Икки нафар судья Олий суд судьялигига тасдиқланди

Ўзбекистон 17:48 / 21.10.2021 5859

Сенатнинг XX ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Ўзбекистон конституциясининг 80-моддаси 3-банди ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 9-моддаси биринчи қисми 3-бандига мувофиқ Ойбек Баракабаев ва Дониёржон Тожибоев ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига тасдиқланди.

Ойбек Аъзамжонович Баракабаев 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги – ҳуқуқшунос. 1997 йили ички ишлар тизимида иш фаолиятини бошлаган. 2004–2010 йилларда фермер хўжалиги иш юритувчиси, ҳуқуқий маслаҳатчиси, 2010–2015 йилларда ФИБ Андижон вилояти Хўжаобод туманлараро суди судьяси, 2018 йилдан ҳозирга қадар эса Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси лавозимида ишлаб келмоқда.

Дониёржон Муҳаммаджонович Тожибоев 1982 йилда Наманган вилоятида туғилган. Маълумоти олий, мутахассислиги – ҳуқуқшунос. 2004 йилда Наманган давлат университетини тамомлаган. Юридик ихтисослик бўйича меҳнат фаолиятини 2005 йилда Тўрақўрғон тумани суд ижрочилари бўлимининг суд ижрочиси сифатида бошлаган. 2009–2013 йилларда ЖИБ Уйчи туман судининг раиси, 2013–2017 йилларда ЖИБ Наманган вилоят судининг судьяси, 2017 йилдан ҳозирга қадар эса Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси, Наманган туманлараро муъмурий судининг раиси лавозимларида ишлаб келган.

Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоровнинг маълум қилишича, Қурбонов Туйғун Маматқулович отаси коронавирусдан вафот этганидан сўнг онаси ёлғиз қолиб кетгани муносабати билан ўз аризасига кўра Олий суд судьяси лавозимидан озод этилган.

Кўпроқ янгиликлар