“Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Интеллектуал мулк ҳуқуқига ихтисослашган судлар нега керак?

Ўзбекистон 09:06 / 16.08.2022 1763

Мамлакатимиз судларида интеллектуал мулк билан боғлиқ кўрилаётган ишлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. 2011 йилда 22 та шундай иш кўрилган бўлса, 2021 йилда бу 213 тани ташкил этган. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатида экан, интеллектуал мулк соҳасини ҳуқуқий муҳофаза қилиши тизимини қайта кўриб чиқиши, шу йўналишга ихтисослашган алоҳида судлар ташкил этилиши лозим, деб ҳисоблайди мутахассис.

Фото: Shutterstock

Ҳар бир мамлакатнинг юқори даражада иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, жамиятдаги ҳаёт фаровонлигини ошириш учун интеллектуал мулк муҳофазаси кучли ҳуқуқий тизимга эга бўлиши, интеллектуал мулк муаллифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланиши лозим.

Интеллектуал мулк ҳуқуқий жиҳатдан кучли муҳофазага олинса, ихтирочи ва ижодкорларга яратган объектлари учун муносиб ҳақ тўланса, ушбу соҳа инвестициялар учун жозибадор бўлса, бунда ўз ўзидан  иқтисодиётни тараққий эттиришга замин яратилади.

Интеллектуал мулк объектлари бугунги кунда фуқаролик муносабатларида кўп учрайдиган, айниқса ривожланган давлатлар  иқсодиётининг катта даромад манбаига айланиб улгурган, янги замонавий билимларга асосланган инсон тафаккури маҳсули сифатида ажралиб туради.     

Интеллектуал мулк мамлакатларнинг жаҳон бозоридаги қайсидир йўналишни эгаллаш йўлидаги асосий шартлардан бири бўлиб, бугунги кунда интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда эса 7 фоизни ташкил этади.

Айтиш жоизки, АҚШ, Германия, Япония сингари саноати тараққий этган давлатларда ялпи ички маҳсулот ўсишининг 80 — 95 фоизи техника ва технологияларда ўз ифодасини топган янги билимлар ҳамда инновациялар улушига тўғри келмоқда.  

Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори юқори баҳодаги маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли муҳофазасини таъминлаш муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига мувофиқ, “Ҳар ким ўзи муаллиф бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлардан келиб чиқадиган маънавий ва моддий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақлидир”.

Шунга кўра, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ривожланган давлатлар иқтисодиётининг пойдеворини ташкил этади ва бутун дунёда муаллифлар ва уларнинг ҳуқуқий ворислари манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда бутун дунёда интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган судлар сони тобора ошиб бормоқда.

Ушбу тенденция биринчи навбатда ихтисослашган судларга нисбатан талаб борлиги билан баҳоланса, иккинчидан, давлатларнинг Жаҳон савдо ташкилотига (WTO) аъзо бўлиши билан боғлиқ десак ҳато бўлмайди.

ТРИПС Келишувининг 41-моддасига мувофиқ, қайд этилган ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар интеллектуал ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш зарурлиги расман тан олинади.

Ушбу нормага асосан ихтисослаштирилган интеллектуал мулк судларини яратиш мажбурий бўлмаса ҳам кўплаб хорижий давлатларнинг ўзлари бундай қарор қабул қилишмоқда ва WTO’га аъзо мамлакатларнинг аксариятида ихтисослашган судлар ва трибуналлар ташкил этилган ёки мавжудлари қайта таснифланган. Бунга интеллектуал мулк ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган судлар ташкил этилган хорижий давлатларни мисол сифатида келтириш мумкин. Булар:

Туркия Республикаси - Aдлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ихтисослаштирилган судлар интеллектуал мулкий муносабатлар бўйича низонинг миқдори ёки қонунда белгиланган жазодан қатъий назар ваколатли ҳисобланади.      

Япония - интеллектуал мулк ҳуқуқи масалалари Олий суд томонидан кўриб чиқилади;

Хитой – Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича ихтисослашган судлар;

Швейцария ва Германия - Федерал Патент судлари томонидан кўриб чиқилади;

Корея - Патент Суди;

Россия Федерацияси - Интеллектуал мулк ҳуқуқлари Суди;

Таиланд - интеллектуал мулк ва халқаро савдо масалалари бўйича Марказий суд;

Франция - ихтисослашган Суд палаталари;

Мексика - ихтисослашган судлар;

Хиндистон – ихтисослашган судлар.

Ҳозирги кунга келиб дунёнинг кўплаб ривожланган   мамлакатларида интеллектуал мулк объектларига доир ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиш институти тобора кенгроқ қўлланилмоқда.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан ташкилотга аъзо давлат ўртасида ҳар йили “Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш индекси бўйича дунё давлатлари рейтенги” эълон қилиниб борилади.

Таъкидлаш лозимки, айнан шу рейтингда етакчилик қилаётган Швейцария, Швеция, Финландия, Франция, Германия, Корея, Хитой давлатларида интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ низоларни кўриб чиқувчи махсус ихтисослашган судлар ташкил этилганлиги яна бир бор ушбу судларнинг аҳамиятга молик омиллардан бири деб баҳоласак бўлади.

