Шомуродовга инглиз клуби қизиқмоқда. Музокараларда силжиш бор

Спорт 14:55 / 03.08.2022 11666

Ёзги трансфер ойнаси якунигача «Рома»ни тарк этиши кутилаётган Элдор Шомуродовга Англия Премьер-лигаси клуби ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марционинг сайтида хабар беришича, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси «Вулверҳэмптон» сафига ўтиши мумкин. Инглиз клуби Шомуродов учун трансфер курашига қўшилган.

Англиянинг Sport Witness нашри хабарига кўра, «Вулверҳэмптон» клуби раҳбарияти Ўзбекистон миллий жамоаси форварди трансфери масаласида «Рома» билан музокараларда олдинга силжиган. 

Қайд этилишича, «Рома» спорт директори Тиагу Пинту Англия Премьер-лигаси клубига Шомуродов масаласида ижара варианти кўриб чиқилмаслиги, Рим клуби Элдор билан хайрлашмоқчи эканини маълум қилган.

27 ёшли футболчининг «Рома» билан шартномаси 2026 йилга қадар тузилган. Ўзбекистонлик футболчи мавсумолди йиғинларида римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньода яхши таассурот қолдира олмаган.

Аввалроқ футболчи учун Италиянинг «Болонья» клуби асосий даъвогар бўлиб тургани, бу клуб трансфернинг турли вариантларини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.

Шунингдек, А Сериянинг яна бир клуби – «Торино» жамоани тарк этиб, «Рома»га ўтаётган Андреа Белотти ўрнига Шомуродовни ижарага олмоқчи экани ҳақида хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар