Financial Times нашрида замонавий Ўзбекистонга бағишланган махсус ҳисобот чоп этилди. 11та мақоладан иборат ҳисоботдан иқтисодий ўсиш, хусусийлаштириш, халқаро бозорларга кириш, яшил энергетика, рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, минтақавий халқаро муносабатлар, аҳолишуносликка доир мақолалар ўрин олган.
Ҳукуматнинг юқори даражасида аниқ таъсирга эга бўлган чет элликларнинг бўлиши Марказий Осиёда камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Сума Чакрабарти шундай инсонлардан бири. Унга Тошкентга халқаро инвесторлар, молиячилар ва корпорацияларни жалб қилиш бўйича фаолият олиб бориш ҳам юклатилган.
Financial Times ўз мақоласида мутахассиснинг Тошкентдаги фаолияти ва мамлакатдаги ўзгаришлар юзасидан билдирган фикрларини келтириб ўтган.
Сума Чакрабартининг ўзи ушбу қарорни қуйидагича изоҳлаган:
«Мен тайинланишимнинг ғайриоддий эканига қўшиламан. Менимча, бу чорак асрлик нисбий изоляциядан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига халқаро тажрибага эга бўлган ва янги маъмурий ислоҳотларининг «сифатини таъминлаш» билан алоқаси бор одамга муҳтожликни тушунишдан келиб чиққан деб ўйлайман», — дейди у.
Аввалги Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари лавозимида мутахассис илк бор 2017 йил бошида Шавкат Мирзиёев билан учрашган.
Сума Чакрабарти 2012 йил июлидан 2020 йил июлигача ЕТТБ президенти бўлиб ишлаган. ЕТТБга раҳбарлик қилишдан аввал у Халқаро тараққиёт департаментининг доимий котиби (2002-2007) бўлган ва Бирлашган Қиролликнинг Адлия вазирлигида (2007-2012) ишлаган.
«Мен шахсан президентга ва у орқали тегишли ташкилотларга маслаҳатлар бераман. Президентни асосан, иқтисодий ривожланиш, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозори билан муносабатлари ва давлат бошқарувини қандай яхшилаш соҳаларидаги маслаҳатлар кўпроқ қизиқтиради».
Чакрабарти лавозимдаги биринчи йили давомида иқтисодий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқишга кўмаклашди. Мазкур дастур жорий йилнинг июль ойида Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Дастурдаги йўл харитаси ўсишни рағбатлантириш учун ўнлаб янги ташаббусларни, кичик бизнес субъектлари учун янги солиқ кодекси ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши қонунни янгилашдан тортиб, авиация ва темир йўл соҳасидаги активларни хусусийлаштиришгача қаратилган ҳаракатларни ўз ичига олади.
Марказий Осиё минтақаси табиий ресурслар базаси ва савдо-сотиқни осонлаштирадиган географик жойлашуви туфайли узоқ вақтдан бери иқтисодий ўсиш учун етук даражада бўлган. Аммо советлар бюрократиясидан қолган мерос, иқтисодиётдаги кучли давлат назорати ва коррупция ислоҳотларни узоқ вақтдан бери тўхтатиб келган.
Бундан ташқари, сўнгги ўттиз йил мобайнида минтақанинг кўплаб давлатларини бошқарган автократик ва диктаторлик режимлари, шунингдек, бизнесдан катта ҳажмда манфаатдор бўлган маҳаллий олигархлар — ғарб маслаҳатчиларига тўлиқ ишонишни ва энг яхши халқаро амалиётни қўллашни истамаган.
Ғарблик маслаҳатчиларни Марказий Осиёда сиёсий жараёнларга жалб қилиш олдин ҳам бўлган. Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр 2011 йилда Қозоғистонга маслаҳатчи сифатида ишга қабул қилинган, бироқ орадан беш йил ўтиб мамлакатда фуқаролар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ мунозаралар фонида ҳамкорлик тугатилган.
Айни пайтда Чакрабарти Тошкентдаги ягона хорижлик маслаҳатчи эмас. Мирзиёев даврида Ўзбекистон ҳукумати ўндан ортиқ хорижий маслаҳатчилар билан шартнома тузган. Мамлакат Молия вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Жаҳон банки ва ХВФ, JPMoorgan, Rothschild&Co банклари ва Dentons юридик фирмаси турли лойиҳалар бўйича фаолият олиб бормоқда.
Тошкентнинг ислоҳотлар риторикаси сабаблари икки хил.
Биринчидан, Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларини кенгайтирмоқчи ва чет элдан келадиган сармоя ва савдони ривожланишнинг асосий омилларидан деб билади.
Иккинчидан, мамлакат иқтисодиёти аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг фарқини Россия, Грузия ва Озарбойжон каби бошқа постсовет давлатлари каби бўлиши учун ўсиш суръатларини оширишни назарда тутади.
Собиқ СССР давлатларида давлат ролини пасайтириш доимий ва ўта қийин бўлган. Чакрабарти ишлаб чиққан йўл харитаси 22та йўналишининг 100дан ортиқ ташаббуслари ҳам ушбу йўналишга қаратилган.
Ўзбекистонда ишчи кучининг деярли 80 фоизи хусусий секторда ишлайди, лекин улар ялпи ички маҳсулотнинг атиги 57 фоизини ишлаб чиқаради.
«Ўзбекистон аҳолисининг тез ўсиб бораётгани ва ёшлигини ҳисобга олсак, улар учун корхоналар ўсиши керак. Худди шундай, иқтисодий ўсиш учун капитал, шу жумладан халқаро капитал керак. Уни жалб қилиш учун етакчи давлат корхоналари халқаро стандартларга мос равишда катта ислоҳотлар ва реструктуризацияга муҳтож».
Чакрабарти халқаро сармоядорлар Ўзбекистонга бўлган муносабатини ўзгартираётганига шубҳа қилмаяпти:
«Ҳозир Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларда чинакам ғайрат бор. Эҳтиёткорлик ҳам бор, албатта. Инвесторлар ва банкирлар ҳар доим муносабат ўзгарганига ва ислоҳотлар давом этишига ишониши керак. Атроф-муҳит бутунлай ўзгаргани, ислоҳотлар ҳақиқатан ҳам ортга қайтарилмаслиги аниқ бўла бошлади», дейди у.