Snickers Тайванни мамлакат деб атагани учун Хитойдан узр сўради

Жаҳон 20:38 / 05.08.2022 14720

Snickers савдо маркаси ва унинг эгаси, Mars Wrigley компанияси реклама акцияларидан бирида Тайванни мамлакат деб атагани учун Хитойдан расман узр сўради.

Хитой ОАВнинг ёзишича, аввалроқ Snickers ўз сайти ва ижтимоий тармоқларда Осиё учун реклама акцияси доирасида видеоролик жойлаштирган. Унда Малайзия ва Жанубий Корея билан биргаликда Тайван ҳам тилга олинган бўлиб, у алоҳида мамлакат сифатида кўрсатилган. 

"Биз Snickers фаолияти билан боғлиқ хабарларга эътибор қаратдик, буни муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз ва узр сўраймиз. Mars Wrigley Хитой миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ва ўз фаолиятини Хитой маҳаллий қонунларига қатъий амал қилган ҳолда олиб боради", - дейилади компаниянинг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида берилган баёнотида. 

Қайд этилишича, Snickers рекламасидаги барча ноаниқликлар тўғриланган.

Тайван амалда Хитойдан айри давлат сифатида шаклланган, лекин расман “Хитой республикаси” номини сақлаб турибди. Мамлакатнинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати бор. Фуқаролик уруши тугаши ва 1949 йил материкда коммунистлар ғалабасидан кейин сайланган ҳукуматини Тайван Хитойдаги ягона қонуний бошқарув органи деб билади.

Пекин Тайванни ўз провинцияси деб ҳисоблайди.

Кўпроқ янгиликлар