Украина яна бир муҳим шаҳарни ўраб олди: Россия нега қуршов хавфига қарамай қўшинини олиб кетмади?

Жаҳон 23:05 / 30.09.2022 45959

Донецк областида олға силжиётган украин қўшинлари Лиман ва унинг атрофидаги ҳудудларни мудофаа қилаётган Россия гуруҳини қуршаб олмоқда. Украинларнинг шимоли-ғарбдан ва жануби-шарқдан илгарилаётган қисмлари бир-бири билан учрашишга ва Россия қисмлари чекиниши мумкин бўлган сўнгги йўлни кесиб қўйишга яқин. Аммо бу йўл ҳам хавфсиз эмас - у аллақачон Украина артиллерияси нишонида турибди.

Украина қўмондонлиги нимани режалаштиргани тушунарли: Лиманни тўғридан тўғри штурм қилишдан воз кечилиб, россияликларнинг мазкур ҳудудда жойлаштирилган барча қисмларини ўраб олиш учун қанотлардан ҳужум қилишга қарор қилинди.

Лозова томондан юриш қилган шимолий гуруҳ ўз олдига қўйилган вазифани деярли уддалаган - бу йўналишдаги қўшинлар Жеребец дарёси ёқасидаги сув омборига етиб келиб, Россия қисмларини шимолдан узиб қўйган ва уларни Лимандан 12 км шимоли-шарқдаги муҳим транспорт тугуни ҳисобланган Торское атрофида мудофаа жанглари олиб боришга мажбурламоқда, Лимандаги Россия кучлари асосий кучлар билан боғланиши учун қолган ягона йўл мазкур посёлкадан ўтади.

Украина қуролли кучларининг жанубий қаноти ҳам жадаллик билан ҳаракатланмоқда. Бу гуруҳ россияликларнинг Лимандан 13 км жануби-шарқдаги Ямпил шаҳридаги мудофаа чизиғини ёриб ўтди, Креминна йўналишида чалғитувчи ёки тийувчи зарбалар бериб, Торскоега жануби-ғарбдан яқинлашди. Чоршанба кунига ўтар кечасиёқ Торскоеда илк диверсия-разведка гуруҳлари пайдо бўлган.

Украин қўшини Лиман дуги (ёйи)нинг бошқа участкаларида ҳам босим уюштирмоқда - шаҳардан саккиз километр шимоли-ғарбдаги Новоселовка қишлоғи эгалланган, шимоли-ғарбдаги Дробишево, жануби-ғарбдаги Шурово ва жануби-шарқдаги Диброва томондан Лиманга ҳужум қилинмоқда, Сватово - Креминна шоссеси ўққа тутилмоқда.

«Бу ҳаракатни энди тўхтатиб бўлмайди. Ва у ерда уларни кичиккина, чиройлигина «котёл» кутмоқда. У ерга энди қўшимча кучлар етиб бора олмайди. У ерда ҳаммаси ҳал бўлган - «етиб боришган», - деди Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович.

Эҳтимол, Арестович камтарлик қилганди - чунки бу ерда қуршовда қолаётган гуруҳ каттагина.

Россиянинг қандай қисмлари қуршовга тушиши мумкин?

Очиқ манбаларга кўра, Лиман ҳудудида Россиянинг уюшмаган, аммо тўла жанговар қисмлари мудофааланмоқда. Биринчи навбатда, бу 20-гвардия қўшма армияси (унинг штаби Воронежда) бўлинмалари, хусусан, Белгород областининг Валуйки шаҳрида дислокация қилган 752-гвардия мотоўқчилар полкидир.

Бу биринчи чечен уруши вақтида Грознийни штурм қилган машҳур полк ҳисобланади, бу полк 1995 йил янги йилга ўтар кечаси қуршовга тушиб қолиб, ўз таркибининг ярмидан кўп қисмидан айрилганди.

У ерда шунингдек, Болтиқ флоти денгиз пиёдалари бўлинмалари ҳаракатланмоқда, Россия нашрлари улар Лиман атрофида жойлашган украин қисмларига артиллерия зарбалари бераётганини хабар қилган.

Лиман йўналишида Россиянинг мунтазам армияси қисмлари билан биргаликда «Донбасс кўнгиллилари иттифоқи»нинг «Русский легион» номи остидаги отряди («БАРС-13» деб ҳам номланади) шунингдек, Луҳанск области аҳолисидан сафарбар қилинганлардан тузилган бўлинмалар мудофааланмоқда.

