Мундиал кундалиги: Турнирдаги илк оғир жароҳат, Байденнинг қўнғироғи ва Либерия президенти ўғли урган гол

Спорт 13:31 / 22.11.2022 31964

Гарет Саутгейт жамоаси турнирни ишонч билан бошлади. Англия чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири

Англия – Эрон 6:2
Голлар: 1:0 – 35 Беллингем, 2:0 – 43 Сака, 3:0 – 45 Стерлинг, 4:0 – 62 Сака, 4:1 – 65 Торемий, 5:1 – 71 Рэшфорд, 6:1 – Грилиш 90, 6:2 – 90+12 Торемий.
Англия – Пикфорд, Триппьер, Магуайр (Дайер, 70), Стоунз, Шоу, Райс, Маунт (Фоден, 71), Сака (Рэшфорд, 71), Беллингем, Кейн (Уилсон, 76), Стерлинг (Грилиш, 71).
Эрон – Бейранванд (Ҳусейни, 19), Муҳаррамий, Пуралиганжий, Чашмий (Кананизодагон, 46), Ҳуссейни, Муҳаммадий (Туробий, 63), Жаҳонбахш (Гулизода, 46), Хожсафий, Каримий (Иззатуллоҳий, 46), Нуроллоҳий (Озмун, 77), Торемий.
Огоҳлантиришлар: Жаҳонбахш (25), Пуралиганжий (48).

Футбол соясида

Жаҳон чемпионати одатда «футбол байрами» бўларди. Мухлислар бу турнир давомида фақат ўйинлар ҳақида ўйлаб, голлардан, финтлардан ва шунчаки томошадан роҳатланишарди. Аммо сўнгги вақтларда «футбол сиёсатдан холи» ибораси амалда эмаслиги борасида шубҳалар пайдо бўлди. Жаҳон чемпионатида бу шубҳалар фақат тасдиқланмоқда.

Англия ва Эрон турнирдаги иккинчи ўйинни ўтказишди, аммо шу ўйиннинг атрофида аллақачон икки томонда ҳам футболдан ташқаридаги воқеалар бўлиб ўтди. Форслар мамлакати сўнгги икки ойда дунёдаги энг жиддий муҳокамалар марказида бўлиб турибди — Эронда аёлларга муносабат масаласи кескинлашган, шу туфайли маҳаллий ташкилотлардан бири ФИФАни Эрон термасини жаҳон чемпионатидан четлатишга ҳам чақирди. Бу мавзуда «Байер» ҳужумчиси Сардор Ўзмун ҳам гапирди, бош мураббий Карлуш Кейрушга эса ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ноқулай савол беришди. Жамоа барибир Қатарга етиб келди, аммо футболчилар мамлакат раҳбариятидан норозилик белгиси сифатида мадҳияни куйламасликка қарор қилишди.

Англиянинг ҳам ўз тарихи бор. Ушбу мамлакат нашрлари Қатар атрофида салбий фон яратишда фаол — ВВС норозилик сифатида очилиш ўйинини намойиш этмасликка қарор қилди, бунинг ўрнига Гари Линекер бошқа меҳмонлар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари, мигрантлар ва бошқаларни муҳокама қилиб ўтирди. Сўнгги лаҳзаларгача Ҳарри Кейн қандай сардорлик боғичида (ЛГБТни қўллаб-қувватлаш масаласи) майдонга тушиши маълум эмасди. Ҳатто регламентда кўзда тутилмаган экипировка учун сариқ карточка берилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Якунда барчаси ўйинга бир соат вақт қолганида ҳал бўлди — ФИФА Англия ва бошқа федерацияларга босим ўтказди, Кейн эса камалакранг боғични ВВС журналисти Алекс Скоттга топширди. Лекин Англия термаси бошқа ритуалдан воз кечмади — ўйин бошланиши арафасида футболчилар майдонда тиз чўкиб туришди (қора танлиларни қўллаб-қувватлаш учун). Яъни ўйин бошланишига сониялар қолганида ҳам футболчилар фақат ўйин ҳақида ўйлашмаётганди.

Дарвозабоннинг бурни синиши ва биринчи бўлимга қўшилган 14 дақиқа

Ўйин вақтида эса шиорлар ва норозилик акциялари кузатилмади. Эрон беш ҳимоячи билан тиғиз ҳимояланди, Англия кўп вақт давомида тўпга устунлик қилди, аммо анча эҳтиёткорлик билан ҳужум қилди. Дастлабки саккиз дақиқадаги ягона хавфли юриш Эрон дарвозабони Бейранванднинг оғир жароҳат олиши билан якунланди — у ўз ҳимоячиси билан тўқнашиб кетди, бурни синиб қонади ва жуда узоқ давом этган паузадан кейин барибир уни алмаштиришди.

Шу туфайли бош ҳакам биринчи бўлимга бемисл даражадаги 14 дақиқани қўшиб берди.

Ўн дақиқа ичидаги натижа

Пауза ўйин суръатини ўлдирди. Бунга қадар ҳам ўйин темпи юқори эмасди, аммо аста-секинлик билан кўтарилаётганди. Англия яна барчасини қайтадан бошлашига тўғри келди, ташаббусни қўлга олишда инглизларга яна стандарт вазиятлар ёрдам берди. 2018 йилги жаҳон чемпионатида Гарет Саутгейт жамоаси 12 голдан 9 тасини бурчак ёки жарима зарбаларидан кейин урганди, Евро-2020 турнирида эса стандарт вазиятлардан йўлланган зарбалар сони бўйича барча жамоалар ортда қолдирилди. Шу туфайли Эронга қарши биринчи бўлимда бурчак зарбаси ижро этилгач, гол урилгани мантиқий бўлди.

Аммо бундан олдинроқ Беллингем позицион ҳужумдан сўнг ҳисобни очди. Кейин Магуайрнинг зарбаси тўсинга тегди, бироз ўтиб у бошқа бурчак томонда яхши ўйнади — ҳимоячи тўпни зарба беришга чоғланиб турган Сакега қулай қилиб ташлаб берди. 19 ёшли Беллингем ва 21 ёшли Сака XXI асрнинг жаҳон чемпионатида гол урган илк болалари бўлди.

Эрон яхши қаршилик кўрсата олмади, британлар эса вазиятлардан унумли фойдаланишди. Бўлимга қўшиб берилган 14 дақиқалик бошланганида Стерлинг Кейннинг узатмасини голга айлантирди. Жамоалар танаффусга йирик ҳисобда йўл олишди.

Мантиқий мағлубият

Иккинчи бўлимга Кейруш бирданига уч нафар янги футболчини ташлади, аммо ўйин структурасини ўзгартирмади. Эронликлар фаоллашди ва олдинроқда прессинг қилишди, аммо бу барибир натижа келтирмади. Англия эса июндан буён қўлланмаган 4-2-3-1 схемасига яхши мослашди ва Эронни стандарт вазиятлардаги узатмалар билан қийнашда давом этди. Британларда жарима зарбасидан тўғридан тўғри урилган гол бўлиши ҳам мумкин эди, аммо Триппьернинг зарбасини «жонли девор» тўсиб қолди.

Эрон кўпчиликнинг ишончини оқламади. Жамоа учрашув фаворити саналишдан йироқ эди, аммо тажрибали мураббийга эгга бўлган ва 2018 йилги жаҳон чемпионатида яхши иштирок этган бу жамоа яхшироқ қаршилик кўрсатишини кутиш мумкин эди. Ҳолатни тўртинчи гол ҳам аниқ ифодалайди — Сакага жарима майдонида истаганини қилишга йўл қўйиб берилди, ҳимоячилар унга яқинлашишмади «Арсенал» вингери дублни расмийлаштирди.

