«Реал»нинг энг осон соврини. Мадридликлар пиёда юриб Суперкубокни қўлга киритди

Спорт 12:33 / 11.08.2022 13749

УЕФА Суперкубоги. 10 август (чоршанба)
Реал Мадрид – Айнтрахт Франкфурт - 2:0

Ҳелсинки, «Олимпия» стадиони.
Голлар:
1:0 – 37 Алаба, 2:0 – 65 Бензема.
Реал Мадрид – Куртуа, Карвахал (Рюдигер, 85), Алаба, Милитао, Менди, Модрич (Родриго, 67), Кроос (Тчуамени, 85), Каземиро, Вальверде (Камавинга, 76), Бензема, Винисиус Жуниор (Себалйос, 85).
Айнтрахт Ф – Трапп, Туре (Аларио, 70), Ндика, Тута, Ленц, Роде (Гётце, 58), Соу, Камада, Линдстрем (Коло-Муани, 58), Кнауфф, Борре.
Огоҳлантириш: Аларио (90).

62 йил ўтиб

УЕФА Суперкубоги кўргазмали соврин сифатида қолмоқда, шу туфайли бу ўйинлардан ҳамиша очиқ ва томошабоп футбол кутишади. «Реал» ва «Айнтрахт» ўйини арафасида эса алоҳида голлар ёмғирини кута бошлашди — ҳаммаёқда шу рақиблар ўртасида 1960 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионлари кубоги ўйинидаги аномал ҳисоб қайд этилган скриншотлар тарқалди. Ўшанда мадридликлар 7:3 ҳисобида ғалаба қозонишган. Ференц Пушкаш покерни расмийлаштирган, Альфредо Ди Стефано эса — ҳет-трик.

62 йил ўтиб кўп нарса жуда ўзгариб кетди. Аммо ҳаммаси эмас. Масалан, «Реал» ўтган аср ўрталаридаги каби тез-тез асосий еврокубоклар финалларида устун келади, гарчи бошқа 7:3 ҳисоби қайд этилмаган бўлса-да. Май ойида Винисиуснинг биргина аниқ зарбаси «Қироллик клуби»га «Ливерпул»га қарши ЕЧЛ финалида ғалабани таъминлаганди.

«Айнтрахт» эса — анчадан буён Европа эшелонининг иккинчи ёки учинчи даражаси вакилига айланиб қолган. Очиғини айтиш керакки, немислар клуби туфайли Суперкубок аншлаг ҳосил қила олмади. Франкфурт жамоаси ҳам совринга муносиб эди, клуб Европа Лигаси ғолиблиги йўлида қатор номдод рақибларни мағлуб этди. Аммо «Барселона» чоракфиналда айнан «Айнтрахт»га ютқазиб чиқиб кетмаганида ва финалга етиб бориб, кубокни қўлга киритганида Ҳелсинкидаги Суперкубок арафасидаги ажиотаж қандай бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. УЕФА Суперкубогида класико! Финландиянинг сокинликка чўмган пойтахти шу куни дўзах қозонидек қайнаган бўларди.

Турли вазн тоифасидаги рақиблар

Аммо бу финалда ҳам интригалар етарли эди. Масалан, «Реал» УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлиш бўйича етакчи икки жамоа — «Барселона» ва «Милан»га етиб олиш учун ўйнаши мумкин эди. Карло Анчелоттида эса турнир тарихидаги энг совриндор мураббий мақомини қўлга киритиш имкони юзага келганди. Шу билан бирга, мадридликлар ёзги танаффусдан кейин финал ўйинига юз фоиз тайёр ҳолатда дейиш қийин эди. Анчелотти Парижда ЕЧЛ ғолиблиги учун «Ливерпул»га қарши ўйнаган таркибни туширишга қарор қилди.

«Реал» учун бу мавсумдаги илк расмий ўйин бўлса ҳам, яққол фаворит саналарди. Аммо мавсумга киришиб олиш дегани ҳамиша ҳам плюс бўлавермайди. «Айнтрахт» эса Суперкубок ўйинига қадар иккита расмий учрашув ўтказди: Германия Кубогида қуйи лига вакили «Магдебург» тор-мор этилди, Бундеслиганинг 1-турида «Бавария»дан тор-мор бўлди — 1:6. Бу ҳам етмагандай, испанларга қарши ўйин арафасида жамоа етакчиларидан бири Филип Костич «Ювентус»га кетаётгани маълум бўлди. Сербиялик ҳужумкор яримҳимоячи жума куни мюнхенликларга қарши ўйинда майдонга чиққанди, энди эса Туринга қочиб кетаёзди, бундан эса собиқ жамоаси карахт ҳолатга тушди.