Россия бош штаби нима демоқда?

Россия мудофаа вазирлиги ўз расмий ҳисоботларида муваффақиятсизлик ва Лиман йўналишида қуршов хавфи юзага келганини эътиборсиз қолдиришда давом этмоқда. Масалан, сўнгги ҳисоботда бу йўналишдаги вазият шундай баҳоланган.

«Украина қўшинларининг Лиман йўналишидаги ҳужуми муваффақиятсизликка учраши натижасида Украина қуролли кучларининг 66- ва 93-механизациялашган бригадаларининг йўқотишлари 70 дан ошиқ одам, тўрт танк, олтита пиёдаларнинг жанговар машинаси ва учта зирҳли автомобилдан иборат бўлди», -деган мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал Конашенков 28 сентябр кунги навбатдаги брифингда.

Россия ўз аудиториясини Лиман остонасидаги эҳтимолий йирик мағлубиятга тайёрламаяпти, россиялик пропагандачилар ҳам фронтдаги яққол муаммолар ҳақида сукут сақлашда давом этмоқда.

Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) экспертлари ҳисоблашича, ахборотни яшириш фронтдаги навбатдаги қулашга ва Россия қўшинлари янада кўпроқ тушкунликка учрашига олиб келиши мумкин.

Украина қуролли кучларининг Шарқий гуруҳи вакили Сергей Череватий эса Украина жамоатчилик телевидениесига берган интервьюсида украин қўшини Лиман ҳудудидаги Россия гуруҳини оператив қуршовга олиш жараёнини якунлаётгани ҳақида маълум қилди.
 
«Амалда рақибнинг ўқ-дори ва жонли куч келтириш мумкин бўлган барча логистик йўллари Украина қуролли кучларининг зарбаси остида турибди», деган Череватий.

Унинг сўзларига кўра, россияликларнинг бу ҳудуддаги позициялари етарлича мустаҳкам, шу туфайли бу сафар Харкивда бўлгани каби барчаси тез суръатда ривожланмайди.

«Агар рақиб Харкив остонасида синдирилган ва қочган бўлса, Лиман атрофида у нисбатан мустаҳкам ҳимояланган ва унинг бўлинмалари етарлича тайёрланган. Шу туфайли бу вақт олади, аммо бизнинг Бош штабимиз ва жойлардаги штаблар улардан тактик жиҳатдан устун», -дея тасдиқлайди Череватий.

«ДХР» раҳбари Денис Пушилин ҳам Лиман шаҳри украин кучлари қуршовида қолаётганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, фронтдан ўта хавотирли янгиликлар келмоқда, Ямпил ва Дробишево бой берилган.

Лиман атрофида РФ армияси ва Донбассдаги «республика»ларнинг жами 5,5 минг кишилик қўшини қуршовда қолган.

Лиманнинг бой берилиши Россия учун нимани англатади?

Россия армияси Лиманни май ойи охирида эгаллаганди. Бу катта бўлмаган, лекин икки томон ҳам стратегик муҳим бўлган шаҳардир. Лимандаги плацдарм Россия қўшинларига шимолдан Донецк области ичкарисига, Словянск ва Краматорскка юриш қилиш учун имконият беради. Бундан ташқари, шаҳар устидан назорат ўрнатилиши Словянск ва Северск ўртасидаги автомагистрал алоқаси узиб қўйилишига олиб келганди.

Украина армияси учун Лиманнинг эгалланиши оператив кенглик очади - очиқ ялангликлар бўйлаб шимоли-шарққа, Сватово йўналишида ҳаракатланиб, Россиянинг Оскол дарёси бўйидаги қисмлари орқасида пайдо бўлиш, Россиянинг Валуйки шаҳридан Троицкое - Сватово линияси бўйлаб келган рокадаси (фронт чизиғи бўйлаб ёки унга параллел ўтадиган алоқа йўли)ни тўсиб қўйиш ва россияликлар бу йўл бўйлаб ўрнатган янги таянч пунктларини йўқ қилиш мумкин.

Шунингдек, шарққа бурилиб, Креминнага зарба бериш ва бу орқали кейинроқ шимоли-ғарбдан Северодонецкка йўл очиш мумкин. Украин бўлинмалари Билоҳировкани эгаллаб, ғарбдан Северодонецк-Лисичанск агломерациясига яқинлашишга муваффақ бўлиши ҳам муҳимдир.

