Россия давлат думаси параллел импорт тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Жаҳон 08:29 / 22.06.2022 4284

21 июнь, сешанба куни Россия давлат думаси иккинчи ўқишда ва умумий жиҳатдан параллел импорт тўғрисидаги янги қонунни қабул қилди, унга кўра чет элда муомалага чиқарилган оригинал маҳсулотлар муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг розилигисиз Россияга олиб кирилиши мумкин. Ҳукумат бундай товарлар рўйхатини белгилаши керак.

Янги қонунга мувофиқ, давлат рўйхатига киритилган товарлар ёки товарлар гуруҳларида ифодаланган интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланиш Россияда ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Шунингдек, бундай товарлар маркаланган индивидуаллаштириш воситаларидан фойдаланиш қоидабузарлик ҳисобланмайди, деб ёзади «Интерфакс». Қонун расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради.

Шу билан бирга, Россия Саноат ва савдо вазирлигининг эндиликда мамлакатга муаллифлик ҳуқуқи эгалари рухсатисиз олиб кириши мумкин бўлган товарларнинг кенг рўйхатини тасдиқловчи буйруғи 7 майдан кучга кирди. 96 банддан иборат рўйхатга органик ва ноорганик бирикмалардан тортиб ўйинчоқлар ва мусиқа асбобларигача бўлган маҳсулотлар киради.

Унга, жумладан, Apple, Samsung, Sony, Intel компаниялари смартфонлари ва жиҳозлари, Chevrolet, Mitsubishi, Renault, Tesla, Toyota, Rolls-Royce, Bugatti автомобиллари ва эҳтиёт қисмлари, Miele, Siemens, Philips маиший техникаси ва бошқа маҳсулотлар киради.

Аввалроқ, 30 март куни Россия ҳукумати импорт қилинадиган маҳсулотларни етказиб берувчиларга уларни товар белгиси эгасининг рухсатисиз Россияда сотиш имконини берувчи параллел импортни қонунийлаштиришни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди. 

Бундан олдин, Россияда параллел импорт яширин контрабанда деб ҳисобланган ва Россия Фуқаролик кодексининг 1487-моддасида тақиқланган, унга кўра товарлар муаллифлик ҳуқуқи эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан бевосита олиб кирилиши мумкин. Бренд эгаларининг рухсатисиз товарларнинг бундай импорти муаллифлик ҳуқуқи эгаси томонидан рухсат этилган дилерлар орқали расмий импорт билан «параллел равишда» амалга оширилади. 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг, кўплаб ғарб компаниялари ўз товарларини етказиб бериш ва Россияда ишлашни тўхтатганини эълон қилди. 

Кўпроқ янгиликлар