Алабанинг голи

Бир томонда — класс ва хотиржамлик, иккинчи томонда — нисбатан кучсиз таркиб ва негатив фон. Бундай вазиятда «Реал» «Айнтрахт»га қарши жиддий тайёргарлик кўришини кутиш қийин эди. Катта эҳтимол билан шу туфайли ўйин старти ланж кечди. Мадридликлар майдон бўйлаб пиёда сайр қилишди ва диққатни бир жойга жамлашга ҳаракат ҳам қилмади. Анчелотти жамоасининг фақатгина 14-дақиқага келиб кузатилган позицион хатолар уйғотди, бу вақтда «Айнтрахт» форварди Даити Камада Тибо Куртуа қўриқлаётган дарвозага жиддий хавф солди. Лекин кўп ўтмай «Реал» хавфли ҳужум уюштирди — Винисиуснинг зарбасидан кейин тўпни дарвоза чизиғи олдида Туту тўхтатиб қолди. Яъни қаймоқранглилар ўйинга фақат ўзларига ниш урилганидан кейингина қўшилди.

«Реал» тактика нуқтайи назаридан ҳам ҳайрон қолдирмади: ҳужум вақтида классик 4-3-3 ва тўпсиз ҳаракатланишда 4-4-2. Тўғри, «Айнтрахт» кўп вақт давомида тўпга эгалик қилиб турганида Федерико Вальверде ўзининг ўнг қанотида анча орқароқда ҳаракат қилди — бу орқали ЕЧЛ ғолиблари ҳимоя чизиғи беш ҳимоячидан иборат кўринишга келди. Аммо Вальверде нега бундай қилгани тушунарсиз — чунки Франкфурт жамоаси чап қаноти қироли бўлган Костич Ҳелсинкига учмаганди ҳам.

«Айнтрахт» бош мураббийи Оливер Глазнер ҳам ҳеч нарса билан ҳайратга сололмади — немислар қуйи блокда уч марказий ҳимоячи билан ҳимояланди ва фақат қарши ҳужумлар ҳамда стандарт вазиятларга умид қилди. Фақат бу самара бермади. «Реал» эса учинчи бурчак зарбасидан кейиноқ ҳисобни очди, бу вазиятда Франкфурт вакиллари ўта ёмон ҳаракатланишди — гол муаллифи Давид Алаба бир неча метр масофадан туриб мутлақо қаршиликсиз бўш дарвозани ишғол этди.

Навбатдаги соврин

Ҳисоб 1:0 кўринишига келгач «Реал» тинчланди, шу билан бирга иккинчи бўлимда немислар жамоасини очилишга мажбур қилди. Глазнер таянч яримҳимоячиси Себастьян Родени ўйиндан олди ва Марио Гётцени туширди, аммо бу ўзгариш «Реал» фойдасига ишлади. «Айнтрахт»да чизиқлар орасида катта бўшлиқ юзага келди, айниқса жарима майдони атрофи очилиб қолди ва бу иккинчи голга олиб келди. Бу гол жуда осон урилди: Винисиус одатдаги каби қанотдан ёриб кирди ва 11 метрлик нуқта атрофида турган Бенземани тўп билан таъминлади. Франкфурт жамоасида ҳеч ким бу ҳужумни ўқий олмади, дарвозабон Кевин Трапп эса ўзига қарата йўлланган осон зарбани ўтказиб юборди.

Бензема учун бу аҳамиятли гол бўлди. Биринчидан, француз «Реал»нинг доимий сардори сифатида илк бор дарвозани ишғол этди. Иккинчидан, «Қироллик клуби» сафидаги голлари сонини 324 тага етказиб, Раулни ортда қолдирди. Олдинда фақат 450 гол билан Криштиану Роналду жойлашган.

2:0 ҳисоби барчани тинчлантирди. Ҳелсинки ареналарида ҳуштакбозликлар бошланиб кетди — томошабинларга пассив ва секин футбол ёқмасди. Уларни тушуниш мумкин — Финландияга жаҳон даражасидаги юлдузлар жуда кам келишади, улардан ёрқинроқ ўйин кутишганди. Бу ўйин тарихга кирмаслиги тайин, аммо «Реал»нинг совринлар хонаси яна бойиди. 

«Реал» бу турнир ўтказиб келинаётган 50 йил ичида бешинчи бор  УЕФА Суперкубогини қўлга киритди (2002, 2014, 2016, 2017, 2022) ва «Барселона» ҳамда «Милан» рекордини такрорлади.

Карло Анчелотти ўзининг уникал ютуқларига (барча топ-5 лигалар чемпионлиги ва Чемпионлар лигасида тўрт бор ғолиблик) яна биттасини қўшиб қўйди: италиялик мураббий Суперкубокни тўртинчи бор қўлга киритди, икки бор «Милан» билан (2003, 2007) ва икки бор «Реал билан (2014, 2022). У бундай совриндан учтаси бор Хосеп Гвардиолани ортда қолдирди.

Бензема «Реал» билан 23-совринини қўлга киритди ҳамда Серхио Рамосни (22) ортда қолдириб, Франсиско Хенто билан тенглашиб олди. Рекорд — ЕЧЛ финалидан кейин клубни тарк этган Марселода (25).

Кўпроқ янгиликлар