Иордания подшоҳи мамлакатдаги исён бостирилганини эълон қилди

Жаҳон 23:30 / 07.04.2021 3166

Petra нашрининг хабар беришича, подшоҳ ўз мурожаатида армия ва хавфсизлик кучлари исённи бошланғич босқичида бостира олганини маълум қилган.

“Бугун мен сизга мурожаат қилмоқдаман. Подшоҳликнинг барқарорлиги ва хавфсизлигига ҳеч ким ва ҳеч нарса раҳна солмаяпти. Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, нифоқ тўхтади”, деб айтган подшоҳ ўз мурожаатида. 

 Абдулла IIнинг таъкидлашича, ошкор қилинган фитнада ички ва ташқи кучлар иштирок этган. Подшоҳ тўнтарувга уринишга алоқадорликда айбланаётган укаси - собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайн “ҳозирда саройда ўз оиласи билан бирга эканини, унинг масаласи оила ичида ҳал қилинишини” айтган.

Иорданияда давлат тўнтарувига уринишда гумон қилиниб подшоҳлик оиласи аъзоси Шариф Ҳасан бин Зайд, Абдулла IIнинг собиқ маслаҳатчиси Бассам Авадалла ва шаҳзода Ҳамза ҳибсга олинганди. Бундан ташқари, бир неча юқори лавозимли зобитлар, маҳаллий бедуин қабилалари етакчилари ва номи ошкор қилинмаган разведка агентлиги аъзолари ҳам ҳибсга олинган.

Абдулла II Иорданияга 1999 йилдан бери ҳукмдорлик қилиб келади. У тахтни эгаллагунча подшоҳлик армияси махсус кучларига қўмондонлик қилган.

Кўпроқ янгиликлар