ЖК лойиҳасида бир қатор жиноятларни чиқариб ташлаш ва айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда

Ўзбекистон 12:28 / 23.02.2021 9918

Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида бир қатор жиноятлар декриминализация қилинмоқда, айрим ҳаракатлар учун эса янги жиноий жавобгарликлар жорий қилинмоқда.

Лойиҳада қуйидаги жиноятларни декриминализация қилиш (жиноятлар сафидан чиқариб ташлаш) назарда тутилмоқда:

  • сохта тадбиркорлик (179-модда);
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (183-модда);
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш (189-модда);
  • қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш (191-модда);
  • рақобатчини обрўсизлантириш (192-модда);
  • диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш (216-2-модда);
  • жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик (221-модда);
  • ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш (225-модда);
  • диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш (229-2-модда);
  • диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш (244-3-модда).

Кодекс лойиҳасида бир қатор ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик жорий этиш белгиланмоқда.

Инсонда ноқонуний тажриба ўтказиш
Инсонни унинг (қонуний вакилининг) ёзма розилигисиз объект сифатида жалб этиб ёки бошқача тартибда ноқонуний равишда унда дори воситаларининг тиббий синовини ёки биологик-тиббий, психологик ёки бошқача усулда соғлиққа оғир зиён етказилишига сабаб бўладиган тажриба ёхуд тадқиқот ўтказганлик жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш;
Ўзбошимчалик билан жазолаш;

Ушбу жиноят муайян қилмишни содир этган ёки содир этишда гумон қилинган шахсни ўзбошимчалик билан жазолаш мақсадида унга зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказишда намоён бўлади.

Митинглар, йиғилишлар ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш
Ушбу жиноят митинглар, йиғилишлар, намойишлар ва бошқа қонуний тадбирларни ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш ёки уларда иштирок этишга мажбур этиш хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ёки зўрлик ишлатиб, алдаб, қўрқитиб ёхуд бошқа ғайриқонуний усуллар билан содир этишни назарда тутмоқда.

Шантаж
Ўзгадан номулкий хусусиятга эга бўлган ҳаракатни содир этишга ёки содир этишдан ўзини тийишга мажбур қилиш мақсадида жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиш шантаж сифатида баҳоланмоқда.

Инсайдерлик маълумотлари бўйича ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошириш
Лойиҳада қасддан инсайдерлик маълумотларини қимматбаҳо қоғозлар бўйича шартнома тузишда ёки қасддан инсайдерлик маълумотларини учинчи шахсларга бериш ёки инсайдерлик маълумотларидан ғайриқонуний танишиш имкониятини бериш, шунингдек, инсайдерлик маълумотларига асосланган ҳолда қасддан учинчи шахсларга қимматбаҳо қоғозлар бўйича шартнома тузиш ҳақида тавсиялар бериш, агар ушбу ҳаракатлар фуқарога, ташкилотга ёки давлатга кўп миқдордаги зарар етказган бўлса, ушбу ҳаракатни жиноят сифатида эътироф этиш таклиф қилинмоқда.

Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг мансаб сохтакорлиги
Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши, шунингдек, электрон ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш, электрон тизимлардан фойдаланган ҳолда сохта ҳужжатнинг нусхасини тақдим этиши юқоридаги жиноятнинг таърифи сифатида келтирилмоқда.

Ота ёки онанинг ўз чақалоғини сотиши
Одам савдоси (одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ота ёки онанинг ўз боласини моддий манфаатдорлик эвазига сотиши учун ҳам жавобгарлик қўллаш назарда тутилмоқда.

Журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш
Журналистни ахборотни тарқатишга ёки тарқатмасликка мажбурлаш мақсадида ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб журналистга ёхуд унинг яқин қариндошига зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитганлик журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш дея таърифланмоқда.

Ноқонуний бойиш
Давлат хизматчисининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилганидан ортиқ пул маблағлари ёки мол-мулкка ноқонуний эга бўлиши ёки шундай мулкни орттириши анча миқдорда содир этилган бўлса, ушбу модда бўйича жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар