Супер-контракт тўлаш бошланди, вакцина учун чегирмалар муддати узайтирилди

Ўзбекистон 18:46 / 21.10.2021 10868

Табақалаштирилган тўлов учун тўловларни амалга ошириш бошланганлиги ҳамда тўлов контракт асосида ўқийдиган талабаларга 2021−2022 ўқув йили учун базавий тўлов контрактига 10 фоиз миқдорида чегирма бонуси берилиши муддати 15 ноябрга қадар узайтирилгани маълум қилинди.

Табақалаштирилган тўлов (супер-контракт)ни 2021 йилнинг 20 ноябрига қадар амалга ошириш мумкин. 10 фоизлик чегирма олиш учун эмланганлик ҳақидаги сертификатни 15 ноябрга қадар Олий таълим муассасасига тақдим этиш керак.

“Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 2021/2022-ўқув йилида талабаликка тавсия этилмаган, бироқ табақалаштирилган (супер) тўлов шартнома асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун тўловларни амалга оширишга рухсат этилди.

Шу муносабат билан сиз t-kontrakt.edu.uz платформаси орқали онлайн шаклда ёки сиз ўқиш истагини билдирган олий таълим муассасасига бевосита мурожаат қилган ҳолда тўлов контракт-шартномасини расмийлаштиришингиз мумкин. Тўловларни амалга ошириш муддати 2021 йил 20 ноябрга қадар этиб белгиланди. Бунда тўловнинг 50 фоизи амалга оширилган тақдирда абитуриентни талабаликка қабул қилиш бўйича олий таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи расмийлаштирилади.

Коронавирус инфекциясига қарши эмланган талабаларга чегирма бериш муддати узайтирилди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, вакцинация қилинган тўлов контракт асосида ўқийдиган талабаларга 2021−2022 ўқув йили учун базавий тўлов контрактига 10 фоиз миқдорида чегирма бонуси берилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ бу тартиб фақат кундузги таълимда ўқиётган талабаларга амал қилиши маълум бўлди.

Шундан сўнг вазирлик кўпчилик томонидан қилинган мурожаатларни инобатга олган ҳолда вакцина олган сиртқи ёки кечки таълимда ўқиётган талабаларга ҳам контракт тўловида 10 фоизлик чегирма берилишини маълум қилган эди.

Маълумот учун, бу йил бакалавриатнинг сиртқи шаклига 37,6 минг, кечки шаклига 6,5 минг нафар, кундузги шаклга эса камида 113,5 минг нафар талаба қабул қилинган.

Кўпроқ янгиликлар