Мадлен Олбрайт вафот этди 

Жаҳон 09:11 / 24.03.2022 18542

Давлат департаменти вакили журналистларга Олбрайт хоним саратондан вафот этганини маълум қилган.

«Унинг бу бинога таъсири ҳар куни сезилади. У давлат котиби лавозимида ишлаган илк аёл бўлганди ва том маънода ходимларимизнинг катта қисми учун эшикларни очиб берганди», деган Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс.

Мадлен Олбрайт маросига ҳурмат билдирганлар қаторида НАТОнинг ҳозирги бош котиби Йенс Столтенберг ҳам бор, у Олбрайт эркинлик учун курашда ҳаракатлантирувчи куч ва НАТОнинг катта тарафдори бўлганини эътироф этган.

Ўз навбатида АҚШнинг собиқ президентларидан бири кичик Жорж Буш Олбрайт бугунги дунёда жамоат эркинликлари қандай муҳим рол ўйнашини ўз тажрибасидан билганини қайд этган.

«Биз инсониятга қарши жиноятлар содир этилишига жим қараб тура олмаймиз»

Мадлен Олбрайт 1937 йилда Чехословакияда дипломат оиласида дунёга келган, туғилганида унга Мария Яна Корбелова деб исм қўйилган. У 11 ёшида, Иккинчи жаҳон урушидан бироз кейинроқ, 1949 йилда унинг оиласи АҚШдан сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган, 1957 йилда эса Мадлен Америка фуқаролигини олган.

Мадлен Олбрайт сиёсий фаолиятини Демократик партия фаоли сифатида бошлаган. 1978 йилда у Оқ уйда, президент Жимми Картер маъмуриятида ишлай бошлаган, унинг бошчилигидаги Миллий хавфсизлик кенгашига аъзо бўлган. Кейинроқ бир неча президентликка ва вице-президентликка номзодларнинг халқаро сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаган.

1993 йилда Билл Клинтоннинг инаугурациясидан кейин Олбрайт АҚШнинг БМТдаги доимий вакили сифатида ўзининг илк дипломатик мансабини қўлга киритган.

Кейинроқ у БМТ бош котиби, Руандадаги машъум геноцид бўйича қароридан қайтган Бутрос Бутрос-Галини кескин танқид қилиши билан тилга тушган.

1997 йилда Оқ уйдаги рақибларининг кескин қаршилик кўрсатишига қарамай Олбрайт АҚШ Давлат котиби лавозимига тайинланади.

Олбрайт қаттиқ ташқи сиёсий курсга амал қилган, хусусан, 1990-йилларнинг охиридаги Болқон инқирозини ҳал қилиш учун куч ишлатиш зарур деб ҳисоблаган.

Фото: REUTERS

У Клинтон маъмурияти Косовадаги қуролли низога аралашиши ва Слободан Милошевич томонидан ўтказилаётган этник тозалашларни тўхтатиши учун қўлидан келган барча ишни қилади.

Кўплар НАТО авиацияси Сербияни бомбардимон қилишида шахсан айбдор деб ҳисоблайди ва ҳатто буни норасмий равишда «Олбрайт уруши» деб аташади.

«Мен [Болқондаги ҳарбий операция учун] барча масъулиятни зиммамга оламан. Чунки биз Милошевич қилишни режалаштирган ишлар амалга оширилишига қўл қовуштириб қараб тура олмасдик. Биз инсониятга қарши жиноятлар содир этилаётганига жим қараб тура олмасдик», деганди у.

2001 йилда хизматни тарк этгач, Олбрайт Халқаро муносабатлар миллий демократик институти директорлар кенгаши раҳбари сифатида ишлаган.

2012 йилда Барак Обама собиқ давлат котибини Болқонда тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Америка фуқароларига бериладиган энг юксак мукофот, Президент Озодлик медали билан тақдирлайди.

2015 йилда Олбрайт BBC билан суҳбатда сиёсий ҳокимиятда аёлларнинг бўлиши жамиятдаги барқарорликка олиб келиши борасидаги фикрларини айтиб ўтганди.

Яқинда, февраль ойида, Украинадаги уруш бошланишидан олдинроқ, Мадлен Олбрайт New York Times газетасида Владимир Путинни қаттиқ танқид қилиб чиқиб, ўзи ҳақида яна бир бор эслатганди. У Россия раҳбари билан у эндигина ҳокимиятга келган 2000 йилда илк бор учрашганди.

«Украина қўшниси ким эканидан қатъи назар суверенитетга ҳақли. Бизнинг давримизда буни барча катта давлатлар тан олган, шундай экан, сиз, жаноб Путин, буни тан олишингиз керак», дея ёзганди ўшанда у.

Кўпроқ янгиликлар