ЮНЕСКО вакиллари Шаҳрисабзда тарихий ёдгорликлар ҳолатини ўрганмоқда

Ўзбекистон 16:14 / 08.04.2021 522

Маълум бўлишича, Франция шаҳарсозлик институти мутахассиси Эрик Ҳойбрехт ва ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектларини ўрганиш бошқармаси эксперти Кристина Ияманди Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб турибди. Улар бу шаҳардаги тарихий ёдгорликлар ҳолатини ўрганмоқда.

2019 йил ЮНЕСКОнинг Боку шаҳрида ўтган 40-сессиясида Шаҳрисабзнинг бу ташкилот Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқарилмаслиги учун асосларни тақдим этишига 2 йил муддат берилган. Ўзбекистон томони ана шу 2 йил ичида шаҳарни регенерация қилиш режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш мажбуриятини олган эди.

Белгиланган муддат жорий йилда тугаши муносабати билан ЮНЕСКО талаблари асосида ташкилот томонидан Шаҳрисабзда текширув ўтказилади. Унда Ўзбекистон мазкур шаҳардаги тарихий ёдгорликларни сақлаш, реставрация қилиш ишларида халқаро консервация услубларига қанчалик амал қилинаётгани, тарихий ёдгорликлардан бошқа мақсадларда фойдаланилмаётганини исботлаши керак бўлади.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймоновнинг маълумот беришича, май ойида ҳам бу шаҳарга ЮНЕСКО мутахассисларидан иборат гуруҳ келади ва тарихий ёдгорликларни кўздан кечиради.

«ЮНЕСКОнинг жорий йил июль ойида ўтказиладиган 44-сессиясида шаҳримиздаги ҳолат холисона керакли ҳужжатлар билан асосланишини илтимос қиламан. ЮНЕСКОнинг май ойида келадиган ўрганиш гуруҳига барча шароит яратиб берилади. Халқимизнинг 3000 йиллик, шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур тарихини оммага ўз ҳолида етказиш учун ҳам Шаҳрисабз шаҳри ЮНЕСКО рўйхатида бўлиши биз учун муҳим», – деган Акром Сулаймонов.

Кўпроқ янгиликлар