Форслар барибир жавоб голини уришди — Англия рақиб ҳужумини ўтказиб юборди, Магуайр ўтказиб юборган тўпга эга чиққан Торимий Пикфордга имкон қолдирмади. Кўп ўтмай Магуайр жароҳат олиб ўйиндан олинди. 77-дақиқада Ўзмун майдонга тушди, аммо бу мавсум жароҳат туфайли ўйин амалиётига эга бўлмаган футболчи ўйин охирида яккама-якка вазиятдан гол ура олмади, унинг зарбаси дарвозабоннинг бармоқларига тегиб ўтиб, дарвоза тўсинидан майдондан ташқарига чиқиб кетди. Инглизларда эса футболчи алмаштиришлар иш берди — Рэшфорд майдонга тушиши биланоқ Кейннинг узатмасидан гол урди, 90-дақиқада эса Грилиш Уилсоннинг пасидан олтинчи голни урди.

Қарийб ярим соат қўшимча вақт

Эрон ўйин охирида барибир яна бир гол урди — Торимий иккинчи бўлимга қўшиб берилган 13-дақиқада пеналтини аниқ ижро этди. Умуман олганда, жамоалар икки бўлимда жами ярим соат қўшимча вақт ўтказишди, бу эса ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда - бундай зўриқиш кўплаб жароҳатларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо, афтидан, жаҳон чемпионатида энди доим шундай бўлади — ҳакамларга ўйиндаги тўхталишлар учун кўпроқ вақт қўшиб бериш тавсия этилган.

6:2 — бундай учрашув учун жуда беўхшов ҳисоб, аммо шу билан бирга жамоалар бунга ҳақли эди. Англия Саутгейт давридаги энг осон ғалабаларидан бирига эришди ва Миллатлар лигасидаги ёмон иштирокдан кейин жамоа рақобатдарбош эмаслиги ҳақидаги фикрларни йўққа чиқарди. Аммо бу ҳақиқий синов эмасди, АҚШга қарши кечадиган кейинги учрашув Англия учун анча қийинроқ бўлиши тайин.

Нидерландлар осон бўлмаган ғалаба билан бошлашди. Африка чемпионлари нидерландлардан яхшироқ ўйнашди, аммо уларнинг ҳаракатларини «Челси» дарвозабони йўққа чиқарди

Сенегал – Нидерландия 0:2
Голлар: 0:1 – 84 Гакпо, 0:2 – 90+9 Классен.
Сенегал – Менди, Сабали, Кулибали, Сиссе, Диалло (Якобс, 62), Куяте (Гуйе, 73), Гуйе, Менди, Сарр, Диатта (Джексон, 74), Диа (Дьенг, 69).
Нидерландия – Нопперт, Думфрис, ван Дейк, Аке, де Лигт, Блинд, де Йонг, Бергейс (Копмейнерс, 79), Янссен (Депай, 62), Бергвейн (Классен, 79), Гакпо.
Огоҳлантиришлар: де Лигт (56).

Хайрлашув аккорди

Қатардаги турнир — Луи ван Гаалнинг оққуш қўшиғидир. Онкология билан курашаётган 71 ёшли мутахассис жаҳон чемпионатидан кейин нафақага чиқади, у билан бирга бутун давр поёнига етади. Айниқса нидерландлар терма жамоаси учун, улар 2014 йил ван Гаал билан ЖЧ-2014 бронза медалларини қўлга киритганидан кейин турғунлик даврини бошдан кечирди.

«Апелсинранглилар» Евро-2016 ва ЖЧ-2018 турнирларини ўтказиб юборишди. Роналд Куманнинг фаолияти улар учун туннел ортидаги ёруғлик нури бўлиб кўринганди, аммо уни «Барселона» чақиргач, орзусидаги иши учун барчасини ярим йўлда қолдирди ва Европа чемпионатини қурбон қилди. Нидерландлар турнирга Франк де Бур бошчилигида боришди, гуруҳ босқичидаги ёрқин иштирокдан кейин, плей-оффнинг илк босқичида Чехиядан мағлубиятга учралди.

