Савдо-саноат палатасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти муаммолари муҳокама қилинди

Ўзбекистон 13:14 / 26.05.2022 4739

23 май куни Савдо-саноат палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда мева-сабзавот (хом ва қайта ишланган) маҳсулотлар экспортини ривожлантириш, экспортга кўмаклашиш чораларини белгилаш ва мавжуд механизмларни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган учрашув ташкил этди. Барча хоҳловчилар тадбирни онлайн кузатиш имконига эга бўлди. Ҳудудлардан тадбиркорлар видеоконференцалоқа орқали боғланиб, муҳокамада фаол иштирок этди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси замонавийлашиб, рақобатбардош соҳага айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги вакиллари қишлоқ хўжалигининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, экспортчиларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўз юритди. Экспортчилар ўзларининг мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми эканини чуқур англаган ҳолда, вазиятни ўзгартиришга жиддий киришмоқда.

Аммо ҳалигача ҳал қилинмаган масалалар ҳам кўп. Озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан ўсимлик маҳсулотларида пестицидлар қолдиқлари ва бошқа кимёвий ифлослантирувчи моддалар миқдорини чекловлар бўйича меъёрлар ва қоидалар Алиментариус Кодекси параметрларига мос келмайди. Бу эса Кодекс стандартлари жорий қилинган давлатларга маҳсулотларни экспорт қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда. Бугун юртимизда рўйхатга олинган 72 фаол модданинг 60 фоиздан ортиғи (43) Европа Иттифоқида фойдаланишга рухсат этилмаган. Бу ушбу пестицидлар билан ишлов берилган боғдорчилик маҳсулотларини Европа Иттифоқига экспорт қилиш мумкин эмаслигини англатади. Пестицидлардан тўғри фойдаланиш бўйича регулятор томонидан ҳеч қандай назорат йўқ. Масалан, Ўзбекистонда фойдаланишга рухсат этилган хлорпирифос, метомил, асефат ва пропаргит Европа Иттифоқи ва бошқа бир қатор мамлакатларда тақиқланган. Пестицидлар ва ўғитларни олиб кириш, ички савдо ва тарқатиш тизими тартибга солинмаган, назорат қилинмайди. Европа Иттифоқи ёки Кодекс қоидалари жорий қилинган бошқа мамлакатларга экспорт қилишда Ўзбекистонда Кодекс ва/ёки Европа Иттифоқи параметрларига мувофиқ маҳсулотларни ПДК (концентратларнинг рухсат этилган даражаси) учун синовдан ўтказувчи аккредитацияланган токсикологик лабораториялар мавжуд эмас.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш билан бирга экспорт мутахассисларнинг ахборот ва амалий ёрдами, GAP (мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти), GHP (гигиена амалиёти), GMP (ишлаб чиқариш амалиёти) сингари жаҳон амалиётларини жорий этиш зарур.

Давра суҳбатига фитосанитарияни тартибга солиш бўйича мутахассислар таклиф этилиб, улар томонидан тартибга солиш меъёрларини зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлиги тушунтирилди.

Замонавий экспорт озиқ-овқат хавфсизлиги ва фитосанитария меъёрларини ягона стандартларга етказиш учун замонавий ечимларни талаб қилади.

Савдо-саноат палатасининг вазифаси экспортёрлар ва давлат назорати органларининг фикрларини тинглаган ҳолда қишлоқ хўжалигига хорижнинг ўхшаш маҳсулотлари билан ҳам сифат, ҳам нарх бўйича рақобатлашиш имкониятини берувчи тавсиялар тўпламини шакллантиришдан иборат.

Анъанага кўра, учрашув якунида таҳлилий маълумот учун таклифлар йиғилиб, ваколатли давлат органларига тақдим этилди.

Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар билан Бизнес нонушта тадбирларини давом эттирмоқда. Экспортни ривожлантириш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш масалаларига бағишланган аввалги учрашувлар видеоёзувлари Савдо-саноат палатасининг YouTube саҳифасига жойланган.

28 май куни креатив иқтисодиёт масалаларига бағишланган навбатдаги тадбир бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтиш онлайн режимда амалга оширилади, эълонлар ССПнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бериб борилади.

Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар