65та уй зарар кўрган. Деновдаги портлаш юзасидан қўшимча маълумот берилди

Ўзбекистон 21:19 / 08.12.2021 57796

8 декабрь куни Денов шаҳрида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрулло Иноятов, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда 7 декабр куни Денов шаҳрида жойлашган савдо мажмуасида содир бўлган портлаш бўйича қўшимча маълумот берилди.

Денов туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, портлашдан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан «Қишлоққурилишинвест» буюртмаси асосида қурилган 24та янги хонадон вақтинча ижарага олинган ва уй-жойи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар ўша ерга кўчирилмоқда. Бундан ташқари, уй-жойи жиддий зарарланган 6та хонадон вакилларига вақтинча яшаб туриш учун уй берилган.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокими портлаш оқибатида савдо маркази атрофида жойлашган 65та хонадонга, бир қанча ижтимоий соҳа объектларига зарар етганини маълум қилди. 6та хонадоннинг деворлари ёрилиб, уларга жиддий зарар етган, қолган хонадонларнинг фақат эшик ва деразалари синган.

Тўра Боболов ҳолат ишчи гуруҳ томонидан синчковлик билан ўрганилаётгани, фуқаролардан кимдир уйини таъмирлаш етарли эканини айтаётган бўлса, яна кимдир янги уй олиб берилишини сўраётганини, ишчи гуруҳ хулосаси билан адолатли қарорга келинишини маълум қилди.

Денов тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Феруза Тўраеванинг Kun.uz’га хабар беришича, ҳозирда енгил зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, вақтинча бошқа жойга кўчирилган оилаларга туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 декабр куни Денов шаҳридаги икки қаватли савдо марказида кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда 9 киши тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Вайроналар орасидан 2 кишининг жасади топилган.

Кўпроқ янгиликлар