кафолатлаши мумкин. Полшаликлар мағлубиятга учраса, Мексика Саудия Арабистонига ютқазмаслиги, ғалаба қозонса, йирик ҳисобда ғалаба қозонмаслигидан умид қилиши керак.

4. Саудияликлар 1/8 финалга чиқиши учун ғалаба қозониши кифоя. Дуранг ҳисоб қайд этилган тақдирда, тўплар нисбатига кўра Полша ёки Аргентинадан ёмонроқ натижа қайд этиб, учинчи ўринда қолиб кетиш хавфи бўлади.

5. Мексикага фақат ғалаба керак, қолаверса, параллел учрашувда қониқарли ҳисоб қайд этилиши талаб этилади. Поляклар тўплар нисбатига кўра ортда қолдирилиши учун ёки Аргентинанинг мағлубияти, ёки, аксинча, унинг йирик ҳисобдаги ғалабаси (ёки Мексика ўзи жуда йирик ҳисобда ғалаба қилиши керак).

D гуруҳи

1-тур: Дания — Тунис — 0:0, Франция — Австралия — 4:1
2-тур: Тунис — Австралия — 0:1, Франция — Дания — 2:1
3-тур: Австралия — Дания (30 ноябр, 00:00), Тунис — Франция (30 ноябр, 00:00)

1. Франция ғалаба қозониб, плей-оффга биринчи ўрин билан  чиқиши мумкин. Амалдаги жаҳон чемпионларини қувиб етиш учун Австралияда назарий имконият бор, аммо голлар нисбатидаги фарқни (ҳозирда французларда «+4», австралияликларда «-2») йўққа чиқариш имкон доирасидан ташқаридаги иш бўлиб кўринмоқда.

2. Тунис катта эҳтимол билан плей-оффга чиқа олмайди. Буни уддалаш учун улар Францияни енгиши ва ёки австралияликлар данияликлар билан дуранг ўйнаши ёки скандинавлар ғолиб чиқишига умид қилиши керак бўлади, шунда ҳам африкаликлар гуруҳни Каспер Юлманн шогирдларидан яхшироқ тўплар нисбати билан якунлаши талаб этилади. Бошқача вазият тунисликларни қаноатлантирмайди.

3. Гуруҳдаги иккинчи ўрин масаласи тақдири, катта эҳтимол билан Австралия — Дания ўйинида ҳал бўлади. Европаликларга ғалаба керак, яшил қитъа вакилларини эса дуранг ҳисоб ҳам қаноатлантиради.

Плей-офф

С ва D гуруҳларидан чиққан жамоалар 1/8 финалда бир-бири билан ўйнайди. Энг интригали сюжет — Франция ва Аргентина тўқнашуви эҳтимоли. Бу реалликка айланиши учун, жанубий америкаликлар поляклар билан дуранг ўйнаши ва мексикаликлар саудияликларга қарши ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозона олмаслиги талаб этилади.

Кўпроқ янгиликлар