Қишки таътил вақтида ўқувчиларни мактаблардаги тўгараклар ёки тадбирларга чақириш тақиқланади — ХТВ

Ўзбекистон 14:01 / 10.01.2022 12653

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати мактабларда қишки таътил муддати узайтирилиши муносабати билан туғилаётган саволларга жавоб қайтармоқда.

Қишки таътил вақтида мактабларда тўгараклар фаолиятига рухсат берилмайди 

Ўқувчиларнинг қишки таътили узайтирилганига қарамай айрим “ташаббускор” раҳбарлар ўқувчиларни мактабга чақириб, ёппасига фан тўгаракаларига ёки тадбирлар уюштириб, унга жалб қилиши тўғрими?

Таътил кунлари тугагунга қадар ўқувчиларни бевосита мактабларда ташкил этиладиган тўгараклар, шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ва ҳар қандай тадбирларга жалб этиш тақиқланади.

Ушбу вақт давомида ўқитувчилар мактабда халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларида қатнашишлари талаб этилади ҳамда онлайн равишда турли тўгараклар ва танловлар ташкил этиш тавсия этилади.

Шунингдек, бугундан бошлаб Республика миқёсида ўтказилаётган “Умид ниҳоллари-2022” спорт мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларини ўтказиш тўхтатилган.

Мавзулар тиғизлаштириб ўтилади

Қисқарган дарслар журналга қандай қайд этилади?

Ўқувчиларнинг қишки таътил кунлари икки ҳафтага узайтирилганлиги сабабли 3-чорак ўқув кунлари 1-4-синфларда 9 кун, 5-11-синфларда 11 кунга қисқарди. Шу муносабат билан, синф журналларига 24 январдан бошлаб тақвим-мавзу режа асосида тегишли мавзулар қайд этилади, шунингдек, фан ўқитувчилари томонидан тақвим-мавзу режада жорий йилнинг 11-22 январь кунларига тўғри келган мавзулар ўқув йилининг 3-чораги давомида тиғизлаштириб ўтилади ва тиғизлаштирилган мавзулар синф журналларида қайд этилади.

Ёзги таътил кечикмайди

Қишки таътил узайтирилиши ёзги таътил вақти кечикишига сабаб бўлмайдими?

Қўшимча таътил давридаги дарслар (мавзулар) чорак бошланганидан сўнг дарсларга қўшиб, тиғизлаштирилган ҳолда ўтилади, шу боис ушбу қўшимча таътил кунларининг бошқа таътилларга таъсири бўлмайди. 

Хусусий мактабларга ҳам қишки таътил тавсия этилади

Қишки таътил хусусий мактабларга ҳам тааллуқлими? 

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 2022 йил 24 январга қадар узайтириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Шунингдек, қишки таътил кунларида хусусий мактаб ўқувчиларига озиқ-овқат берилмаслиги ҳамда бошқа сарф-харажатлар қилинмаслиги инобатга олиниб, уларнинг ота-оналаридан шу муддатлар учун тўлов ундирилмаслиги тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Ўзбекистонда ОТМ, коллеж ва лицей талабалари учун қишки таътил 24 январгача узайтирилгани маълум қилинганди. Кейинроқ Халқ таълими вазирлиги мактабларда ҳам қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини эълон қилди.

Бундан аввалроқ ХТВ қишки таътил узайтирилгани ўқитувчиларнинг маошига таъсир қилмаслиги ҳақида маълум қилганди.

Кўпроқ янгиликлар