Интерпол Байрутдаги портлаш иши бўйича 2 россияликни қидирувга берди

Жаҳон 22:48 / 12.01.2021 6811

Интерпол 2020 йил августда Байрутда юз берган кучли портлаш иши бўйича 2 россиялик ва бир португалияликни қидирувга берди. “Қизил билдиришлар” Байрутдаги портлашга сабаб бўлган аммоний нитратини 2013 йилда Байрут портига келтирган Rhosus кемаси эгаси ва капитанига ҳамда ушбу моддани сотиш билан шуғулланувчи португалияликка нисбатан чиқарилган.

2020 йил октябрда Ливан суди кема эгаси ва капитанини ҳибсга олиш учун халқаро ордер беришни сўраган.          

Интерпол қидирилаётган шахсларнинг исмларини очиқламаган, бироқ Ливан матбуотининг таъкидлашича, гап кема капитани Борис Прокошев ва кема эгаси, Кипрда яшовчи россиялик бизнесмен Игор Гречушкин ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, 2014 йилда Байрут портига туширилган аммоний нитратни кўздан кечирган португалиялик Жоржи Мануэла Нету Морейру ҳам қидирувга берилган.  

Интерполнинг “қизил билдириши” у бўйича қидирувга берилган кишиларнинг давлатлар томонидан тезда ҳибсга олинишини талаб этмайди. Бу бажарилиши шарт бўлган ордер ҳисобланмайди.

Байрут портидаги портлаш 2020 йил 4 августда юз берганди. Ўшанда портда бир неча йил давомида сақланиб келган 2,7 минг тонна аммоний нитратнинг портлаши оқибатида 200га яқин киши ҳалок бўлган, 6,5 минг киши жароҳат олган, 300 мингдан кўпроқ киши бошпанасиз қолган. Бунинг ортида Ливанда ҳукуматга қарши норозиликлар бошланган. Намойишчилар ҳукуматни одамларнинг ўлимига олиб келган лоқайдликда айблашган.

Кўпроқ янгиликлар