Шомуродов мавсумни еврокубок билан якунлайдими? «Рома» - «Фейеноорд» финали олдидан 

Спорт 21:07 / 25.05.2022 21650

Бугун, 25 май оқшомида кўҳна қитъада мухлислар эътибори жорий мавсум илк марта ташкил этилган турнир – Конференциялар лигаси финалига қаратилади. Албания пойтахти Тиранада ўтказиладиган ҳал қилувчи баҳсда Жозе Моуриньо барча еврокубокларда зафар қучган илк мураббийга, Элдор Шомуродов эса еврокубок финалида тўп сурган биринчи ўзбек футболчисига айланиши мумкин. 

Элдор еврокубок финалида майдонга тушган илк ўйинчига айланадими?

Ўзбекистонлик футболчилар орасида еврокубокларда тўп сурган ўйинчилар бармоқ билан санарли. Миржалол Қосимов еврокубокда «Ливерпуль» дарвозасини ишғол этган, Жасур Яхшибоев Чемпионлар лигасида «Реал» посбони Тибо Куртуани ожиз қолдирган, Максим Шацких Европа майдонларида ўз номини кўп марта таблода ёздирган, Виталий Денисов эса ЦСКА сафида ҳал қилувчи ўйинларда тўп сурмаган бўлса-да, УЕФА кубоги ғолиби сифатида қайд этилади. Элдор Шомуродов эса ўзбек футболи тарихида илк марта еврокубок финалида тўп сурган илк ўйинчи, кубок соҳибига бўлган иккинчи футболчига айланиши мумкин. У клуби билан Албанияга етиб келган ва сўнгги баҳсда асосий таркибда тушгани каби бугунги финалда ҳам майдонга тушишга шай. 

Фото: Getty Images

Ким қандай ҳолатда?

Рим клуби Италия А Сериясини 6-ўринда якунлаб, Европа лигасига йўлланма олди. Жозе Моуриньо шогирдлари жорий мавсумни кубок билан якунлаш имкониятига эга. Римликлар барча турнирлардаги охирги ўйин 6 ўйинда бор йўғи фақат икки марта зафар қучган бўлишса-да, финал йўлланмаси учун курашда «Лестер» тўсиғидан ўтиб, ҳал қилувчи учрашувга етиб келишди. 

Фото: UEFA

Арне Слот мураббийлигидаги «Фейеноорд» эса Нидерландия чемпионатини 3-ўринда якунлади. Охирги 6 ўйинда 3 ғалаба қайд этган Роттердам клуби яримфиналда «Марсель»ни ортда қолдирган ҳолда финалгача етиб келган. 

Мағлубиятсиз «Фейеноорд»

Италия ва Нидерландия жамоалари турнирдаги иштирокини саралаш босқичидан бошлаб, якунда финалгача етиб келишди.

Жозе Моуриньо жамоаси Конференциялар Лигаси финалигача икки бор мағлуб бўлди. Қизиқ томони, римликларни ҳар икки сафар Норвегиянинг «Буде-Глимт» жамоаси таслим этди. Нидерландия жамоаси эса ҳал қилувчи ўйингача мағлубиятсиз етиб келишни уддалади. 

Тўпурарлар жанги

Финалга турнирдаги энг сермаҳсул икки жамоа етиб келди. Ўтказилган 12 ўйинда «Фейеноорд» 28 марта гол киритишга муваффақ бўлган бўлса, «Рома» улардан битта кам тўп киритган. Бундан ташқари, Тиранадаги ўйинда мусобақанинг энг яхши икки тўпурари бир-бирига қарши майдонга тушади. Нидерландлар сафида форвард Сириль Дессерс 10 бор зафар қучган бўлса, Тэмми Абраҳам ҳисобида 9 гол мавжуд.  

Фото: Getty Images

«Рома» финалгача...

Гуруҳ босқичида «Рома» «Буде-Глимт»га қарши икки баҳсда бор йўғи 1 очко жамғарди. Норвегияда бўлган учрашувда эса Элдор Шомуродов тўп сураётагн жамоа 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганди. Шунга қарамай, римликлар С гуруҳида 1-ўрин билан плей-офф босқичига чиқишди. Финалгача жамоа «Витесс» (1:0 меҳмонда, 1:1 уйда), «Буде-Глимт» (1:2 меҳмонда, 4:0 уйда) ва «Лестер» (1:1 меҳмонда, 1:0 уйда) клубларини мусобақадан чиқариб юборди. 

«Фейеноорд» финалгача...

«Фейеноорд» Е гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритди. Плей-офф босқичларида эса нидерландлар «Партизан» (5:2 меҳмонда, 3:1 уйда), «Славия» (3:3 уйда, 3:1 меҳмонда) ва «Марсель» (3:2 уйда, 0:0 меҳмонда) жамоалари тўсиғидан ўтди. 

Икки финалчилар 2014/15 йилги Европа лигаси 1/16 финалида ҳам ўзаро куч синашишган эди. Италия пойтахтида кечган учрашув 1:1 ҳисобида якунланган эди, «Фейеноорд» майдонида эса «Рома» 2:1 ҳисобида зафар қучган. 

«Рома» 31 йил ичида илк бор финалда

«Рома» ўз тарихида учинчи бор, сўнгги 31 йил ичида эса биринчи марта еврокубоклар финалида иштирок этмоқда. Моуриньо учун эса бу - бешинчи финал. Бундан олдинги тўрт финалда португалиялик мутахассис ишлаган клубларнинг барчаси бош совринни қўлга киритган. Жозе 2003 йилда «Порту» билан УЕФА кубоги, бир йилдан сўнг Чемпионлар лигаси, 2010 йилда «Интер» устози сифатида яна Чемпионлар лигаси ва 2017 йилда «МЮ» билан Европа лигасида ғолиб бўлган. 

Фото: Getty Images

«Фейеноорд» 20 йиллик танаффусдан кейин финалда

Роттердам клуби 20 йиллик танаффусдан сўнг биринчи марта еврокубок финалига чиқди. 20 йил муқаддам «Фейеноорд» УЕФА кубогининг ҳал қилувчи баҳсида Пьер ван Ҳоэйдонкнинг дубли ҳамда Йон-Даль Томассоннинг голи эвазига Дортмунднинг «Боруссия» клубини мағлуб этган эди. 1970 йилги еврокубоклар финалида бўлса нидерландлар «Селтик» устидан 3:1 ҳисобида зафар қучишган. 

Эски танишлар

- Ҳозирда «Рома» шарафини ҳимоя қилаётган ҳимоячи Рик Карсдорп 2014-2017 йиллар мобайнида айнан роттердамликлар либосида майдонга тушган.

- «Рома» ҳимоячиси Энзли Мэйтлэнд-Найлс ва «Фейеноорд» форварди Рейсс Нелсон ўз вақтида биргаликда «Арсенал»да тўп суришган.

- Нелсон ва Абраҳам бир неча йил муқаддам Англия ёшлар жамоаси сафида бирга тўп сурган.

- 2017/18 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида Рейсс Генрих Мхитарян билан бирга «Арсенал» шарафини ҳимоя қилган. 

Ким қандай фикрда? 

Жозе Моуриньо: «Мен сеҳрли сўзлар ва афсунга ишонадиганлардан эмасман. Финалда ғалаба қозониш учун бир жамоа бўлиб, ҳамма ўзининг энг кучли жиҳатларини кўрсатган ҳолда максимум даражасида тўп суриши шарт. Финал биз учун қандай якунланишидан қатъи назар бу мавсум биз учун позитив руҳдаўтди, дея оламан». 

Фото: Getty Images

Арне Слот: «Финалда нима кутаётганимиз аниқ, аммо футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Гоҳида рақиб мураббийи қандайдир сюрприз тайёрлайди. «Рома» ўйинларини таҳлил қилиб, рақибга қарши пухта тайёргарлик кўрдик. Рақиб бизга қандайдир сюрприз тайёрлаган тақдирда ҳам, бизни ҳайрон қолдира олмайди, ахир бу мавсум 55та ўйинда майдонга тушдик».

Фото: Getty Images

Тахминий таркиблар:

Конференциялар лигаси. Финал.

25 май (чоршанба)

«РОМА» - «ФЕЙЕНОРД»

Тирана, «Арена Комбетаре» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: «Cпорт»

«Рома»: Руй Патрисиу; Манчини, Смоллинг, Ибаньес; Карсдорп, Кристанте, Мхитарян, Пеллегрини, Шомуродов; Дзаньоло, Абраҳам

«Фейеноорд»: Бейлов; Гертрейда, Траунер, Сенези, Маласиа; Эурснес, Тил, Нелсон, Оркун Кекчю; Синистерра, Дессерс. 

Усмон Ибодов тайёрлади. 

Кўпроқ янгиликлар