Терма жамоа билан Миллатлар лигасида ғолиб чиққан Куман эса мундиалдан кейин жамоага қайтади. Бу  рўй берганида — ҳалқа аниқ ёпилади, чунки Роналд саккиз йил олдинроқ ван Гаалнинг ўрнига келиши керак эди, аммо ўшанда Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи амалдорлари бирданига барча келишувларни унутиб, Гуус Ҳиддинкка ишонч билдиришган ва шу билан миллий жамоанинг тўрт йили ҳавога соврилганди.

Дарвозабонлик дебюти

Сўнгги титулини қўлга киритиш истагини яширмаётган ван Гаал футболчиларига ишонмоқда ва ўзини омадли деб атамоқда. Лекин кўриниб турибдики, жамоанинг ҳозирги авлодига 2014 йилги таркибдаги Роббен, Кюйт, ван Перси, Снайдер каби маҳоратли ижрочилар етишмайди. Ван Дейк, Френки де Йонг ёки Гакпо каби ҳозирги етакчилар яққол ажралиб турган бўлса-да, уларнинг жамоадаги аҳамияти Сенегалдаги Мане каби эмас.

Африкаликлар учун «Бавария» форварди — шунчаки футболчи эмас. У жамоа етакчиси ва унинг қалби. «Теранга шерлари»ни етти ярим йилдан буён бошқараётган Алиу Сиссе қишда жамоа билан илк бор Африка Кубогида ғолиб чиқди. У Маненинг сафдан чиқишига кутилганидек реакция қилди, чапда Мане ўрнига Сарр, ўнгда эса «Монако» аъзоси Диатта ҳаракат қила бошлади.

Ван Гаал эса таркиб танлашда ҳайрон қолдиришни билади ва бу ўйинда ҳам бир қанча сюрпризларни кўриш мумкин эди. Биринчидан, эндигина тикланган Депай ўрнига уч мавсум Мексикада ўйнаб, шу йил ёзида Европага қайтган Янссен туширилди. Иккинчидан, дарвозага тажрибали Пасвер ўрнига 28 ёшига келиб ҳали терма жамоанинг бирорта ўйинида майдонга тушмаган, клуб миқёсида эса атиги 51 ўйин ўтказган Нопперт танланди. Буни сенсация дейиш мумкин, чунки бу мураббий пенальтилар серияси учун янги дарвозабон туширарди.

Эпизод қиймати

Биринчи бўлимда африкаликлар ёмон кўринишмади ва маълум вақтларда рақибдан яхшироқ ҳам эди. Ван Дейк Саррнинг дарвоза бурчагига йўл олган кучли зарбасини боши билан тўсиб қолди. Нидерландлар тўпга эгалик қилиш борасида устундек кўринди, аммо танаффусга қадар кузатилган ягона юз фоизлик вазиятда де Йонг зарба бериш учун қулайроқ вазият танлашга киришиб, барчасини чиппакка чиқарди. У тўпни ёнга олиб ўтиш билан икки ҳимоячини йўлдан олди, аммо Куяте тўпни узоққа тепиб юборди.

Бу эпизодларнинг бари ноаниқ таассурот ҳосил қилади. Бир томондан, бу савия борасида нисбатан тенг бўлган жамоаларнинг илк тўқнашуви эди. Бошқа томондан — бу ўйинда голлар ёмғирини кутиш керак эмасди. «Теранга шерлари» жуда кам гол ўтказишади, Африка Кубогида ҳам улар етти учрашувда фақат икки бор рақибни ўтказиб юборган. Ҳатто Диалло ва Куяте мажбуран майдондан олиниши ҳам сенегалликлар ҳимоя қўрғонига таъсир ўтказмади. Лекин майдондаги футболчиларнинг барча саъй-ҳаракатларини яқин вақтларгача маҳоратли дарвозабон сифатида кўрилган Эдуар Менди йўққа чиқарди, у тўпга чиқишда қўпол хатога йўл қўйди ва амалда ичкаридан югуриб келган Гакпога гол совға қилди.

