Тошкент фонд биржасига Гиорги Паресишвили раҳбар этиб тайинланди

Ўзбекистон 20:52 / 16.08.2022 5451

Биржа кузатув кенгашининг 15 августдаги йиғилишида шундай қарорга келинган.

Гиорги Паресишвили 2014 йилдан ҳозирги кунгача Грузия Фонд биржасининг раҳбари бўлиб келган. Шу билан бирга, Грузия Марказий қимматли қоғозлар депозитарийси Кузатув кенгашининг раиси бўлган.

“Банк соҳасида ва капитал бозорида 27-йиллик тажрибага эга юқори малакали хорижий топ-менежерни жалб этиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг капитал бозорини ривожлантириш стратегиясининг бажарилиши ва амалга оширилиши муносабати билан қабул қилинди”, – дейилади Молия вазирлиги ахборотида.

Қайд этилишича, Гиорги Паресишвилининг асосий вазифалари маҳаллий фонд бозорини халқаро капитал бозори инфратузилмасига интеграциялаш, шунингдек, маҳаллий акциядорлик жамиятларининг IPO ва SPO'ларини ўтказишда ёрдам беришдир.

Жумладан, янги бошқарувчининг вазифаларига қуйидагилар киради: иш самарадорлигини ошириш, халқаро илғор тажрибалар асосида листинг ва савдо қоидаларни такомиллаштиришга доир тавсиялар бериш, листинг компаниялари сонини кўпайтириш, умуман бозор инфратузилмаси, IT комплекси фаолияти самрадорлигини ошириш мақсадида бозорнинг тегишли иштирокчилари билан яқин хамкорлик қилиш.

Георгий Паресишвили 1995 йилда Тбилиси давлат университетининг иқтисодиёт факултетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Тбилисидаги “Абсолют Банк”да бошлаган. 2000-2002 йилларда Мичиган университети Стивен М. Росс бизнес мактабида таҳсил олган ва Бизнес бошқаруви магистри (МБА) даражасини олган.

2000 йилдан 2005 йилгача у Лондон ва Нью-Йоркда Швейцариянинг энг йирик молиявий конгломерати Credit Suisse инвестиция банкининг бўлими бўлган Credit Suisse First Boston'да ишлаган. 2005 йилдан бери Георгий Паресишвили Грузиянинг Terabank, Liberty Bank, Bank of Georgia ва бошқа етакчи банкларида бошқарув лавозимларда ишлаган.

Кўпроқ янгиликлар