«Ақлли» радарлар, қулаб тушган «учар такси», Nokia’нинг «чўнтакбоп» смартфони – ҳафта технологик дайжести

Фан-техника 09:12 / 20.02.2022 137151

Nokia’нинг «чўнтакбоп» смартфони

Фото: Nokia

HMD компанияси ўзининг Nokia G21 смартфонини намойиш этди. Янги смартфон аввалги G20 моделидан экрани билан фарқ қилади – у 90 Гцли диагонали 6,5 дюйм бўлган HD+ дисплей билан жиҳозланган. Смартфоннинг олд камераси 8 Мп.

Унга саккиз ядроли Nokia G21 процессори ўрнатилган. Смартфон 4/6 ГБ тезкор ва 64/128 ГБ доимий хотирага эга.

G21 Android 11 операцион тизимида ишлайди, аммо тез вақт ичида 12-версиягача янгиланишига ваъда берилмоқда.

Смартфонга учта - 50 Мп бўлган битта асосий ва 2 Мп бўлган иккита камера ўрнатилган.

Аккумулятор сиғими 5050 мАчни ташкил этади.

Янги Nokia G21 смартфонининг нархи 186 доллардан бошланади.

Қулаб тушган «учар такси»

Фото: Joby Aviation

АҚШда учувчисиз ҳаракатланадиган Joby учар таксисининг синов моделларидан бири қулаб тушди. Беш ўринли электр аэротакси соатига 435 км тезликда ҳаракатланган.

Joby Aviation ўн йилдан ортиқ вақтдан буён аэротакси ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, Volocopter, eHang, Lilium ва Vertical Aerospace каби компаниялар ҳам аэротакси яратиш устида иш олиб бормоқда.

Аввалроқ, Словакиянинг Klein Vision компанияси учар автомобилда тарихдаги илк шаҳарлараро парвозни амалга оширганди. AirCar деб номланган машина Словакиянинг Нитра ва Братислава шаҳарлари ўртасидаги 85 кмлик масофани 35 дақиқада учиб ўтган.

Космосга саёҳат қилиш чипталари

Фото: Virgin Galactic

Virgin Galactic Holdings Inc компанияси 16 феврал кунидан суборбитал парвозлар учун чипта сотишни бошлади. Компания жорий йил охирида космик туристлар парвозини бошлашни режалаштирган.

Биринчи босқичда орбитага минг киши парвоз қилиши кутилмоқда, сўнгра улар сони ошади.

Парвозлар Нью-Мексикодан амалга оширилади, ҳар бир парвоз давомийлиги 90 дақиқани ташкил этади.

Чипта 150 минг доллар миқдоридаги депозит билан биргаликда 450 минг долларга тушади.

iPhone 14 хотираси рекорд даражада кенгайтирилади

2022 йилнинг кузида тақдим этилиши кутилаётган iPhone 14  моделларининг оператив хотираси 8 гигабайтга кенгайтирилади. Бу ҳақда «MacRumors» Жанубий Кореянинг «Naver» блогига таяниб, хабар бермоқда. Инсайдернинг сўзларига кўра, iPhone 14   аллақачон оммавий ишлаб чиқариш учун тайёрланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги iPhone 13 Pro ва 13 Pro Max 6 ГБ оператив хотирага эга.

iPhone 14 тақдимоти сентябрь ёки октябрда бўлиши кутиляпти. Туркумдан тўрт модел: iPhone 14/14 Pro ва 6,7 дюймли iPhone 14 Max/14 Pro Max ўрин олади.

Оператив хотирасидан ташқари, iPhone 14 нинг барча моделларида ички хотира ҳам максимумга етказилиши мумкин: кичикларида — 512 ГБ дан 1 ТБ гача, катталарида — 2 ТБ гача.

 «Ақлли» радарлар

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Туркиянинг "ÜÇ NOKTA" компанияси Наманган вилояти марказида 10 миллион долларлик инвестицион лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида “ақлли радар системалари”нинг янги авлоди намойиш қилинган. Лазер тизими билан ишловчи ушбу системага қарши ҳар хил антирадар ускуналари иш бермаслиги, тизим йўллар ва чорраҳалардаги ҳаракатни тартибга солиши таъкидланган.

Ўзбекистон электромобиллар масаласида Хитойни асосий ҳамкор қилиб танламоқчи

ZLqbfAK0C8mgWF5Bo0W0IG7XbeE9MGrA.jpg (1280×853)
Фото: Reuters / Bobby Yip

«Ўзавтосаноат» Хитойнинг энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчи компанияси – BYD Auto Industry билан англашув меморандуми тузди. Шу асосда томонлар Ўзбекистонда электромобиллар, электробуслар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича музокара бошлайди.

BYD (Build Your Dreams) Хитойдаги энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. 2021 йилнинг 9 ойи давомида фақатгина Тесла BYD’га қараганда кўпроқ электромобиллар ишлаб чиқарган.

Аввалроқ, инвестор Уоррен Баффет қўллаб-қувватловидаги ушбу компания 2022 йилда 1,2 млн донагача электромобил сотмоқчи эканлигини маълум қилганди.

Фирибгар дастурларнинг 74 фоизи рус ҳакерлариники

Фото: Getty Images

Chainalysis таҳлилларига кўра, дунё бўйича фирибгар дастурлар орқали уюштирилган ҳужумларнинг тўртдан уч қисми (74 фоиз) ортида россиялик ҳакерлар турибди.

Умуман олганда, ҳакерлик гуруҳлари ўтган бир йил ичида криптовалютада 400 миллион доллардан ортиқ пул «ишлаган». Ушбу маблағларнинг 9,9 фоиздан ортиғи Evil Corp гуруҳи ҳиссасига тўғри келган.

Эътиборли жиҳати, тадқиқотчилар рус тилида мулоқот қилган ёки Россия ва МДҲ мамлакатларидаги компьютерларга зарар етказмайдиган кодларни ёзган барча ҳакерларни — «рус» сифатида таснифлаган.

Кўпроқ янгиликлар