Россия армияси Лиманни май ойи охирида эгаллаганди. Фото: RUSSIAN MOD/TASS

Луҳанск йўналишидаги вазият Россия армияси учун мураккаблашди, айрим участкаларда захира кучлар етишмаяпти, бошқаларида эса Купянск ва Изюм атрофидан зудлик билан чекинилгач, янги мудофаа чизиқлари барпо этилишига улгурилмаган.

Бундан ташқари, Лиман атрофидаги россиялик ҳарбийлар тақдири ҳавас қилгулик эмас, агар қуршовдан чиқиб кета олишмаса - уларни асирлик ёки ўлим кутади.

Россия нега имконият бор бўлса ҳам Лимандаги қўшинларни олиб кетмади?

Изюм атрофида шунга ўхшаш вазият юзага келганида, «қоп оғзи ёпилаётганида» ва Россия гуруҳида чекиниш учун ягона йўл қолганида РФ қуролли кучлари қўмондонлиги иккиланиб ўтирмаган ва зудлик билан қўшинларни шарққа олиб кетганди. Ҳа, кўплаб техникалар, қурол-аслаҳалар ва ўқ-дориларни ташлаб кетишга тўғри келган; ҳа, йўли кесиб қўйилган ва қуршовга тушган бўлинмаларни қутқаришнинг имкони бўлмаган; ҳа, бу чекиниш туфайли Россия қўшинларининг вазияти ёмонлашган - аммо шахсий таркибнинг катта қисмини сақлаб қолишга эришилганди.

Россия қўшинлари Изюмдан чекингач украинлар жуда кўп техникаларни ўлжа қилиб олишди. Фото: Getty Images

Аммо урушларда урушувчи томонларнинг қўмондонликлари қабул қилган қарорлар ҳамиша ҳам мантиққа мос келавермайди. Жанг майдонидаги вазият тезлик билан ўзгараётган шароитда кўп нарса тасодифлар занжирига, кутилмаган ҳолатлар ва ташқаридан кузатувчилар учун аён бўлмаган бошқа сабабларга боғлиқ бўлади.

Россия армияси Лиман атрофидаги позицияларини нега охиригача ушлаб туришга қарор қилгани ҳақида кўплаб тахминларни илгари суриш мумкин, аммо улар қанчалик асосли экани яқин вақтлар ичида аён бўлмайди.

Версия 1. Россиялик ҳарбийлар хатоси

Россия қўшинларининг Харкивдаги йирик мағлубиятидан кейин Россиядаги ўзини «ватанпарварлар» деб ҳисобловчи доираларда «ким айбдорлиги» борасида қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилди.

Алалоқибат россиялик пропагандачилар консенсусга келишди - барчасига жойлардаги командирларнинг нотўғри ҳисоб-китоблари, бир неча қаватли мудофаа тайёрланмагани ҳамда Донбассдан сафарбар қилинганлар энг олдинги чизиққа қўйилгани (улар биринчи зарбадаёқ чекинган) сабаб бўлган - шунда нима қилиш керак, сафарбарлик йўқ, одамлар етишмайди, чекинишга тўғри келган.

Лимандаги вазиятда россиялик ҳарбий бошлиқлар олдинги хатолардан хулоса чиқариб ҳаракатланган деб ўйлаш мумкин: улар мудофаани ҳарбий илмнинг барча қоидалари бўйича тизишди ва Украина қуролли кучлари икки томондан айланиб ўтиб, ҳалқани ёпишга киришганда ҳам позицияларини ушлаб қолиш мумкин деб ҳисоблашди.

Аммо, барибир қўмондонлар рақибнинг жанговар тайёргарлигини паст баҳолаб, ўз қўшинларининг имкониятларини тўғри баҳолай олмаган бўлиши мумкин. Энди эса кетишга кеч бўлди.

«Ниҳоят биз у ерга қисмлар, бўлинмалар, артиллерия ва ҳаво разведкаси воситаларини юборармиз? Нималар бўляпти?!» - дея Лимандаги вазият бўйича ғазабланди телебошловчи Владимир Соловьев.

«Ҳар сафар ўқияпмиз: барсчилар ушлаб туришибди, 20-армия ушлаб турибди… Уларга қўшимча кучлар, ҳарбий стратеглар ҳам берайлик ёки улар [украин қўшини] Луҳанск области чегараларига чиқсин, биз эса елка қисиб айтамизми: хўш, қуршаб олишди, биз чекинишимиз керак эди. Бу нима ахир, Харкивдаги каби ухлаб қолишдими? Етар ҳудудларни йўқотиш!» дея норозилик билдиради Соловьёв.

Сўнгги вақтларда ҳарбийларни танқид қилиш ва баъзида қаттиқ койиб сўкиш россиялик пропагандачиларнинг севимли машғулотига айланиб қолди, асосийси - буни аниқ манзилсиз ва Россия армиясига муҳаббатни ёддан чиқармаган ҳолда қилиш, акс ҳолда туҳмат ва армияни обрўсизлантириш важлари билан жавобгарликка тортишлари мумкин.

Версия 2. Кремлнинг босими

Киев, Харкив, Одесса ва Украинанинг бошқа йирик шаҳарларини эгаллаш учун уринишлардаги муваффақиятсизликлардан кейин Россия раҳбарияти қисқа муддатли стратегик вазифаларни ишлаб чиқди - Луҳанск ва Донецк областларини тўлиқ эгаллаш.

Россия армияси қўмондонлиги учун бу вазифалар худди Сталиннинг «ортга бир қадам ҳам чекиниш йўқ!» буйруғи каби эди.

Кейин Донбассда кенг кўламли ҳужум бошланди, Россия армияси «олов ҳалқаси» тактикасини қўллади, шиддатли артиллерия зарбалари орқали украинларнинг истеҳкомлари ер билан битта қилинди. Шу билан бирга, эгалланган ҳудудларда узоқ муддат учун мустаҳкам позициялар ўрнатиш Кремл томонидан қўйилган вазифага мос эмасди - агар барибир эртага яна олдинга силжиш тўғрисида буйруқ берилса, чуқурлар қазиш ва темир-бетон истеҳкомлар ўрнатишдан маъно йўқ эди.

Россия армияси ташаббусга эгалик қилиб турганида эгалланган аҳоли яшаш манзилларини ушлаб қолиш билан боғлиқ муаммолар долзарб эмасди. Ҳозир эса вазият ўзгарди, Россия қўшинлари ҳимояланиши учун мустаҳкамланган позицияларга эҳтиёж бор, аммо бундай позицияларнинг аксарини уларнинг ўзи яксон этишган.

Ҳозирда Украина қуролли кучлари фронтнинг кўплаб участкаларида ташаббусни қўлга олган.

Шу билан бирга, чекиниш мумкин эмас. Харкив областидан шошилинч чекинишни «қўшинларни қайта гуруҳлаш» зарурати билан изоҳлаш мумкин бўлган бўлса, Донецкда ва эҳтимол келгусида Луҳанск областида ҳудудларни ташлаб кетиш тўғридан тўғри олий қўмондоннинг буйруғини бажармаслик бўлиб кўринади, бу эса унинг ғазабини келтириши тайин ва камида кадрлар алмашинувига сабаб бўлади.

Версия 3. Мажбурий қурбонлик

Лиман атрофидаги ҳозирги вазият Россиянинг Украинага босқинининг илк даврида Мариупол билан юзага келган вазиятни эслатмоқда. Ўшанда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги онгли равишда шаҳарда қуршовда қолиши муқаррар бўлган йирик гуруҳни қолдирганди - бу гуруҳ бостириб келаётган душманнинг асосий кучларини ўзига жалб қилиб, Украина армияси захираларни тўплаши ва фронт чизиғи бўйлаб мудофаа чизиқларини тайёрлаши учун вақтдан ютиш имконини берганди.

Россия армияси Харкив областидан чекингач худди шунга ўхшаш ҳолатда қолган - янги мудофаа линияси ҳали қурилмаган, сафарбарлик эвазига келиши мумкин бўлган захира кучлар ҳали тайёр эмас, рақиб эса тўлиқ куч билан ҳужум қилмоқда.

Эҳтимол Украина армияси ортда ҳали таслим бўлмаган йирик гуруҳ борлигини инобатга олган ҳолда ўз ҳаракатини секинлаштиришидан ва унга қарши курашишга вақт сарфлашидан умид қилинган. Вақт ўтиб эса вазият ўзгариши ва Лиман атрофида қуршовга тушган қўшинларга ёрдам юбориш имкони туғилиши мумкин.

Ҳарҳолда кремлпараст блогерлар фронтга минглаб сафарбар қилинган захирадагилар келиши вазиятни ҳеч бўлмаганда барқарорлаштиришига умид боғламоқда.

Кўпроқ янгиликлар