Давлат солиқ қўмитаси 1 июлдан солиқ маъмурчилигида кутилаётган ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди.
Касаначиликка имтиёз ва субсидиялар
2025 йил 1 июлдан 1 январга қадар касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, бироқ 1 ойда кўпи билан 1 млн сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
Касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади. Яъни базавий ҳисоблаш миқдори бир баробари миқдорида ижтимоий солиқ тўланади – 2022 йил 1 июнидан бошлаб БҲМ миқдори 300 минг сўм этиб белгиланган.
Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначи дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади. Субсидия олувчи ҳудудлар рўйхатига 252 маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилган.
Оммавий ахборот воситалари учун солиқ камайтирилади
Президент “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра:
- оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно;
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радиотелевизион ускуналар ҳамда қоғоз божхона божидан озод этилади.
Туризм маҳалларига солиқ имтиёзлари кучга киради
Президентнинг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорига мувофиқ, “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун қуйидаги имтиёзлар қўлланилади:
- айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида белгиланади;
- ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумма 1 фоизи миқдорида белгиланади;
Электрон савдо билан шуғулланувчиларга фойда ва айланмадан олинадиган солиқ камайтирилган ставкаси қўлланилади
Товарлар (ишлар, хизматлар) электрон савдосини амалга оширувчи барча солиқ тўловчилар фойда солиғи ставкасини 7,5 фоиз ва айланмадан олинадиган солиқ ставкасини 2 фоиз миқдорида қўллаш ҳуқуқига эга (илгари фақат электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган солиқ тўловчилар учун бўлган).
Қимматли қоғозларга доир битимларга нисбатан янги тартиб кучга киради
Қимматли қоғозлар биржадан ташқари уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (эмитент бундан мустасно) томонидан фойда солиғи ва даромад солиғи ўрнига битим суммаси 0,3 фоизи миқдорида йиғим тўланади.
Солиқ тўловчилар айрим тоифалари учун солиқ ва божхона имтиёзлари босқичма-босқич бекор қилинади
Бекор қилиниши кўзда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларининг тўлиқ рўйхати бу ерда.
Божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон қонунлари билан берилади. Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурийлиги кучга кирди.
Тармоқ вазирлик ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари соҳани ва (ёки) ҳудудни ривожлантириш учун берилган алоҳида солиқ ва божхона имтиёзлари самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларни йил якунлари бўйича ҳар йили 1 мартга қадар Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиб боради.
Фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига нисбатан оширилган солиқ ставкалари қўлланилмайди
Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, тугалланмаган қурилиш объектлари ҳамда ушбу объектлар билан банд бўлган ер участкаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиқлари оширилган ставкалари қўлланилмайди, солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш бекор қилинади.
Мажбурий ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС гувоҳномаси автоматик равишда берилади
Мажбурий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиладиган тадбиркорлик субъектларига ҚҚС гувоҳномаси солиқ хавфи даражасига аниқлик киритилмасдан автоматик равишда берилади.
Солиқ органлари мониторинги давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ хавфи ҳолатлари аниқланиши ҚҚС гувоҳномаси амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади.
Юқори хавф даражаси аниқланган тадбиркорлар ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан 5 кун олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади. Ушбу муддатда камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаса, ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилади (Амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлиши ёки солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганлик ҳолатлари бундан мустасно).
2023 йил 1 мартга қадар товарлар (хизматлар) идентификация кодлари (МХИК)ни нотўғри акс эттирганлик учун молиявий жарима қўлланилмайди.
2023 йил 1 мартга қадар операцияларни “E-aktiv” ААТда акс эттириш ихтиёрий ҳисобланади.