Тошкент давлат транспорт университети делегацияси Санкт-Петербургда: ҳамкорликнинг янги босқичи бошланяпти

Ўзбекистон 18:53 / 10.06.2021 3950

Тошкент давлат транспорт университети делегацияси Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб қайтди.

Сафар давомида университет проректорлари Баҳодир Тўраев ва Абдулазиз Гулямов Петербург давлат йўл алоқалари университети раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувда Петербург университети биринчи проректори Тамила Титова билан таълим соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Халқаро транспорт таълимини ривожлантириш механизмлари ва устувор вазифалари, ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим йўналишлари, илм-фан соҳасида ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари таҳлил қилинди.

Мулоқот давомида бир қатор келишувларга эришилди.

Хусусан, 2021/2022 ўқув йилидан икки томонлама диплом берувчи 1+1 шаклидаги қўшма таълим дастурига мувофиқ 7 та мутахассислик бўйича магистратура босқичига талабалар қабул қилинади.

Шунингдек, транспорт таълими ривожланишининг инновацион йўлини таъминлаш, соҳада илмий тадқиқотлар натижалари рақобатбардошлигини ошириш, улардан иқтисодиётни ривожлантириш манфаатлари йўлида фойдаланишни жадаллаштириш мақсадида ҳамкорликда Тошкент давлат транспорти университети қошида Темир йўл транспортида илмий-татбиқ эксперт марказини ташкил этиш режалаштирилди.

Россия, Германия, Хитой, Испания, Япония, Африка давлатлари билан ҳамкорликда Тезюрар транспорт тизимлари йўналиши бўйича кўп тармоқли университет таълим дастурини яратишга келишилди. Унга мувофиқ 2021/2022 ўқув йилидан кўп тармоқли университетга қабул қилинган бакалавр талабалари ягона таълим дастури асосида 7 та давлатлар транспорт университетларига бир семестр учун ўқишга юборилади. Натижада битирувчилар ҳамкор давлат университетларининг дипломларига эга бўлади.

P/S: Ҳозирги вақтда Петербург давлат йўл алоқалари университетида Тошкент давлат транспорт университетидан 29 нафар аспирант ҳамда докторантлар турли мутахассисликлар бўйича таҳсил олмоқда.  

Тошкент давлат транспорт университети ахборот хизмати Ⓣ

Кўпроқ янгиликлар