Абдулазиз Комилов президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимига тайинланди 

Ўзбекистон 11:25 / 16.06.2022 11834

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимига тайинланди.

Kun.uz манбаси хабарига кўра, Абдулазиз Комилов янги лавозимга тайинланиши билан бир қаторда, Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари сифатида ўз ишини давом эттиради.

1994-2003 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган Абдулазиз Комилов 2003-2010 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган.

У 2010-2012 йилларда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўринбосари сифатида ишлаган, 2012 йилдан яна ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритиб келганди. 

2022 йил мартида Абдулазиз Комилов саломатлигидаги муаммо туфайли хорижга даволанишга кетгани маълум қилинди

Апрел ойида эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Кўпроқ янгиликлар