Токио-2020 кундалиги: Биринчи кунда ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси муваффақиятсизликка учради

Спорт 19:14 / 24.07.2021 41144

Биринчи кундаги мусобақаларда иштирок этган 11 спортчининг аксари турнир билан эрта хайрлашди. Айниқса, дзюдочи Шарофиддин Лутфуллаев, боксчи Санжар Турсунов ҳамда теннисчи Денис Истомин биринчи кундаёқ турнирдаги иштирокини тўхтатиши кутилмаган ҳолат бўлди.

Ўқ отиш

Аввалига Тошкент вақти билан тонг саҳар 04:30да 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш бўйича Мухтасар Тоҳирова иштирокини бошлади. Саралашда 622,2 очко тўплаган Мухтасар 50 спортчи ичида 33-ўринни олди ва саралашдан ўта олмади. Квалификацияда энг яхши 8 ўринни қўлга киритган спортчилар финалга чиқишди.

Токио олимпиадасининг илк медали ҳам айнан шу спортда ўз эгасини топди. Хитойлик Янг Киан олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистонлик Мухтасар Тоҳировада олимпиада совриндори бўлиш учун ҳали имконият бор. У 31 июл куни 50 метрдан ўқ отиш бўйича мусобақаларда иштирок этади.

Қиличбозлик

Қиличбозларимиз учун ҳам бугунги кун муваффақиятсиз кечди. Шпага йўналишида 1/32 финалда иштирок этган Ўзбекистон миллий жамоаси вакили Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга 10:15 ҳисобида имкониятни бой берди. Эркаклар ўртасида мусобақаларда қатнашган Шерзод Мамутов сабля йўналишида руминиялик Юлиан Теодосиуга 11:15 ҳисобида мағлуб бўлди.

Эшкак эшиш. Имконият сақлаб қолинди

Академик эшкак эшиш бўйича 2000 метрга ўтказилган баҳсларда ўзбекистонлик спортчилар ҳам қатнашди. Собиржон Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев жуфтлик баҳсларида 6 жамоа ичида маррага тўртинчи бўлиб етиб борди. Эндиликда ўзбекистонлик спортчилар кейинги босқичга чиқиш учун ўтиш ўйинларида иштирок этади. Яъни уларда медаллар учун курашиш имконияти сақланиб қолди.

Дзюдо

Олимпиадага тўлиқ таркибда (11 киши) йўл олган дзюдо жамоаси ҳам мағлубият билан бошлади. -60 кг вазн тоифасида Шарофиддин Лутфуллаев украиналик Артём Лесюкка ютқазиб, мусобақани тарк этди.

Бокс. Кутилмаган мағлубият

Бокс баҳслари ҳам ўзбекистонлик спортчилар учун ёмон бошланди. Аёллар ўртасидаги -69 кг вазн тоифасида жангларда қатнашган Шаҳноза Юнусова биринчи босқичда польшалик Европа чемпиони Каролина Кожевскага мағлуб бўлди. 3 раундлик жанг 5:0 ҳисобида польшалик спортчи фойдасига ҳал бўлди.

 

Эркаклар мусобақаларида ҳам жанглар мағлубият билан бошланди. -91 кг вазнда рингга чиққан Санжар Турсунов кутилмаганда ўзидан 12 ёш катта жазоирлик Абдулҳафид Беншалага 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Теннис. Денис эрта якунлади

Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин ҳам мусобақани эрта якунлади. Ўзининг энг яхши ҳолатида бўлмаган Истомин рейтингда ўзидан (197-ўрин) 37 поғона юқорида бўлган (160-ўрин) ҳиндистонлик Сумит Нагалга уч сетда имкониятни бой берди – 4:6, 7:6, 4:6. Иккинчи сетда Истомин камбэк қилганди, бироқ бу унга ғалаба учун етарли бўлмади.

Велоспорт. Холмуродов маррага етиб борди

Велоспортчимиз Муроджон Холмуродов 132 спортчи орасида 64-бўлиб маррага етиб борди. Бу мусобақаларда ҳамма ҳам маррага етиб боравермайди. Муроджон 234 км масофани 6 соат 21,46 дақиқада босиб ўтди.

Спорт гимнастикаси

Расулжон Aбдураҳимов Спорт гимнастикасининг кўпкураш йўналиши бўйича ҳам Токио-2020 доирасида иштирокини якунлади.

У таяниб сакрашда 13.833, параллел тўсинда 14.733, турникда 13.033, эркин машқда 12.566, спорт отида 12.166, ҳалқада 12.733, жами 79.064 балл тўплади, аммо унинг натижаси финал йўлланмаси учун етарли бўлмади - 49 ўрин.

«Қайд этилган натижалардан шундай хулоса қилиш мумкин: вакилларимизни ҳаяжон қийнаб қўймоқда ёки кеча бўлиб ўтган очилиш маросими уларни анча толиқтириб қўйган. Умид қиламизки, эртадан ғалабали онларимиз бошланади», дейилади вазирлик хабарида.

Спорт журналисти, эксперт Азамат Муродовнинг фикрича, ҳозирча, Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи, медалга даъвогар бўлган спортчилари ўз иштирокларини бошлашгани йўқ. У кейинги кунги мусобақаларда иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчиларга омад тилаб, улар ғалаба қозона бошлашига ишонч билдирган.

Кўпроқ янгиликлар