Саудия Арабистони G20’да раисликни Италияга топширди 

Жаҳон 22:31 / 22.11.2020 3558

“Биз Италияга келаси йил ўзида G20’ни ўтказишида муваффақият тилаб қоламиз”, деб айтган Саудия Арабистони подшоҳи “йигирматалик”нинг 21-22 ноябрь кунлари видеоанжуман шаклида ўтган саммитининг якуний йиғилишида. 

“Саудия Арабистони “йигирматалик”да ечимларни топиш мақсадида муҳим роль ўйнашни давом эттиради. Биз одамларга кўпроқ имконият бериш ва сайёрамизни сақлаш учун Йигирматалик гуруҳида ишни давом эттирамиз”, деб қўшимча қилган подшоҳ.     

Унинг таъкидлашича, G20 коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ўз мажбуриятларини бажарди. “Йигирматалик”нинг жорий йилдаги сўнгги учрашувида бош мавзу коронавирусга қарши кураш ва унинг жаҳон иқтисодиётига таъсири бўлди. Гуруҳга кирувчи давлатлар етакчилари пандемия келтириб чиқарган инқирозга қарши кураш бўйича кейинги қадамлар, энг кўп жабр кўрган давлатларга ёрдам бериш, вакцина ишлаб чиқиш ва келажакда янги пандемиялар юз беришига тайёр туришни муҳокама қилишган.    

G20 дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган йирик давлатларининг норасмий бирлашмаси бўлиб, 1999 йилдан бери фаолият юритади. G20’га 19та давлат - Австралия, Аргентина, Бразилия, Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, ЖАР, Жанубий Корея, Япония ва Европа иттифоқи аъзо ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, “йигирматалик”ка кирувчи давлатларда дунё аҳолисининг 64 фоизи яшайди ва уларга жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 80 фоизи тўғри келади. 

Гуруҳнинг фаолияти глобал иқтисодий барқарорликка эришиш, молиявий инқирозлар хавфларини камайтириш ва барқарор ўсиш учун шароитлар яратишга қаратилган.

Италия гуруҳга 2021 йилда раислик қилади. Раислик қилувчи давлат “йигирматалик” фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди.

Кўпроқ янгиликлар