Тошкентда трамвай фаолиятини тиклаш таклиф қилинди

Ўзбекистон 01:20 / 23.01.2022 27130

«O’zbekiston 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» телелойиҳасида Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни ҳал қилиш учун трамвайлар фаолиятини тиклаш таклиф қилинди.

Лойиҳа муаллифи Хайрулла Нуриддинов Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти муаммолари ҳақида гапирар экан трамвай фаолиятини тиклаш таклифини берди.

«Транспорт фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Тошкентга трамвайларни қайтариш керак, менимча. Катта ва гавжум шаҳарга трамвай жуда асқатади. Ҳаммамизнинг эсимизда-ку ўша қулай, бежирим, бир текис юрадиган, энг муҳими экологияга умуман зарар етказмайдиган қадрдон трамвайлар. Бу менинг фикрим, албатта. Агар Тошкент мутасаддиларининг ўрнида бўлганимда, ана шу ташаббус билан чиқардим», деди Хайрулла Нуриддинов.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида трамвай фаолияти 115 йиллик тарихидан кейин 2016 йил май ойида якунланганди. Ўша йили 2 май куни «Бешқайрағоч» – Ипподром бозори йўналишидаги 17-трамвай охирги рейсини амалга оширган.

Кўп ўтмай трамвайлар Самарқанд шаҳрида ҳаракатлана бошлади. Чехиядан олиб келинган замонавий Vario LF трамвайлари пойтахтда 4 йил ҳаракатлангач, Самарқандга олиб кетилди. 2017 йил апрел ойидан буён Самарқандда Сартепа – Темирйўл вокзали ва Сиёб бозори – Темирйўл вокзали йўналишида трамвайлар ҳаракатланмоқда. Бунгача Самарқандда 1947-1973 йилларда оралиғида ҳам трамвай ҳаракатланган.

Кўпроқ янгиликлар