Агробанк: Зангиота туманида банк молиявий кўмаги асосида замонавий иссиқхона фаолияти йўлга қўйилди

Ўзбекистон 09:01 / 21.11.2020 3253

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

 Бу борада мамлакатимизнинг етакчи банкларидан бири «Агробанк» АТБ томонидан тадбиркорларнинг тижорий лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иш олиб борилмоқда.

Буни мазкур туманда фаолият бошлаган «GIGANT GREEN EХPORT» МЧЖ замонавий иссиқхона лойиҳаси мисолида кўриш мумкин.

Ушбу лойиҳа «Агробанк» АТБ ҳамкорлигида жорий йилнинг сентябр ойида ишга туширилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,9 миллион доллар бўлиб, шундан 3,9 миллион доллар миқдоридаги маблағ банк ҳиссасига тўғри келади.

Гидропоника усулида экилган иссиқхонадаги помидор кўчатлари айни ҳосил беришни бошлаган. Парвариш жараёни Туркия ва Испания технологиялари асосидаги ускуналар ёрдамида бошқарилади.

Ҳаво ҳарорати ва намлигини меъёрида сақлаш, кўчатларни ўғит ва озуқа билан ўз вақтида таъминлаш, ҳар бир томчи сувнинг етказиб берилиши аниқ ҳисоб-китоб асосидаги компютерлаштирилган тизим назоратида бўлади.  

Тадбиркорлар декабр ойининг ўрталарида биринчи ҳосилни бозорга чиқаришни мўлжаллашмоқда. Экспортбоп маҳсулот етиштириш нафақат замонавий ускуналар, балки ўзига хос парвариш технологиясига ҳам боғлиқ. Шу боис ҳам иссиқхонадаги агротехник тадбирлар туркиялик мутахассислар ҳамкорлигида олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳа йилига 1000 тоннадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринлари яратилиши имкониятини бераётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

«Агробанк» АТБ Матбуот хизмати

Кўпроқ янгиликлар