Лицензия шартномасини тузиш амалиёти бекор қилинмоқда

Ўзбекистон 19:00 / 12.01.2021 6212

Парламентнинг қуйи палатасида лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда соҳадаги миллий қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида қонун лойиҳаси таклифи илгари сурилмоқда.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Билдирилаётган таклифлар қуйидагича:

– амалдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар бирлаштирилиб, ягона қонун қабул қилиш;

– лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг танқидий таҳлили асосида мазкур ҳужжатларни қисқартириш (лицензияланадиган фаолият турлари 70тага ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар 34тага);

– лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарномаларнинг тугал рўйхатларини тасдиқлаш ва мазкур ҳужжатлар ҳамда хабарномаларнинг мазкур қонунда назарда тутилмаган янги турлари жорий этилишини тақиқлаш;

– лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш фақатгина электрон тарзда ихтисослаштирилган махсус электрон тизим – «Лицензия» ахборот тизими (шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали амалга оширилиши;

– юридик шахсларнинг филиал ва ваколатхоналари томонидан лицензияланадиган, рухсатнома олиш ёки хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турларини амалга ошириш амалиётини жорий этиш;

– хорижий мамлакатлар (Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон Республикаси, Украина) амалиётидан келиб чиқиб, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларини амалга оширишнинг асосий принципларини белгилаш;

– лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар электрон шаклда берилиши муносабати билан уларнинг дубликатини бериш, шунингдек, лицензия шартномасини тузиш институтини (амалиёти) бекор қилиш;

– талабгорларнинг лицензия ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаш;

банк, тўлов тизимлари операторларининг ва тўлов ташкилотларининг фаолияти учун лицензиялар чақириб олиниши институтини жорий этиш. Бунда мазкур лицензияларни чақириб олиш асослари ва тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади;

хабардор этиш орқали фаолиятни амалга оширишнинг тартиби ва механизмини тўлиқ очиб бериш, жумладан, хабардор этиш тартибидаги фаолиятни амалга оширишнинг талаблари ва шартлари, хабардор қилувчининг фаолиятини тўхтатиш, қайта тиклаш ва тугатиш тартиби, хабарномалар махсус электрон тизим томонидан автоматик тарзда қабул қилинмайдиган ҳолатлар.

Муҳокамалар жараёнида «Адолат» СДП фракцияси томонидан мазкур қонуннинг қабул қилиниши лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш, ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш орқали ҳуқуқий тартибга солишни соддалаштириш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланган.

Кўпроқ янгиликлар