Баллистик ракеталар, ҳарбий кемалар ва киберҳужумлар. Пелосининг ташрифидан кейин Тайванда нималар бўлмоқда?

Жаҳон 11:50 / 05.08.2022 44924

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга бир кунлик ташрифи итоатсиз орол атрофидаги кескинликни кучайтирди: пайшанба куни Хитой машғулотлар чоғида орол томон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди, унинг акваториясида хитойликларнинг ҳарбий кемалари манёврлар қилмоқда, Тайван ҳукумати эса давлат идоралари сайтларига киберҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.

Нэнси Пелоси 4 август куни Жанубий Кореяга учиб кетди, у бу сафар доирасида Корея демилитаризация ҳудудининг Шимолий ва Жанубий Корея ҳарбийлари юзма-юз турадиган ягона қисми - Қўшма хавфсизлик зонасига ташриф буюришни ҳам режалаштирган.

Тайван атрофидаги сувлар ва осмонда нималар бўлмоқда?

Тайван мудофаа вазирлиги маълум қилишича, пайшанба куни Хитой орол атрофида сув ва ҳавода ўтказилаётган мисли кўрилмаган ҳарбий машғулотлар вақтида ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди.

Тайван ҳарбийлари даъво қилишича, қўшнилар оролнинг шимолий, жанубий ва шарқий қирғоқлари яқинидаги ўқув нишонлари томон ана шундай 11 та ракетани учиришган. Бундан ташқари, ракеталар Тайваннинг Мацзу ороллари томон ҳам учиб келган.

Хитой ўтказилаётган машғулотлар - олдиндан режалаштирилгани, ракеталар эса денгизнинг Тайвандан шарқдаги қисмида жойлашган нишонларга аниқ боргани ҳақида маълум қилган. Тайван ҳарбийлари ракеталар қаерга қулагани ёки улар орол устидан учиб ўтган-ўтмагани борасида аниқлик киритмаган.

Тайван чегарачиси денгизда бўлаётган ҳодисаларни кузатмоқда. Фото: EPA

Режалаштирилган машғулотлар ҳақидаги даъволарга қарамай, Тайвандагилар Пекин уларни оролга сўнгги 25 йил ичида келган энг юқори мартабали америкалик сиёсатчи Нэнси Пелосининг ташрифига жавобан бошланган деган фикрда.

Хитой спикер Пелосининг Пекин ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб биладиган оролнинг ўзини-ўзи бошқарувчи демократиясини қўллаб-қувватлаш учун келганидан дарғазаб бўлди.

Машғулотлар дунёнинг энг гавжум бўладиган сув йўллари бўйлаб ўтказилмоқда, бу эса оролга сув орқали бориш ва келиш йўлларини тўсиб қўйган, шунингдек оролга рейслар амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Тайвандаги Тайюан Усу халқаро аэропорти пайшанба куни хитойликларнинг машғулотларида ўт очилаётгани туфайли 50 дан ортиқ халқаро рейсларни бекор қилди.

Тайван мудофаа вазирлиги Хитойни оролни қамалда қолдиришга уринишда айблаб, уни «минтақавий тинчликка путур етказувчи мантиқсиз ҳаракатлар» учун қоралади.

Кейинроқ Хитой халқ озодлик армиясининг шарқий ҳарбий қўмондонлиги машғулотлар якунлангани, ҳаво ва денгиз устидан назорат олиб ташланганини маълум қилди.

Шу билан бирга, баёнотда бу пайшанба куни бошланиб, 72 соат давом этиши кўзда тутилган ўқув машғулотлари тўлиқ якунланишини англатишига аниқлик киритилмаган.

Хитой давлат телевидениеси Пекин кўчаларида Хитой Халқ-озодлик армияси Тайван ороли атрофидаги сув ва ҳаво кенгликларида қандай машғулотлар олиб бораётганини намойиш этмоқда. Фото: Reuters

Пайшанба кунги брифингда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили унда ўқув машғулотлари якунлангани борасида аниқ маълумот йўқлигини айтиб, журналистларга олдиндан эълон қилинган 4-7 август кунлари оралиғига таянишни таклиф этган.

Аввалроқ Тайван мудофаа вазирлиги хитойликлар машғулотларига жавобан орол қўшинлари доимий жанговар шай ҳолатда қолаётганини маълум қилганди.

Қуруқликда нималар бўлмоқда?

Тайван ҳукумати пайшанба куни кўплаб давлат идоралари сайтлари киберҳужумларга учрагани тўғрисида маълум қилди - хусусан, президент маъмурияти, ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мудофаа вазирлиги сайтлари жабр кўрган.

Ҳукумат маълумотига кўра, сўнгги кунларда ҳакерлар сайтларга одатдагидан 23 баробар кўпроқ ҳужумлар уюштиришган.

Нэнси Пелосининг ташрифи фақатгина Тайван нашрларининг кун мавзуси бўлгани йўқ. Фото: EPA

Орол расмийлари Хитой билан муносабатлардаги эскалация фонида бундай ҳужумлар давом этиши хавфи юқорилиги туфайли тижорий компанияларни яқин кунларда киберхавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирган.

Хитой ва Тайван муносабатларидаги кескинлик сабаби нимада?

Хитой Тайванни ўз провинцияси деб билади ва бир неча бор зарурат туғилса оролни куч билан қайтаришга ваъда қилган.

Тайван етакчилари оролни суверен давлат деб ҳисоблашади: унинг ўз конституцияси, демократик сайланган ҳукумати ҳамда 300 минг атрофида ҳарбий хизматчидан иборат армияси бор.

Тарихий манбаларда келтирилишича, орол илк бор XVII асрда Хитой назоратига ўтган, ўшанда уни Син сулоласи бошқара бошлаган. Кейин, 1895 йилда улар биринчи хитой-япон урушида мағлубиятга учрагач, оролни Японияга қолдиришган.

Хитой 1945 йилда, Япония Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учраганидан кейин яна оролни эгаллаб олган.

Аммо Хитойнинг материкдаги қисмида Чан Кайши бошчилигидаги миллий ҳукумат кучлари ҳамда Мао Цзэдуннинг Коммунистик партияси қўшинлари ўртасида фуқаролик уруши бошланиб кетган.

1949 йилда коммунистлар ғалаба қозонган ва Пекинни ўз назоратига олган.

Хитой халқ-озодлик армиясининг Пекин биноларидаги рекламалари Пелоси Тайванга ташриф буюрган вақтда пайдо бўлди

Чан Кайши ва Гоминдан номли миллий партиянинг қолган-қутган кучлари Тайванга қочиб кетишган, улар кейинги ўн йилликлар мобайнида оролни бошқаришган.

Хитой Тайван азалдан хитойликлар ҳудуди эканини исботлаш учун шу тарихга ҳавола қилади. Аммо тайванликлар худди шу тарихни ўзларига мос талқин этиб, улар ҳеч қачон илк бор 1911 йилдаги инқилобдан кейин тузилган замонавий Хитой давлатчилиги ёки 1949 йилда Мао бошқарувида тузилган Хитой Халқ Республикасининг бир қисми бўлмаганини даъво қилишади.

Айни вақтда дунёнинг фақат 13 мамлакати (ва Ватикан) Тайванни суверен давлат сифатида тан олади, Хитой эса бундай давлатлар қолмаслиги учун бор имкониятларини ишга солади.

Нэнси Пелоси ҳозир қаерда?

Пелоси Тайванга сешанба куни кечқурун келди ва оролни анча тез - келганига бир кун тўлмасдан тарк этди. У бу вақт ичида мамлакат президенти Сай Инвэн ва Хитойга мухолиф фаоллар гуруҳи билан учрашишга улгурди.

Унинг ташрифи Вашингтоннинг Тайван демократияси ҳимоясига «қатъий содиқ»лигини кўрсатиш учун мўлжалланганди.

Ҳозирда у Жанубий Кореяда бўлиб турибди, у бу ерда мамлакатнинг юқори мартабали шахслари билан учрашмоқда. Жанубий Корея президенти Юн Сок Йол Пелоси билан учрашмади - у шу ҳафтада таътилга чиқиб кетганди.

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Жанубий Корея Миллий ассамблеяси спикери Ким Чжин Пхё томонидан қарши олинди.
Фото: Reuters

Аммо у меҳмон билан 40 дақиқалик телефон мулоқоти ўтказишга улгурди ва АҚШ Конгресси билан глобал стратегик иттифоқ ҳамда Шимолий Кореянинг ядровий қуролсизланиши бўйича саъй-ҳаракатларни илгари суриш учун яқиндан ишлашга ваъда берган.

Дипломатик учрашувлардан ташқари, Пелоси икки давлат ҳарбийлари том маънода юзма-юз турувчи - Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги чегара ҳудудига - Қўшма хавфсизлик зонасига бормоқчи.

Нэнси Пелоси бу ҳудудга ташриф буюрадиган америкалик иккинчи юқори мартабали шахс бўлади - 2019 йилда собиқ президент Дональд Трамп бу ерда шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Ин билан учрашганди.

Кўпроқ янгиликлар