Молия вазирлиги 2021 йилги солиқ сиёсати бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди

Иқтисодиёт 20:10 / 26.11.2020 11721

2021 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҚҚС (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, алоҳида тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар - 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари - 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4 фоиз) ставкаларини сақлаб қолиниши назарда тутилади.

Шу билан бирга, 2021 йилги солиқ сиёсати Солиқ кодексининг тўғридан тўғри амал қилишини, экспорт қилувчиларни янада қўллаб-қувватлашни, солиқ юкининг адолатли тақсимланишини ва табиий ресурсларидан самарали фойдаланилиши оширилишини таъминлашни назарда тутувчи солиқ ислоҳотларини давом эттиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида Солиқ кодекси таркибига акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ставкаларини, шунингдек, ушбу ставкаларни қўллаш билан боғлиқ айрим нормалар киритилиши назарда тутилган. 2020 йил учун ушбу ставкалар Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни билан белгиланган эди.

2021 йил учун ушбу ставкалар қуйидаги тарзда ўзгартирилди:

а) акциз солиғи бўйича импорт ва ишлаб чиқариш учун акциз солиғи аксарият ставкаларини тенглаштириш назарда тутилади. Шу билан бирга, мутлақ миқдорда белгиланган акциз солиғи ставкалари индексация қилинган

(2020 йил 1 апрелдан уларнинг назарда тутилган индексациясини бекор қилинганини ҳисобга олган ҳолда).

Шу муносабат билан, акциз солиғи ставкалари 2021 йил 1 февралдан бошлаб индексация қилинмоқда. Бунда, алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивога, шунингдек, тамаки маҳсулотлари учун 2 босқичда: 2021 йил 1 февралдан бошлаб - 2020 йилда уларни индексация қилиниши рад этилганлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда 2021 йил 1 сентябрдан - ўртача 7,5 фоизга индексация қилинмоқда.

Импорт бўйича 73та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар (шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.)), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар (музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.)) ва ҳ.к. Бу тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни таъминлашга имкон беради.

Мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шаxслар учун мобил алоқа xизматлари учун акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилмоқда.

б) ер солиғи бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, республика ҳудудлари кесимида мутлақ катталикда, улар 15 фоиз индексация қилинишини ҳисобга олган ҳолда, базавий солиқ ставкаси белгиланмоқда;

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи ставкалари ҳар йиллик индексация қилиниши ставкалар мутлақ катталикда (сўм) белгиланганлиги билан изоҳланади ва ер солиғининг бюджет умумий тушумларидаги улушини сақлаб қолишга имконият беради.

Бунда, солиқ ставкаларининг аниқ миқдори маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг нуфузли туман ва иқтисодий ривожланишига қараб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда Солиқ кодексида белгиланган ставкалар асосида аниқланади.

в) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ставкаси солиқ тўловчиларнинг тоифалари кесимида, шунингдек, белгиланган мақсадларда ишлатиладиган сув ҳажми қисмида белгиланмоқда, бу солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ҳар хил мақсадлар учун ишлатиладиган сув ресурслари ҳажмининг ҳисобини алоҳида юритишни тақозо этади. Ушбу чора-тадбирлар сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ставкалари 15 фоизга, ушбу ставкаларни саноат корхоналари учун белгиланган ягона солиқ ставкасига босқичма-босқич етказиш мақсадида, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари учун 30 фоизга индексация қилинмоқда. Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун ишлатиладиган сув ҳажми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича эса 1 куб метри учун 40 сўм ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан тушум ҳажмидан қатьий назар қуйидагилар ҳисобига ҚҚС тўлайдиган корхоналар доирасини кенгайтириш назарда тутилган: алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, шунингдек, бозорлар ва савдо комплекслари.

Бу фаолиятни амалга оширишга тенг шароитларни яратиш ва солиқ бўйича ҚҚС тўловчи корхоналардан фойда улушини ушбу солиқни тўламайдиган шахсларга тақсимлаб ўтказиш ҳисобига тушумларни пасайтиришни олдини олишга имкон яратади.

Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони билан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар бўлган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосида ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилган. Ушбу нормани келгусида ҳам сақлаб қолиш ва уни Солиқ кодексида доимий равишда назарда тутиш таклиф этилади.

Қонун лойиҳасида валюта тушуми суммаси тушишидан қатъий назар ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти назарда тутилмоқда. Бу консигнация (тўловни кечиктириш) шартлари билан экспортга товарларни жўнатишни амалга оширувчи экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга ва айланма маблағларини банд қилишни олдини олишга имкон беради. Ушбу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ- 5989-сонли Фармонига мувофиқ фақатгина тўқимачилик корxоналарида мавжуд эди.

Пенсияларни ҳисоблаш тартибини соддалаштириш мақсадида жисмоний шахсларнинг айрим тоифаси учун ижтимоий солиқ ставкаларини унификация қилиш таклиф этилади. Шундай қилиб, Қонун лойиҳасида ўзини-ўзи банд қилган жисмоний шахслар, “Уста-шогирд” мактаблари ўқувчилари - улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даври, деҳқон хўжаликлари, шунингдек меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида ижтимоий солиқ тўланишини назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича камайтирилган ставканинг 0,2 дан 0,4 фоизгача ва алоҳида объектлар ва ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи коэффициентнинг 0,1 фоиздан 0,25 фоизгача оширилиши назарда тутилмоқда. Бу уларни мол-мулк солиғи ва ер солиғининг базавий ставкага босқичма-босқич етказиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз: мол-мулк солиғи бўйича камайтирилган ставка ва ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициент аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан 2020 йил 1 январдан киритилди. Ушбу чоралар кўчмас мулк объектларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларини тўлиқ ҳисобини юритишни таъминлаш мақсадида киритилган.

Фермер хўжаликлари учун ягона ер солиғини бекор қилиш билан бирга (2020 йил 1 январдан), ер солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни норматив қийматдан келиб чиқиб солиқ солиш тартиби сақлаб қолинган. Мазкур даврдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари мавжуд бўлган бошқа юридик шахсларга ҳам ушбу тартиб татбиқ этилди. Бунда, мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари (2019 йил 1 январдан) учун ер тоифаси (суғориладиган ва суғорилмайдиган) ва балл бонитетига қараб белгиланган ставкадан келиб чиқиб ер солиғини ҳисоблаб чиқариш тартиби сақлаб қолинган.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга ягона солиқ солиш тартибини белгилаш мақсадида, Қонун лойиҳасида мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналарини қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар каби ер солиғи ставкасини белгилаган ҳолда, ер солиғини ҳисоблаб чиқаришга қайтиш назарда тутилмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича алоҳида қурилиш фойдали қазилмалари бўйича ставкалар унификация қилинмоқда. Бу норуда фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ва уларни, айниқса дарё ўзанларидан, самарали қазиб олишини таъминлашга қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг амалий таъсири ва самарадорлигини мониторинг ва таҳлил қилиш доирасида мутахассислар, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек солиқ маслаҳатчилари ва экспертларнинг таклифларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича алоҳида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан батафсил бу ерда танишиб чиқиш мумкин.

Кўпроқ янгиликлар