Кўринишидан, «Челси» дарвозабонининг муаммоси оёқ билан яхши ўйнай оладиган биринчи рақамли посбон истаётган Грэм Поттернинг талаблари билан боғлиқ эмас. Бу вазиятда амалда Мендидан қутқариш ҳам талаб этилмасди — у шунчаки ўз ишини қилиши кифоя эди. Бу вақтда эса Нопперт кетма-кет сэйвлар амалга ошираётганди. Ван Гаалнинг кутилмаган қарори яна ўзини оқлади. Эҳтимол, у ўзи айтгани каби омадли шахсдир — ва биргина бу ўйин жамоанинг имкониятларига баҳо бериш учун етарли эмасдир. Қолаверса, кейинги ўйинда Депай (у иккинчи голда иштирок этди ва яна Менди хато қилди) асосий таркибда ўйнайди, у билан эса жамоа бутунлай бошқача кўриниш олади.

АҚШнинг жаҳон чемпионати ўйинидаги асосий қаҳрамони — Либерия президентининг ўғли бўлди. Тимоти Веа отаси уддалай олмаган ишни қилди

Фото: Reuters

ЖЧ-2022. 1-тур. В гуруҳи
АҚШ — Уэльс 1:1
Голлар: Веа (36) — Бэйл (82, пенальти).
АҚШ – Тернер, Дест (Йедлин, 74), Рим, Циммерман, Робинсон, Адамс, Маккенни (Ааронсон, 66), Муса (Акоста, 75), Пулишич, Веа (Моррис, 88), Саржент (Райт, 74). 
Уэльс – Ҳеннесси, Робертс, Дэвис, Родон, Мифем, Уильямс (Жонсон, 79), Ампаду (Моррелл, 90+5), Рэмзи, Уилсон (Томас, 90+3), Бэйл, Жеймс (Мур, 46).
Огоҳлантиришлар: Дест (11), Маккенни (13), Бэйл (40), Мифем (45), Рим (51), Акоста (90+10).

Ўйиндан олдин АҚШ президенти Жо Байден жамоага қўнғироқ қилиб, омад қилади. Президент гапини «Мураббий, мени ҳам таркибга қўй. Майдонга тушишга тайёрман», дея ҳазил билан бошлади. Футболчилардан эса кўнгилдан ўйнашни, барчани ҳайратда қолдиришни сўради.

АҚШ Қатардаги жаҳон чемпионатига жуда қизиқарли таркиб билан ташриф буюрган. Мухлислар бу мамлакат термаси Европа чемпионатларидаги бир неча футболчини олиб, таркибни асосан океанортидаги курашувчан ва номдор бўлмаган футболчилар билан тўлдиришига одатланиб қолишганди. Аммо бу сафар бошқача — МЛС вакиллари ҳам бор, аммо жамоа ўзаги — Европанинг кучли клублари футболчиларидан таркиб топган.

Дарвозабон Тернер «Арсенал» вакили, ҳимоячи Дест — «Милан» аъзоси, ҳавбеклар Маккенни ва Рейна — мос равишда «Ювентус» ва Дортмунднинг «Боруссия» клубларида тўп тепишади. Жамоанинг асосий юлдузи эса — «Челси» вингери Кристиан Пулишич. Қолаверса, «Валенсия», «Лидс», «Боруссия» М клубларидан олинган истиқболли ёш футболчилар бор. Албатта, АҚШнинг яширин фаворит дейиш муболаға бўлиб кетади, аммо бу жамоа плей-оффга чиқишга умид қилиши мумкин.

Шундай бўлди ҳам, В гуруҳидаги биринчи турда кўп нарса ойдинлашарди. Англия Эрон устидан 6:2 ҳисобида ғалаба қозониш орқали квартетнинг яққол фаворити ва аутсайдерини кўрсатиб берди. АҚШ эса Уэльс билан гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқиш учун ким даъвогар эканини ҳал қилиши керак эди.

