Nike тарихи: Олиб сотарликдан бошланган муваффақият ҳикояси

Business class 17:03 / 05.09.2021 53240

Kun.uz “Бизнес класс” лойиҳаси бу гал Nike компанияси ҳақида ҳикоя қилади. Халқимиз орасида “Найк” номи билан танилган бренд аслида “найки” деб талаффуз қилинади.

Қарийб 60 йил аввал америкалик университет битирувчиси сифатли спорт оёқ кийимлари яратишни орзу қилади ва ўшанда у бошлаётган иши 60 йилдан сўнг, қарийб 50 млрд долларлик дунёнинг энг катта бизнесларидан бирига айланиб кетишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Келинг, ушбу компаниянинг келиб чиқиш тарихига назар ташлаймиз.

1962 йилда Фил Найт исмли талаба Стенфорд университетини битиради. Биламизки, ушбу университет бугун дунё миқёсида энг нуфузлиларидан бири. Бунга Фил Найт каби муваффақиятга эришган битирувчилар сабаб бўлгани табиий. Лекин ўтган асрнинг 60-йилларида яхши даромад топиш учун Стенфорд университетини тамомлаш етарли бўлмаган. Сизда, албатта, яхши ғоялар бўлиши керак.

Фил университетда югуриш спорти билан шуғулланарди. Югуришда орттирган тажрибалари орқали Найт университетдаги бизнес дарсларининг бирида қуйидаги мавзуда чиқиш қилади: “Япон камералари немис маҳсулотларини суриб чиқарди. Япон пойабзаллари ҳам Америка бозорини немис брендлари “Adidas” ва “Puma”дан тортиб ола биладими?”

Унинг бу чиқиши университет саҳнасидагина қолиб кетмади. Стенфордни битирар экан, Фил ўз ғояси ҳақида жиддий бош қотира бошлайди. Унинг дастлабки мақсади япон оёқ кийимларини АҚШ бозорига олиб келишдан иборат эди. Бу пайтга қадар у бирорта сифатли япон оёқ кийимларини кўрмаганди. У кўрганлари америкаликлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида қўшма штатларга олиб келган эски оёқ кийимлар эди.

Лекин бу нарса Филни тўхтатиб қола олмади, аксинча ўзи каби оддий америкаликлар учун номаълум бўлган япон пойабзаллари АҚШда муваффақият қозонишига ишонди. У япон компаниялари билан алоқага киришиши ва уларнинг маҳсулотларини Америкада сотиш бўйича келишувга эришиши керак эди. Буларнинг барчасида Фил Найтнинг тажрибаси йўқ эди. Лекин бир ишга чин дилдан киришар экансан, бундай баҳоналар сенга кулгили эшитилади.

1962 йилнинг ноябрида у Японияга оддий турист сифатида йўл олади ва уларнинг пойабзал ишлаб чиқариш саноатини яқиндан билиб олишга ҳаракат қилади. Кобе шаҳрида “Onitsuka Tiger” компаниясига тегишли оёқ кийимлар дўконига кўзи тушади. Ушбу пойабзалларнинг сифати Филни ҳайратда қолдиради ва уларни Америкага импорт қилишни мақсад қилади. У япон компанияси асосчиси Киачиро Онитсука билан учрашувда ўзини америкалик пойабзал сотувчиси сифатида таништиради. У Онитсукадан маҳсулотининг АҚШдаги сотувчиси бўлишни сўрайди ва эксклюзив сотиш ҳуқуқини қўлга киритади. У биринчи гал 12 жуфт оёқ кийимларни олиб кетади ва ўз шаҳрида югуриш треклари атрофида ўз машинаси орқа багажида сотади.

Очиғи, бу ўз маҳсулотини сотишнинг энг содда ва самара бериши қийин йўли эди. Шунинг учун, у бу соҳани яхшироқ билувчи инсон, университетдаги мураббийи Билл Бауэрменнга мурожаат қилади. Бу пайтда Билл Америкадаги энг машҳур югуриш мураббийларидан бири эди. У бир қатор олимпиячиларни шуғуллантирганди. Унга “Онитсука” пойабзаллари жуда ёқиб қолади ва ҳамкорлик қилишни хоҳлайди. Шундай қилиб, Фил ва Билл 1964 йилнинг январида янги “Blue Ribbon Sports” компаниясига асос солишади. Иккаласи ҳам 500 АҚШ долларидан пул тикиб, янги бизнесни йўлга қўйишади. Улар бу пулларини ҳар жуфти 3,33 доллар бўлган 300та оёқ кийимга буюртма беришга сарфлашади.