Шунингдек, Бельгия, Бразилия, Венгрия, Гонконг, Дания, Исроил, Эрон, Испания, Италия, Канада, Голландия, Норвегия, Покистон, Панама, Руминия, Словения, Словакия, Жанубий Америка мамлакатлари, Финландия, Франция, Швеция, Россия, Туркия каби давлатларнинг умумюрисдикция судлари тизимида интеллектуал мулкка доир  ишларни кўриб чиқувчи махсус, яъни ихтисослашган суд таркиблари ташкил этилган.

Ўзбекистон учун ҳам бугунги кунда дунёнинг ҳар қандай мамлакати каби интеллектул мулк ҳуқуқи муҳофазасини таъминловчи ташкилий-ҳуқуқий механизмларни мунтазам такомиллаштириб бориш энг долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.

Хусусан, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам миллий қонунчилигимизда ҳам интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқлар ўта муҳим фуқаролик ҳуқуқларидан бири сифатида тан олинади.

Ҳар бир инсон ҳуқуқ эгаси сифатида ўзи муаллифи ҳисобланган илмий, адабий ва бадиий фаолият натижаларига нисбатан маънавий ва моддий манфаатлари муҳофаза қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни муҳофаза қилиш усуллари ичида суд орқали ҳимоя қилиш муҳим ўрин эгаллайди ва у қонун билан кафолатланади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига биноан ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар,  жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Таҳлиллардан аён бўладики, мамлакатимиз судларида кўрилаётган интеллектуал мулк билан боғлиқ ишлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда масалан, 2011 йилда суд органлари томонидан интеллектуал мулк объектлари ва уларга оид ҳуқуқларни таъминлашга алоқадор 22 иш кўрилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 100 тани ташкил этган, 2020 йилда 185 та 2021 йилда 213 та ва 2022 йил ярим йилликда 141 дан ортиқ ишлар турли судлар томонидан кўрилган.

Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизда кундан кунга фан, техника, санъат ривожланиб келаётганлиги, интеллектуал мулк эгаларининг эса ўзларининг интеллектуал мулкига бўлган ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш билан боғлиқ мурожаатларининг сони ва турлари ортиб бораётганлигидан дарак бермоқда.

Айтиш жоизки, яқин келажакда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал этиш судлар фаолиятининг долзарб масалаларидан бирига айланиши эҳтимоли мавжуд, чунки бутун дунёда бўлгани каби интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилиши мавзусида бизнинг мамлакатимизда ҳам етарлича муаммолар мавжуд.

Бу муаммоларнинг келиб чиқишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда.

  • Биринчидан, аҳолининг бу соҳадаги билим кўникмалари ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада  эмаслиги;
  • иккинчидан; замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситасида маълумотларни унинг муаллифи, яъни ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ўзлаштириш, ўзига мос равишда ўзгартириш, кўпайтириш ва тарқатиш жараёнининг ўта осон ҳамда арзон ишга айланиб қолиши;
  • учинчидан, суд-ҳуқуқ тизимида фаолият олиб бораётган судьяларнинг интеллектуал мулк соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаганлиги сабабли процессуал қонун моддалари нотўғри квалификация қилинаётганлиги ҳолатлари учраб туриши кабилар.

Шу сабабли бугунги кунда интеллектуал мулк соҳасидаги ишларни кўришда судлар томонидан айрим хатоликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек, суд тизимида баъзи бир жиддий муаммоларнинг борлиги ҳам ҳақиқат.

Баъзи бир инстанция судлари қарорлари бекор бўлаётганлиги ёки судяларимизнинг интеллектуал мулк соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаганлиги сабабли процессуал қонун моддалари нотўғри квалификация қилинаётганлиги фуқароларимизда интелектуал мулк ҳуқуқи муҳофазасига нисбатан ишончнинг пасайишига сабаб бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 8 февралдаги ПҚ-4168-сон қарорида мамлакатимизда интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотларни янада кучайтириш лозимлиги белгилаб берилганлиги ҳам юқорида баён этилган фикрларимиз асосли эканлигининг исботи сифатида қаралиши мумкин.

Хусусан, мазкур қарорнинг 5-бандида интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси тасдиқланган бўлиб унда интеллектуал мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш борасида жуда кўп ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Жумладан, интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқини адлия органларига тақдим этган ҳолда, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш масаласини кўриб чиқиш ва шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди қошида Патент судини ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгилаган.

Ихтисослашган судларни ташкил этишнинг ижобий натижаларидан бири бу низоларни сансалорликларсиз, қисқа муддатларда кўриб чиқилишига ҳамда  cоҳанинг ўзига ҳос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда судьялар малакасини доимий равишда ошириб бориш орқали суд амалиётининг бир хиллигига эришишга олиб келади.

Бу Қонунчилик ва суд амалиётининг барқарор ривожланишига, суд қарорларининг башорат қилинишига олиб келади, башорат қилиш натижасида эса келишув битимлари кўпаяди.

Бу эса судгача бўлган тартибда тарафларнинг ўзаро келишувга келиши яъни медиатцияни ривожлантиради.

Ихтисослашган судларнинг ташкил этилиши ва уларнинг узлуксиз ишлаши кўплаб мамлакатларда интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилишининг камайишига олиб келди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ҳаракатида экан, интеллектуал мулк соҳасини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Маҳмудова Мадина Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти,
муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бошқармаси бош маслаҳатчиси

Кўпроқ янгиликлар