Уэлсликлар жаҳон чемпионатига 1958 йилдан буён илк бор ташриф буюришди. Бэйл ва Рэмзи энди 30 ёшдан ошган, иккиси ҳам анчадан буён Европада етакчи футболчилар саналмай қолган, аммо Уэльс Евро-2016 турниридаги таянч нуқталарини сақлаб қолган — прессинг, кучли ҳимоячилар, тўпсиз ўйнаш маҳорати ва қарши ҳужумлар.

Бу икки жамоа ўйини ҳисобини билган ҳолда бу ўйиндан нима кутилганини айтиш осон. АҚШ тўпга эгалик қилди ва ҳимоячилар орасидан тўпни ўтказган ҳолда рақиб мудофаасини синовдан ўтказиб, ҳужумларни ривожлантиришга уринди. Тўпга эгалик қилиш бўйича 67 фоиз устунликка эришилгани ҳолда америкаликлар дарвоза томон атиги уч бор зарба беришди ва шундан фақат биттаси дарвоза соҳасига тўғри борди. Лекин шунинг ўзи муваффақият учун етарли бўлди.

АҚШ термасига кескинлик ва бегона дарвоза атрофида бўшлиқлар етишмади, тўпга эгалик қилиш эса деярли самарасиз эди. Аммо ўйиннинг 35-дақиқасида уэлсликлар майдон марказида хатога йўл қўйишди — ҳужум бошлаган Пулишич ҳужумчи Тимоти Веани дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқарди. У эса уялтирмади.

Тимоти — Африкадан «Олтин тўп» соҳиби бўлган илк футболчи, 2017 йилда Либериянинг 25-президентига айланган афсонавий Жорж Веанинг ўғли ҳисобланади. Футболдаги юқори натижаларига қарамай, катта Веа ҳеч қачон жаҳон чемпионатларида ўйнамаган — унинг ўғли эса ҳам ўйнади, ҳам гол урди. Либерия президентининг ўғли жаҳон чемпионатида АҚШ учун гол уриши — доим ҳам бўлавермайдиган воқеа.

Танаффусдан кейин ўйин картинаси бироз ўзгарди — америкаликлар ҳимоя ҳақида кўпроқ ўйлай бошлади, Уэльс эса ўзига хос узатмалар билан жарима майдонидаги вазиятни кескинлаштириб турди ва рақиб майдонида тўп учун курашиб, уни олиб қўя бошлади. 65-дақиқада Тернер уэлслик Дэвиснинг бош билан берган зарбасидан кейин жамоасини муқаррар голдан қутқарди.

АҚШда ҳам рақибни бўш қолдирилган ҳудудлардан фойдаланиб, жазолаш учун вазиятлар бўлди, фақат америкаликлар бундан фойдалана олишмади. Ва якунда бунинг тўловини қилишди — 80-дақиқада ҳимоячи Циммерман жарима майдони ичида шу вақтгача унча кўзга ташланмай турган Гарет Бэйлни йиқитди. Тажрибали футболчи пенальтини аниқ ижро этди.

Бу ҳозирча жаҳон чемпионатининг энг яккакурашларга бой бўлган ўйини бўлди. Вазиятлар ҳам кам бўлмади — мухлислар турли услублар ва турли сюжетлар ҳамда ўйин боришининг турли сценарийларига гувоҳ бўлишди. 1:1 — нисбатан тенг кучли жамоалар ўйини учун адолатли натижа. Сифатли футбол борасида саволлар бўлса ҳам, бунақа ўйинлар ҳатто йирик турнирларда ҳам тез-тез учраб туради. Шу билан бирга, ўйинда бошқа нарса кўпроқ эди — асабийлик ва қизғинлик. Бу эса анча жозибали ингредиентдир.

Кўпроқ янгиликлар