Финландия 16 август куни россияликларга виза бериш масаласини кўриб чиқади

Жаҳон 09:43 / 15.08.2022 1856

Россия фуқароларига сайёҳлик шенген визаси берилишини чеклаш масаласи кўриб чиқиладиган Финландия ҳукуматининг йиғилиши 16 август куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда 14 август, якшанба куни Финляндиянинг Yle давлат телерадиокомпанияси маълум қилди.

Финландия вазирлар маҳкамаси россияликларнинг мамлакатга саёҳат қилишини чеклаш масаласида ҳали аниқ позицияга эга эмас, дея аниқлик киритди Yle. Мамлакат ТИВ турли вариантларни ўрганиб чиқди, улардан бири амалда туристик визалар беришни мураккаблаштиришдан иборат. Ҳукумат 16 август куни бўлиб ўтадиган норасмий йиғилишда эҳтимолий ечимларни кўриб чиқади. 

Ўз навбатида, Финландия бош вазири Санна Марин ЕИ санкцияларининг кенгайиши натижасида РФ фуқароларининг туристик сафарлари чекланишига умид билдирди. Вазирлар маҳкамаси раҳбари бу масала ЕИ саммитлари форматида, хусусан, 2022 йил октябр ойида кўриб чиқилишини кутмоқда. 

Финландия ва Болтиқбўйи давлатлари томонидан илгари сурилган, ЕИ санкцияларини кенгайтириш ғояси Марказий Европадаги дам олиш мавсумида эълон қилинди. 

Финландия ТИВ раҳбари Пекка Ҳаависто аввалроқ шенген туристик визаси учун россияликлардан аризаларни қабул қилишни ҳафтада бир кун билан чеклашни таклиф қилган эди. «Амалда бу душанба кунлари турвизага топшириш мумкинлиги, сешанбадан жумагача эса фақат оилавий сабаблар, ўқиш, иш ёки бошқа жиддий сабабларга кўра виза олиш учун ариза бериш мумкинлигини англатади», деди у. 

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Европа иттифоқининг Россия фуқароларига виза бериш сиёсатини яна бир бор танқид қилди. «Европа ғоясини, бизнинг умумий Европа қадриятларимизни йўқ қилиш, яъни Европани супермаркетга айлантириш керак эмас, у ерга исталган одам кириб, товар учун пул тўлаб чиқиб кетиши номақбулдир», деди Зеленский 12 август куни видеомурожаатида. У бу масалани ЕИда расмий муҳокама даражасига олиб чиққан Чехия, Болтиқбўйи давлатлари ва Европа бошқа давлатларига миннатдорчилик билдирди.

Шу билан бирга, Зеленский Россияда таъқиб қилинаётган ёки ўлдирилиши мумкин бўлган шахслар борлигини ва улар қочқинлар механизмлари орқали ёрдам олиши кераклигини тан олди. 

Литва ТИВ РФ фуқароларининг Евроиттифоқ даражасида мамлакатга киришини тақиқлашни зарур деб билишини таъкидлади. «Литва доимий равишда агрессив давлатларга қарши санкциялар қўллаш тарафдори бўлиб келади ва чекловлар ЕИ даражасида қўлланилса, янада самаралироқ ишлайди деган позицияга амал қилади», — дея маълум қилди вазирлик. Литвада давлат хавфсизлиги, виза бериш ва чегара назорати каби соҳалар учун масъул бўлган муассасалар Эстония ва Латвия томонидан бу борада илгари қабул қилинган қарорларни баҳоламоқда. 

Дания ҳам россияликлар учун виза чекловларини муҳокама қилишга тайёр, деб хабар берди иммиграция ва интеграция вазири Коре Дюбвад ҳамда Дания ТИВ раҳбари Еппе Куфуд. «Умумевропа жавобини ишлаб чиқиш керак», деди Дюбвад. 

Шу билан бирга, Финландия Халқаро муносабатлар институтининг катта илмий ходими Юсси Лассила РФда мухолифат бостирилган ва норозилик учун ҳақиқий имконият йўқ бўлган вазиятда жамоавий айбдорлик ғояси қўлланилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Чегаранинг ёпилиши Россия ичидаги норозиликни кучайтиради ва аҳолини Владимир Путин режимига қарши қўяди, деган фикрни Лассила содда деб атади. Мутахассиснинг таъкидлашича, россияликларнинг катта қисми чет элда дам олмайди ва бу қарор уларга таъсир қилмайди. 

Кўпроқ янгиликлар