“Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир намунавий талабларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Намунавий талаблар иш берувчи ҳамда давлат фуқаролик хизматчиси ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасига доир талабларни белгилайди.
Давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилиги асосида ёзма шаклларда тузилади. Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари билан меҳнат шартномаси тузилмайди. Меҳнат шартномасида давлат фуқаролик хизматини ўташ асослари ва шартлари, давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар, уни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишга тааллуқли қоидалар кўрсатилади.
Меҳнат шартномаси номуайян муддатга ва беш йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга тузилади. Қуйидагилар меҳнат шартномаси томонлари ҳисобланадилар: иш берувчи – давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари; ходим – давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаётган шахс.
Қуйидагилар меҳнат шартномаси зарур шартлари ҳисобланади:
- хизматни ўташ иш жойи – давлат фуқаролик хизматчиси шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган жой;
- иш бошланиш санаси;
- эгалланаётган давлат фуқаролик хизмати лавозими тўлиқ номи;
- давлат фуқаролик хизматини ўташ асослари;
- давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат фуқаролик хизматини ўташ ўзига хос хусусиятлари;
- томонлар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги;
- давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар;
- давлат фуқаролик хизматчиси иш ва дам олиш вақтлари;
- давлат фуқаролик хизматчиси меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизматига нисбатан қўшимча рағбатлантириш шартлари;
- давлат фуқаролик хизматчиси ротация қилиш шартлари;
- давлат фуқаролик хизматчиси интизомий жавобгарлиги;
- давлат фуқаролик хизматчисини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш;
- давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини тугатиш асослари;
- давлат фуқаролик хизматчини ўташ билан боғлиқ низоларни ҳал этиш;
- шартнома қўшимча шартлари;
- томонлар юридик манзиллари ва реквизитлари;
- давлат фуқаролик хизматчиси билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган тақдирда муддатли меҳнат шартномаси тузиш асослари.
Томонлар келишувига кўра меҳнат шартномасида қуйидаги қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин:
- давлат фуқаролик хизматчиси учун иш берувчи билан қўшимча келишув асосида тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, соатбай иш вақти;
- доимий ёки вақтинча асосда масофадан туриб ишлаш, мослашувчан иш режими ёки аралаш иш режимида ишлаш;
- ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов муддати ҳақида;
- давомийлиги ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътиллар берилиши.