Европарламент Киевга 18 млрд евро миқдорида макромолиявий ёрдамни маъқуллади

Жаҳон 17:05 / 24.11.2022 3065

Европарламент (ЕП) Украинага 2023 йилда жами 18 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам кўрсатишга овоз берди. Бу ҳақда Брюсселдан DW мухбири хабар қилмоқда

Европарламент янги «макрофин плюс» формуласини амалга ошириш имконини берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли тузатишлар бўйича овоз бериш орқали Европа комиссиясининг 2023 йилда Украинага 18 миллиард евро ажратиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Энди бу таклиф Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. 

Овоз бериш пайшанба куни Страсбургда ЕП ялпи мажлиси доирасида бўлиб ўтди. 

Бундан олдин ЕИ 2022 йилда Украинага молиявий ёрдам сифатида 9 миллиард евро ўтказиш ваъдасини аъзо давлатларнинг бу масалада бирлиги йўқлиги сабабли бажара олмаслиги хабар берилганди.

Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Валдис Домбровскис Европа Иттифоқи иқтисодиёт вазирлари йиғилишидан сўнг, Европа Иттифоқи Украинага май ойида ваъда қилинган 9 миллиард евро миқдоридаги молиявий ёрдамни жорий йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда ўтказа олмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур мавзу юзасидан учрашув давомида «кенг муҳокама» бўлиб ўтган.

Euobserver интернет-нашрининг ёзишича, Украинага ваъда қилинган ёрдам тўловининг кечикишига ЕИ давлатлари ўртасидаги ушбу мавзудаги ички келишмовчиликлар сабаб бўлган.

Еврокомиссия Украинага 2022 йилда мамлакат бюджети тақчиллигини қоплаш ва унинг иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун 9 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам бериш режасини май ойида эълон қилди.

7 ноябрь куни Еврокомиссия вакили Киев август ойида 1 миллиард евро, октябрда эса 2 миллиард евро тўлов олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йил охиригача яна 3 миллиард евро ажратиш режалаштирилган, шунда 2022 йилда тўловларнинг умумий миқдори ваъда қилинган 9 миллиард евро ўрнига 6 млрдни ташкил этади.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский унинг мамлакатига йил охиригача ҳали тўланмаган 6 миллиард евро «ўта зарур» эканини айтганди.

Кўпроқ янгиликлар