17 ноябрь куни Apple компанияси Self Service Repair дастурини эълон қилди. Унга кўра, компания томонидан сотиладиган оригинал эҳтиёт қисмлардан фойдаланган ҳолда мижозлар ўз қурилмаларини ўзлари таъмирлашлари мумкин бўлади. Apple дастурни 2022 йил бошида АҚШда, йил давомида эса яна бир қатор мамлакатларда ишга туширади.
Дастлаб мазкур таклифдан iPhone 12 ва iPhone 13 смартфон эгалари фойдаланишлари мумкин. Кейинроқ эса компания M1 чипли Mac компьютерлари, жумладан, MacBook Air, 13 дюймли MacBook Pro, Mac mini ва 24-дюймли iMac’ни мустақил таъмирлаш учун ҳам эҳтиёт қисмларни тақдим этади.
Apple мижозлари оригинал эҳтиёт қисмларни онлайн харид қилишлари мумкин. Интернет дўконда жами 200дан ортиқ эҳтиёт қисм ва инструментлар тақдим этилади.
Биринчи босқичда мижозлар смартфон учун экран, камера ва аккумуляторлар харид қилиши мумкин бўлади. Келажакда эса бошқа эҳтиёт қисмлар ҳам чиқарилади.
Apple қурилма эгаларига уй шароитида таъмирлаш бўйича батафсил йўриқномаларни тақдим этади. Компания уларни АҚШда дастур йўлга қўйилганидан кейин ўз сайтида эълон қилади.
Агар қурилма эгаси таъмирлаш жараёнида уни бузиб қўймаса, мустақил таъмирлаш қурилма учун кафолатни бекор қилмайди. Бироқ Apple’да дастур электрон қурилмаларни таъмирлаш бўйича тажрибага эга бўлганлар учун мўлжаллангани таъкидланган.