Биллнинг спорт оламидаги танишлари шарофати билан июль ойигача харид қилинган пойабзаллар сотиб бўлинади. Биринчи йилнинг ўзида йигитлар 8000 минг долларлик оёқ кийимларни сотишга муваффақ бўладилар. Бу пуллар эвазига Фил ўз компаниясига сотувчиларни ёллайди. Иккинчи йилда сотув ҳажми 20000 долларга етади ва компания Санта Моникада ўзининг илк дўконини очади. Фил маҳсулотнинг сотилиши масалалари тўғрисида бош қотираётган бир пайтда, Бауэрмен югуриш техникаси ҳақида китоб ёзди ва у миллионлаб нусхада сотилди. Бу “Blue Ribbon Sports” учун ҳақиқий инноватив реклама бўлди.

Билл доим янгиликка ўч эди. У “Онитсука” оёқ кийимларини янада такомиллаштиришни хоҳларди. Уларни яна ҳам енгилроқ ва юмшоқ материаллардан тайёрлашни мақсад қилаётганди. Ўз лойиҳасини Япониядаги раҳбарларга юборади. Бауэрмен уларга мукаммал пойабзал дизайнини яратиб беради ва уни “Кортез” деб номлайди.

1968 йилда “Кортез” энг кўп нусхада сотилган оёқ кийим бўлади. Сабаби шу йилда Мехикода ёзги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтганди. 1969 йилда “Кортез” 300000 АҚШ доллари миқдорида сотилди. У шу қадар муваффақият қозондики, компания америкаликларнинг маҳсулотга бўлган талабларини қондира олмай қолди. Япониядан қанча кўп нусхада “Кортез” келса, унга бўлган талаб шундай кўплигича тураверарди. “Онитсука” раҳбарияти эса аввало, япон бозорини маҳсулот билан таъминлаб, ортганларинигина АҚШга юборар эди.

Фил ва Билл Америкадаги дилерлар мақомидан қутулиш пайти келди, деб ҳисоблашди. “Кортез” Бауэрменнинг лойиҳаси эди, бироқ “Онитсука” эгалари уларни етарлича маҳсулот билан таъминлай олишмади. Уларнинг бахтига, ўзаро шартнома муддати якунланиб бораётганди. Улар асос солиш арафасида бўлган янги компаниянинг муваффақияти 1972 йилда ўтказилган Мюнхен Олимпиадаси билан чамбарчас боғлиқ.

1971 йилда Фил янги бренд номи устида ишлай бошлайди. У компанияни ташкил этганда ишга олган биринчи ходими унга янги брендни «NIKE» деб номлашни тавсия қилади. Бу қадимги юнонларда ғалаба худосининг номи саналарди. Лого танлашда ҳам Фил таваккалчиликнинг энг содда йўлини тутди ва бу иш берди. У ўзига энг яқин бўлган университетга борди ва график дизайн йўналишида таҳсил олувчи илк учратган талабасидан янги компанияси учун лого ясаб беришни сўрайди. Каролин Дэвидсон Фил Найт таклиф қилган 35 доллар эвазига келгусида даромади 50 млрд доллардан ошиб кетувчи компания учун тарихий логони ясайди. Солиштириш учун, Стив Жобс қиймати ярим миллиардга ҳам етиб бормаган “NeXT” бренди учун логони 150 минг доллар эвазига чиздирган.

Бренд масаласи тўлиқ ҳал этилгач, Фил Олимпиадага ўзини тўлиқ тайёр ҳолатда ҳис этди. Энди унда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар, япон раҳбарларига бўйсуниш мажбурияти каби қийинчиликлар йўқ эди. У эркин бизнесда муваффақиятлироқ бўлиб чиқди. 1989 йилга келиб “NIKE” дунёнинг энг оммабоп спорт пойабзаллари брендига айланди. Бунда муваффақиятли брендинг ва “Just do it” слогани катта ўрин тутди.

“NIKE” дунёнинг энг машҳур спортчилари билан шахсий шартномалар йўлида жуда фаол бўлди. Майкл Жордан билан тузилган шартнома ва “Эйр Жордан” лойиҳаси компанияга мислсиз муваффақият келтирди. Афсонавий голфчи Тайгер Вудс ва теннисдаги “маэстро” Роже Федерер билан тузилган шартномалар ҳам компания ривожида катта ўрин тутди. 2000 йилдан эътиборан “Nike” дунёнинг энг томошабоп чемпионати – Англия Премьер-лигаси билан шартномага эга. Ушбу компаниянинг муваффақиятида дунё спортидаги катта номлар билан тузилган шартномалар катта роль ўйнади.

2020 йилнинг май ойи натижаларига кўра, “Nike” компаниясининг баҳоси 37,6 млрд евро, деб кўрсатилган. Унда дунё бўйлаб жами 75400та ишчи фаолият олиб боради. 2020 йилда соф даромад 2,54 млрд еврони ташкил этди. Ушбу йил статистикаларига кўра, компаниянинг жаҳон бўйича 45та давлатда расмий офислари бор. 700дан ортиқ дўконлар тармоғи билан шартномаларга эга.

2021 йилда “Nike” дўконлари Ер шари бўйича 1048тага етган.

Абдулбасид Валихонов тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар