“Ўзбекнефтгаз”: “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Устюрт регионида геология-қидирув, бурғилаш ва табиий газ қазиб чиқариш ишлари ҳолати ўрганилмоқда

Ўзбекистон 11:45 / 25.11.2022 3517

Дастлаб “Тиллали” ва “Сайхун” конларида олиб борилаётган ишлар билан танишилди. “Тиллали” конидаги консервациядан қайтариш бўйича таъмирлаш ишлари якунланган 3-сонли қудуқни ўзлаштириш ишлари ўрганилди.

“Тиллали” ва “Сайхун” конларида режалаштирилган яна 7 та қудуқни консервациядан қайтариш тадбирларини олиб бориш ва улардан қазиб олинадиган табиий газни “Бескала” газни дастлабки тайёрлаш қурилмасига узатиш учун 17 км узунликдаги газ қувурини лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш бўйича Устюрт бошқармаси раҳбарияти ҳамда тегишли департамент бошлиқларига кўрсатмалар берилди.

Устюрт регионида углеводородлар захирасини ўстириш Дастури доирасида олиб борилаётган бурғилаш ишларини назорат қилиш мақсадида, “Жагиз” майдонидаги 1-сонли, “Бойлик” майдонидаги 1-сонли, “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 3-, 4-сонли ва “Қуйи Сургил” конидаги 10-сонли излов қидирув қудуқларини бурғилаш жараёнлари кўриб чиқилди.

Ўрганиш жараёнларида ушбу қудуқларда захираларни ўстириш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли мутахассисларга вазифалар белгилаб берилди.

“Қуйи Сургил” конидаги 16-сонли қудуқда, қудуқ тубини чуқурлаштириш бўйича олиб борилаётган мураккаб таъмирлаш ишлари жойидан ўрганилди. Шундан сўнг “Қуйи Сургил” конидаги 24-, 25 ва 26-сонли ишлатиш қудуқларини бурғилаш ишлари билан танишиб чиқилди.

Бундан ташқари, бошқарув раиси бурғилаш ишларида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар борасида суҳбатлашди. Устюрт регионида ноқулай об-ҳаво шароитида меҳнат қилаётганлари, табиий газ қазиб чиқарилишидаги машаққатли меҳнатлари учун уларга миннатдорчилик билдириб, улар учун янада кўпроқ қулайликлар яратилиши борасида фикр алмашилди.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси мутахассислари томонидан куз-қиш мавсумида аҳолининг табиий ва суюлтирилган газга ҳамда ёқилғи мойлаш маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани бўйича ҳисобот берилди.

Хусусан, бошқармада 6 та технологик қурилма, 2 та қозонхона, 15 та қозон, 71 та сиғим, 4500 метр электр тармоқлари, 12 та трансформатор подстанциялари, 6 та дизель электр станцияларининг ишчи ҳолати, 10 та узлуксиз электр таъминоти манбалари (UPS) ишчи ҳолати, 11 та захирани автоматик улаш қурилмалари (АВР) ишчи ҳолати ва 2 та газ тақсимлаш пунктлари (ГТП) текширилиб, мавсумни беталафот ўтказиш учун чоралари кўрилган.

Конлар ва қудуқлардаги ўрганишлардан сўнг Устюрт бошқармаси раҳбарияти, департамент бошлиқлари ва бошқарма мутахассислари иштирокида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда 2022-2023 йил куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжи учун режалаштирилган ҳажмдаги табиий газ ва углеводородларни етказиб бериш учун геолого-техник тадбирлар ижроси кўриб чиқилди.

Тадбирлар доирасида қудуқларни бурғилаш, капитал таъмирлаш ишлари ва технологик объектларни ишга туширишни жадаллаштириш бўйича пудратчи ташкилотлар билан мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, бошқарма ҳамда тегишли департамент бошлиқларига топшириқлар берилди.

Йиғилиш якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Устюрт регионида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш ва 2022 йил якуни билан белгиланган режа кўрсаткичларини бажариш ҳамда устувор вазифалар бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли конлар ва қудуқларда табиий газ қазиб чиқарилишини ўрганиш ишлари давом этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар